Португалиялик тажрибали мутахассис Рубен Аморимдан “Манчестер Юнайтед”нинг мухлислари катта умид қилганди. Аммо реал воқелик умидлардан анча узоқ чиқди. Жамоа яна инқироз гирдобида қолмоқда, мураббий эса айни вазиятдан чиқиш йўлини топа олмаяпти.
Англия Премьер-лигасининг олтинчи турида “қизил иблислар” сафарда “Брентфорд”га қарши майдонга тушди ва кутилмаган ҳолда 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу мағлубиятдан кейин “Манчестер Юнайтед” жадвалда 14-поғонага тушиб кетди. Бу рақам жамоанинг нуфузига мутлақо тўғри келмайди ва мухлислар орасида жиддий хавотир уйғотмоқда.
Centredevils нашри тарқатган хабарларда таъкидланишича, Аморим “Олд Траффорд”даги турли муваффақиятсизликлар ва ички босимлардан кейин руҳан “синиб” қолган. Унинг жамоадаги кайфияти ва иш услубида олдинги ишончли ва қатьиятли Аморимдан асар ҳам қолмагани айтилаяпти.
Клуб ичидаги инсайдерлар эса мураббийга нисбатан “ёлғиз одам” деган таърифни қўллай бошлаган. Бу атама унинг жамоа билан тўлиқ уйғунлик топа олмаётганини ва керакли қўллаб-қувватлашдан йироқ эканини кўрсатиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Рубен Аморим Португалияда “Спортинг” билан катта натижаларга эришиб, машҳурликка эга бўлганди. У ўтган йил ноябр ойида “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти таклифига кўра клуб бош мураббийи сифатида иш бошлади. Бироқ қарийб бир йил давомида у жамоани инқироздан чиқара олмади, аксинча натижалар янада ёмонлашиб боряпти.
Ҳозирги ҳолатда “Манчестер Юнайтед” учун мавсумнинг кейинги қисми қандай кечиши ва Аморимнинг лавозими қанча вақтгача сақланиши катта савол остида турибди. Мухлислар эса клуб тарихидаги навбатдаги мураббий алмашинуви ҳақидаги миш-мишларни кундан-кунга кўпроқ муҳокама қилмоқда.