«Бавария» Майкл Олисе билан шартномани узайтирмоқчи...

Мюнхеннинг «Бавария» клуби жамоа вингери Майкл Олисенинг келажаги борасидаги турли миш-мишларга нуқта қўйиш ниятида. Сўнгги ҳафталарда футболчига Европанинг бир қатор йирик клублари, хусусан, «ПСЖ» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
L'Équipe нашри маълумотларига таяниб, Bayern & Germany саҳифаси хабар беришича, «Бавария» 24 ёшли футболчи билан янги шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Мюнхен клуби Олисе билан ҳамкорликни 2031 йилгача узайтиришни мақсад қилган.
Янги келишув доирасида футболчининг маоши сезиларли даражада оширилиши кутилмоқда. Манбага кўра, Олисенинг йиллик даромади деярли икки баробарга кўпайиши мумкин. Агар томонлар келишувга эришса, франциялик вингер «Бавария»нинг энг кўп маош олувчи футболчиларидан бирига айланади.
Айни пайтда Майкл Олисенинг амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган. ОАВ маълумотларига кўра, футболчи ҳозирда йилига тахминан 16–17 миллион евро атрофида маош олмоқда.
2025/26 йилги мавсум Олисе учун жуда муваффақиятли ўтди. У барча мусобақаларда 52 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урди ва 31 та голли узатма амалга оширди. Бу кўрсаткичлар уни «Бавария» ҳужум чизиғининг энг муҳим футболчиларидан бирига айлантирди.
Transfermarkt портали Майкл Олисенинг трансфер қийматини 150 миллион еврога баҳоламоқда. Бу эса футболчининг Европа футбол бозоридаги нуфузи янада ошиб бораётганини кўрсатади.
«Бавария» раҳбарияти эса Олисени жамоанинг келажакдаги асосий юлдузларидан бири сифатида кўрмоқда. Шу сабабли клуб уни сақлаб қолиш ва атрофида янги лойиҳа қуриш тарафдори. Ҳозирча музокаралар якуний босқичга етмаган бўлса-да, мюнхенликлар футболчини қўйиб юбориш ниятида эмас.






























Изоҳлар 0
…