Кристоф Фроинд Мануел Ножернинг шартномаси ҳақидаги хабарларни рад этди

"Бавария" спорт директори Кристоф Фроинд жамоа сардори Мануел Ножер билан амалдаги шартнома 2027 йилга қадар узайтирилгани ҳақидаги хабарларни инкор этди. Аввалроқ Германия матбуотида 40 ёшли дарвозабон клуб билан келишувга эришгани ва келаси мавсумда асосий таркибдаги ўрнини Йонас Урбиг билан бўлишиши ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Фроинд матбуот анжумани чоғида ушбу миш-мишлардан ҳайратда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, клуб ва футболчи ўртасида ҳали расмий музокаралар ўтказилмаган. Шунга қарамай, спорт директори Ножер билан келажак борасидаги мулоқотлар давом этаётганини ва дарвозабоннинг жамоа учун аҳамияти юқори эканини таъкидлаб ўтди.
Ножернинг ўзи ҳам ҳозирча якуний қарорга келмаганини маълум қилди. Жароҳатдан сўнг сафга қайтган тажрибали посбон Чемпионлар лигаси ва Германия кубоги баҳсларида ишончли ўйин намойиш этмоқда. Шу билан бирга, Мюнхен клуби дарвозабоннинг фаолиятини якунлаш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда ва захира учун янги номзодларни, хусусан, Даниэл Хоер Фернандесни кузатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!