Пенангда ёш дзюдочилар порлади, бир нечта олтин қўлга киритилди

Малайзиянинг Пенанг штатида ўсмирлар ва кичик ёш тоифалари ўртасида ўтказилган “Penang Open International – 2026” халқаро мусобақаси ўзбекистонлик ёш дзюдочилар учун омадли якунланди.
“Judo Sport Club” қошидаги “Pantera Sport” ҳамда “Poytaxt” клублари вакиллари татамида муносиб иштирок этиб, бир қатор юқори натижаларни қайд этишди. Ёш спортчиларимиз нафақат ғалабалар, балки ишонч ва характер намойиш этишди.
Айниқса, олтин медал соҳиблари алоҳида эътиборга лойиқ. Б8 ёш тоифасида (-28 кг) Рустамов Азизбек рақибларини ортда қолдирди. Б11 ёшда (-45 кг) Хамидуллаев Умар чемпионликни қўлга киритди. Б13 ёш тоифасида бир нечта ғалаба қайд этилди — Абдуллоҳ Муродов (-30 кг), Муҳаммадюсуф Қутбиддинов (-50 кг) ва Ботирбой Шоанваров (-55 кг) ўз вазнларида тенгсиз бўлишди. Шунингдек, Б15 ёш тоифасида (-45 кг) Абдураҳимов Муҳаммад ҳам олтин медалга эришди.
Кумуш медал Б13 ёш тоифасида Каримов Муҳаммадали ҳисобига ёзилди. Бронза медал эса шу ёш гуруҳида Абдулборий Абрасулов томонидан қўлга киритилди.
Ушбу натижалар ёш дзюдочиларимизнинг халқаро майдондаги рақобатга тайёр эканини яна бир бор исботлади. Қисқача айтганда, татамида янги авлод чиқяпти — ва улар жиддий келяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!