Буну пеналтиларда қаҳрамон: Марокаш Сенегалга қарши финалда ўйнайди...

Африка Миллатлар кубоги иккинчи яримфинали ҳақиқий асаблар синовига айланди. Мезбон Марокаш Нигерияга қарши майдонга тушди ва ўйин давомида ҳар икки жамоа эҳтиёткорликни биринчи ўринга қўйди. Натижада асосий 90 дақиқа ҳам, қўшимча бўлимлар ҳам голсиз якунланди — таблода “0:0”, майдонда эса тинимсиз кураш.
Беллашув тақдири пеналтилар сериясида ҳал бўлди. Ана шу ерда Марокашнинг дарвозабони Яссин Буну саҳнага чиқди: у икки зарбани қайтариб, жамоасини финалга етаклади. Пеналтиларда 4:2 ҳисобида устун келган “мағрибликлар” Работдаги мухлисларини ҳам, бутун мамлакатни ҳам хурсанд қилди.
Шу тариқа 18 январ куни бўлиб ўтадиган финалда Марокаш ва Сенегал ўзаро куч синашади. Нигерия эса мусобақани медаль билан якунлаш учун 17 январ куни Мисрга қарши 3-ўрин учун баҳс олиб боради.
Африка Миллатлар кубоги. Яримфинал
Нигерия — Марокаш 0:0
Пеналтилар серияси — 2:4
14 январь, Работ
Нигерия таркиби: Нвабали, Осайи-Самуэл, Ажайи, Бэсси, Ониемаэчи, Ониека (Чуквуэзе, 120+1), Онидика (Симон, 83), Ивоби, Лукман, Осимҳен (Онуачу, 118), Адамс (Деле-Баширу, 98).
Марокаш таркиби: Буну, Ҳакими, Агуерд, Масина, Мазрауи, Ал Айнауи, Сайбари (Бен-Сегир, 108), Ал Ҳаннус (Игамане, 84), Диас (Аҳомаш, 108), Эззалзули (Ан Носири, 103), Ал Кааби (Таргаллин, 84).
Огоҳлантиришлар: Бэсси (33), Онидика (77).
Энди энг қизиғи олдинда: Сенегалнинг кучли ҳужумига қарши Марокашнинг темирдай иродаси ва Бунунинг “пеналти-блок” кайфияти — финалда қайси тарафнинг асаби бақувват чиқаркин?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!