Каземиро Лионель Месси билан бир жамоада тўп тепишни орзу қилганини айтди

Тажрибали яримҳимоячи Каземиро Европанинг бир нечта клубларидан таклифлар бўлганига қарамай, еркин агент сифатида MLS вакили Интер Миами клубига қўшилди ва янги жамоаси сафида дебют учрашувини ўтказди. 34 ёшли бразилиялик футболчи ўзининг собиқ рақиблари Лионель Месси ва Луис Суарес билан бир сафда ҳаракат қиладиган юлдузли жамоага келиб қўшилди ҳамда Лионель Месси билан бир жамоада тўп тепишни орзу қилганини айтди.
Таниқли яримҳимоячи Каземиро фаолиятидаги янги саҳифа, Лионель Месси билан бир жамоада ўйнаш имконияти ҳамда терма жамоадаги оғриқли мағлубиятлар ҳақида гапирди. Манчестер Юнайтед ва Реал Мадрид сафидаги ёрқин ўйинлари билан танилган тажрибали футболчи MLS вакили Интер Миами клубига эркин агент сифатида қўшилди ва янги жамоаси сафида дебют учрашувини ўтказди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
ESPN нашри тарқатган маълумотларга кўра, 34 ёшли бразилиялик футболчига Европанинг бир нечта клубларидан, жумладан Италиядан таклифлар бўлганига қарамай, унинг асосий мақсади айнан Маями жамоасига ўтиш бўлган. Натижада у ўзининг собиқ рақиблари Лионель Месси ва Луис Суарес билан бир сафда ҳаракат қиладиган юлдузли жамоага келиб қўшилди.
Майдондаги қийин рақибдан содиқ жамоадошгача
Испания Ла Лигасидаги шиддатли Эль Класико ўйинларида Лионель Мессига қарши кўп бора тўқнаш келган Каземиро аргентиналик ҳужумчини футбол оламидаги энг буюк шахслардан бири сифатида эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, Мессини бир ўзи тўхтатиб қолиш имконсиз вазифа бўлган ва бунинг учун доимо жамоадошларининг ёрдамига таянишга тўғри келган.«Месси менга қанча бош оғриқ келтирганини тасаввур қила олмайсиз», — дейди Каземиро. «Албатта, мен ҳар доим энг яхшилар билан бирга ўйнашни орзу қилганман. Уни якка ўзи тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Ҳозир унинг ёнида эканимдан ва биргаликда совринлар ютишни давом эттирмоқчилигимдан жуда хурсандман. У футбол худоларидан бири, ҳатто футболнинг ўз худоси десак ҳам бўлади».
Жаҳон чемпионатидаги оғриқли хотиралар
Шунингдек, бразилиялик футболчи 2026 йилги жаҳон чемпионатида Норвегия терма жамоасидан учралган оғриқли мағлубиятни ҳам эсга олди. Ўша учрашувда дубл қайд этиб, Бразилия терма жамоасининг мусобақадаги юришига нуқта қўйган Эрлинг Холанднинг ҳаракатлари Каземирода катта таассурот қолдирган.«Жаҳон чемпионатида содир воқеалар... биз дунёнинг энг яхши 9-рақамли ҳужумчиларидан бири бўлган Холанд ҳақида гапиряпмиз ва у иккита гол урди», — дея қўшимча қилди тажрибали яримҳимоячи. У болалигида Бразилия сафида учта мундиалда ўйнашни тасаввур ҳам қилмагани, шунга қарамай шундай имкониятга эга бўлганидан фахрланишини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…