date

Бердиев мағлубиятдан сўнг: «Жуда қийин кунларни бошдан кечиряпмиз!»

Бердиев мағлубиятдан сўнг: «Жуда қийин кунларни бошдан кечиряпмиз!»

Бугун Элит Осиё Чемпионлар Лигасининг (ОЧЛ) 5-тури доирасида Қаршининг «Насаф» клуби ўз майдонида Эроннинг «Трактор» жамоасини қабул қилиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйиндан кейинги анъанавий матбуот анжуманида «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этиб, жамоанинг оғир ҳолати ҳақида очиқ гапирди.

"Ҳужумда енгиллик етишмади"

Мураббий ўйин ҳақида фикр билдирар экан, ҳимоядаги ўйин муваффақиятли бўлмагани ва бу рақибга асқотганини таъкидлади. "Ҳужумда ҳам ишимиз ўхшамади. «Трактор» тартибли ҳимояланди, буни билардик. Жамоамизда нималар бўлаётганини жуда яхши биламан. Тўғриси, жуда қийин кунларни бошдан кечиряпмиз ва ҳозирги кунда ўйинимизни бундан ортиқ кучайтира олмаймиз," — дея афсус билан сўзлади Бердиев. У ҳужумда қандайдир енгиллик етишмаётганини алоҳида қайд этди.

Мураббий сўралган уч нафар футболчининг йўқлиги сабабларини тушунтирди: Зафармурод Абдираҳматов сариқ карточкалар туфайли ўйнай олмади, жароҳат олган Мурод Раҳматов Акмал Мозговой ўрнида кўрилган муҳим йўқотишга айланди, Ойбек Бозоров эса кўпайиб кетган жароҳатлар туфайли қайдномага киритилмади.

"Масъулият аввало ўзимда"

Бердиев 5 та ўйинда 14 та гол ўтказиб юбориш бўйича саволга жавобан: "Кўп хато қилдик деб ўйлайман. Биронта ўйин йўқки, хатосиз ўтказган бўлсак. Мағлубият учун футболчиларни айбламоқчи эмасман, биринчи жавобгар шахс аввало ўзимман," — деб, бутун масъулиятни ўз зиммасига олди.

«Насаф» ҳар доим энг юқори мақсад билан қатнашишини таъкидлаб, ҳозирги ҳолатни изоҳлади: "Ҳозир чемпионликдан бошқаси «Насаф» учун салбий кўрсаткичга айланди... Афсуски, Элит ОЧЛдаги иштирокимиз яхши бўлмади. Ҳатто Суперлигада чемпионликни сақлаб қолишимиз керак эди, лекин уни ҳам қўлдан чиқардик." У клуб даражаси ошгани боис, ҳозирги ҳолати ёмон бўлиб кўринаётганини тан олди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Бердиев мағлубиятдан сўнг: «Жуда қийин кунларни бошдан кечиряпмиз!»