6 ўйинда 6 та гол! Нури Шаҳин Элдор Шомуродовнинг сермаҳсуллиги сирини очди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Элдор Шомуродов Туркия чемпионатининг дастлабки 6 турида 6 та гол уриб, янги мавсумни ажойиб тарзда бошлади.
- "Истанбул Башакшеҳир" бош мураббийи Нури Шаҳин, Жаҳон чемпионатидан сўнг қисқа таътил олганига қарамай, Шомуродовнинг жисмоний ва психологик жиҳатдан юқори формада эканлигини таъкидлади.
- Шаҳиннинг сўзларига кўра, Шомуродов доимо ривожланиб боради ва жамоа учун майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам муҳим футболчи ҳисобланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов янги мавсумни ҳам фантастик даражада бошлади. Туркия чемпионатининг дастлабки 6 турида 6 та гол уриб улгурган 31 ёшли ҳужумчи ҳақида «Истанбул Башакшеҳир» бош мураббийи Нури Шаҳин ҳайратланарли фикрларни билдирди.
Туркиялик мутахассис тажрибали форварднинг ёзда АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтган Жаҳон чемпионатидан кейин деярли таътилсиз қолганига қарамай, ҳайратланарли даражада барқарор ўйин намойиш этаётганига эътибор қаратди.
«Элдор — ўзига хос шахс»: Нури Шаҳиннинг эътирофи
«Истанбул Башакшеҳир» устози ўзбекистонлик ҳужумчининг профессионаллигини алоҳида мақтади:
«Баъзан баёнотларимизда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Чунки Шомуродов Жаҳон чемпионатидан кейин жуда қисқа таътил олди. Мен футболчиларимга нисбатан адолатсиз бўлишни истамайман. Мундиалдан кейин дарҳол юқори натижалар кўрсатиш жисмоний ва психологик жиҳатдан осон эмас — айрим футболчиларимиз ҳали ҳам бу муаммо билан курашмоқда.
Элдор эса — ўзига хос шахс. У доимо ривожланиб бормоқда. Биз унга қанчалик дам беришга ҳаракат қилмайлик, у майдонда доимо шундай фидойи бўлган, доимо муваффақиятга эришган. Шу сабабли биз унга тўлиқ ҳаракат эркинлигини берамиз. Элдор жамоамиз учун майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам ниҳоятда муҳим professional футболчидир», — деди Нури Шаҳин.
«Рома»нинг хатоси, «Башакшеҳир»нинг омади
Шомуродовнинг Туркияга кўчиб ўтиши фаолиятидаги энг муваффақиятли қадамлардан бири бўлди. Турк клуби дастлаб уни «Рома»дан 3 миллион еврога бир йилга ижарага олган ва ёзда трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олган эди.
Элдор дебют мавсумидаёқ 22 та гол билан Туркия чемпионати тўпурари бўлиб, жамоасининг кучли бешликдан жой олишига бош сабабчи бўлганди.
Шомуродовнинг «Истанбул Башакшеҳир»даги статистикаси:
Ўйинлар сони: 52 та
Голлар: 29 та
Голли узатмалар: 6 та
Клублар ва терма жамоадаги умумий натижалар
Фаолияти давомида «Машъал», «Бунёдкор», «Ростов», «Женоа», «Специя», «Кальяри» ва «Рома» шарафини ҳимоя қилган Элдор Шомуродов клублар миқёсида жами 396 та учрашувда майдонга тушиб, 93 та гол ва 44 та ассист қайд этди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги мутлақ тўпурар сифатида ҳам унинг кўрсаткичлари ҳайратланарли:
96 та баҳс
47 та гол
14 та голли пас
Сардор янги мавсумда ҳам ўз формасининг энг чўққисида эканини исботлашда давом этмоқда.































Изоҳлар 0
…