Реал Мадрид Бавария ва Челси билан рақобатда Премер-лига юлдузини қўлга киритди

Реал Мадрид ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида йирик трансферга қўл уриш арафасида турибди. Ливерпул жамоасини тарк этган Ибраҳима Конате фаолиятини Испания пойтахтида давом эттирадиган бўлди. АС нашри тарқатган хабарларга кўра, Флорентино Перез президентлик сайловида ғалаба қозониши билан марказий ҳимоячи Мадрид клуби билан тўрт йиллик шартнома имзолайди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Франциялик 27 ёшли ҳимоячи Ливерпул билан хайрлашувидан сўнг ижтимоий тармоқларда мухлисларга мурожаат қилиб, жамоани бундай тарзда тарк этаётганидан афсусда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, клуб билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар кутилмаганда барбод бўлган. Апрел ойида томонлар келишувга яқин экани айтилган бўлса-да, якунда трансфер масаласи кун тартибига чиқди.
Ибраҳима Конате учун курашда Реал Мадрид фақатгина Бавария эмас, балки Челси, Пари Сен-Жермен ва Саудия Арабистонининг Ал-Иттиҳод клубларини ҳам ортда қолдирди. Ҳимоячи 2021-йилда РБ Лейпцигдан 40 миллион евро эвазига Ливерпул сафига келиб қўшилган эди.
Ўтган мавсумда Конате барча мусобақаларда 51 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Ливерпул мавсумни бешинчи ўринда якунлаб, Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритган бўлса-да, раҳбарият мураббий Арне Слот билан хайрлашишга қарор қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!