Ўзбекистонлик дзюдочилар Осиё кубогида 6 та вазнда чемпион бўлишди

Пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида дзюдо бўйича “Cadet and Junior Asian Cup Tashkent 2026” мусобақаси қизғин давом этмоқда. Осиё очиқ кубогининг ёшлар ўртасидаги илк кунги баҳслари ўзбекистонлик дзюдочилар учун жуда муваффақиятли кечди.
Олти юз нафардан зиёд спортчи иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг биринчи кунида 7 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ўзбекистонлик ёш дзюдочилар кадетлар сингари рақибларига нисбатан сезиларли устунликка эга эканини татамида амалда исботлади.
Биринчи кун якунида арена бўйлаб олти марта Ўзбекистон мадҳияси янгради. Давлатимиз байроғи спортчиларимиз ғалабалари шарафига қайта-қайта юқорига кўтарилди. Бу натижа юртимиз дзюдо мактаби ёшлар ўртасида ҳам қитъа миқёсида кучли мавқега эга эканини яна бир бор кўрсатди.
Йигитлар ўртасида -60 кг вазн тоифасида тўлиқ ўзбекча финал ва шоҳсупа қайд этилди. Муҳаммаджон Машарипов олтин медални қўлга киритган бўлса, Муҳаммадқодир Шодмонов кумуш, Дилшод Каримов ва Арапбай Даурбаев бронза медалларига эга чиқди.
-66 кг вазнда Амирхон Низомаддинов барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Иззатбек Рўзиматов кумуш медални қўлга киритди. Ушбу вазнда тожикистонлик Ҳабибулло Муҳаммадрофеи ва Ёсин Бобокалонов бронза медалларига сазовор бўлди.
-73 кг вазн тоифасида ҳам ўзбекистонлик дзюдочилар етакчилик қилди. Иноят Телманов олтин, Санжарбек Ашуров кумуш, Жавлонбек Юсупов эса бронза медалини қўлга киритди. Яна бир бронза Қозоғистон вакили Мирас Иссабаевга насиб этди.
Қизлар ўртасида ҳам ҳамюртларимиз юқори натижа кўрсатди. -48 кг вазнда Дилрух Ҳасанова ғолиб бўлди, Зарина Жамалова иккинчи ўринни эгаллади. Моҳинур Оллаберганова эса бронза медали билан шоҳсупага кўтарилди.
-52 кг вазнда Сабина Азаматова олтин медаль соҳибига айланди. Наргиза Дўстмаматова кумуш медални қўлга киритди, Саодат Қорабоева эса бронза билан тақдирланди. -57 кг вазнда Моҳинур Аллаберганова ва Рамажон Сапарова бронза медалларига сазовор бўлди.
-63 кг вазн тоифасида яна бир ўзбекча финал кузатилди. Адина Абилҳасимова биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Гуласал Облокулова кумуш медални қўлга киритди. Чаросой Ўктамбоева эса бронза медали билан тақдирланди.
Қисқаси, “Cadet and Junior Asian Cup Tashkent 2026” мусобақасининг илк куни Ўзбекистон дзюдоси учун жуда ёрқин ўтди. 6 та олтин медаль, кўплаб совринли ўринлар ва аренада қайта-қайта янграган мадҳия — бу ёшларимиз катта татамиларга тайёрланаётганини кўрсатади. Дзюдомизда захира кучли, келажак эса анча умидли.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!