date

Конор Макгрегор Трампнинг UFC кечаси учун 100 млн доллар талаб қилди

Конор Макгрегор Трампнинг UFC кечаси учун 100 млн доллар талаб қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 4 июль — Озодлик кунида сўзлаган нутқида 2026 йилнинг 4 июль байрами муносабати билан “Оқ уй”да UFC жанг кечаси ўтказилишини маълум қилганди. Бу воқеа бутун спорт дунёсида катта қизиқиш уйғотди, деб хабар берди The Athletic.

Нутқдан кўп ўтмай, дунё бўйлаб танилган UFC жангчилари ушбу тантанали кечада иштирок этиш истагини билдиришди. Улар орасида Конор Макгрегор ва нафақадаги Жон Жонс ҳам бор. Афсонавий ирландиялик жангчи бир марталик қайтиш учун машғулотларга ҳам киришиб бўлди.

Конор сўнгги пайтларда сиёсий фаоллиги ва президентлик орзулари ҳақида кўп гапирган эди. Аммо энди унинг диққати яна UFC майдонларига қаратилган. Ирландиялик юлдуз спорт оламини яна ҳайратга солди — у Трамп ташкил этаётган UFC кечасида жанг қилиш учун 100 миллион доллар ҳақ сўради.

Мухлислар бу хабарни турлича қабул қилишди. Баъзилар унинг талабини ортиқча деб ҳисобласа, бошқалар “Макгрегор ўз қийматини билади” дейишди.

Қиёс учун: Криштиану Роналду “Ан-Наср” клубида йилига 250 миллион доллар иш ҳақи олади. Аммо UFC ташкилоти 2024 йил давомида барча жангчиларга жами 203 миллион доллар тўлаган. Шунинг учун Конорнинг 100 миллион долларлик талаби спорт оламида шов-шув уйғотди.

Маълумотларга кўра, UFC тарихида бир жангчига энг кўп ҳақ — 30 миллион доллар атрофида тўланган, бу ҳам саудиялик сармоядорлар ёрдамида амалга ошган.

Бироқ Макгрегорнинг талаблари бу билан чекланмаган. У Трампнинг ўзига ҳам “ҳурмат рамзида” шарт қўйган — 100 дона “олтин виза”. Бир дона “олтин виза” тахминан 5 миллион доллар туради ва у Америка фуқаролигини олиш имконини беради.

Оддий ҳисоб билан айтганда, бу визаларнинг умумий қиймати 500 миллион доллар, жанг ҳақи билан бирга эса жами 600 миллион доллардан ортиқ маблағни ташкил этади.

Спорт журналистлари таъкидлашича, Макгрегор бу орқали нафақат UFC майдонларига, балки глобал шоу-бизнес саҳнасига ҳам катта қайтишни режалаштирмоқда.

“Конор ҳар гал шов-шув яратишнинг йўлини топади. Бу сафар ҳам у ўзини рекордлар китобида сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”, — деб ёзади ESPN таҳлилчиси.

Шу тариқа, ирландиялик жангчи яна бир бор исботлади: у нафақат октагонда, балки бутун спорт оламида ҳам энг катта сарлавҳаларни яратадиган шахс.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Конор Макгрегор Трампнинг UFC кечаси учун 100 млн доллар талаб қилди