Элдор Шомуродов: Португалияга қарши босимсиз ва ишонч билан ўйнаймиз

 Элдор Шомуродов: Португалияга қарши босимсиз ва ишонч билан ўйнаймиз

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Португалияга қарши ўтадиган муҳим учрашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

Тажрибали ҳужумчи миллий жамоада ортиқча босим йўқлигини таъкидлаб, бу ҳолат «Оқ бўрилар»га майдонда эркинроқ ва ишончлироқ ҳаракат қилиш имконини беришини айтди.

«Албатта, бизда босим йўқ. Шу сабабли Португалияга қараганда бизга осонроқ бўлади, деб ўйлайман», — деди Шомуродов.

Сардорнинг фикрича, Ўзбекистон терма жамоасида жуда яхши ва аҳил жамоа шаклланган. Футболчилар мундиалдаги дебют учрашувини ўтказиб бўлгани учун энди илк ўйин олдидан бўлган ҳаяжон ва ноаниқлик анча камайган.

Колумбияга қарши баҳс натижаси кутилганидек бўлмаганига қарамай, жамоа ўз имкониятларига ишонч ҳосил қилди ва жаҳон чемпионати даражасида муносиб курашишга қодир эканини кўрсатди.

«Бизда ажойиб жамоа шаклланган. Биринчи ўйиндан кейин ишонч пайдо бўлди, аллақачон дебют қилиб бўлдик. Энди эртага яхши натижа учун майдонга чиқамиз», — дея таъкидлади у.

Шомуродов Португалиянинг биринчи турда қайд этган натижаси Ўзбекистон футболчиларининг режаларига таъсир қилмаганини ҳам айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир бошқа жамоаларнинг очколари ва турнир жадвали ҳақида ортиқча ўйлашнинг вақти эмас.

«Рақибимизнинг биринчи турдаги натижасига аҳамият бермадик. Балки учинчи турдан кейин бу масалани муҳокама қилармиз. Ҳозир биз учун энг асосийси — навбатдаги учрашув», — деди миллий жамоа сардори.

Колумбияга қарши баҳс ҳақида гапирар экан, Шомуродов биринчи бўлимда айрим тактик кўрсатмалар тўлиқ бажарилмаганини тан олди. Унинг фикрича, айнан шу ҳолат майдонда хатолар келиб чиқишига ва рақибнинг имкониятлардан фойдаланишига сабаб бўлган.

Энди жамоа Португалияга қарши учрашувда ана шу камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қилади. «Оқ бўрилар» тўпни кўпроқ назорат қилиш, ўз услубини кўрсатиш ва рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратишни мақсад қилган.

«Колумбияга қарши биринчи бўлимда мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажара олмаганимиз туфайли хатолар юз берди, деб ўйлайман. Эртага бундай хатоларни такрорламасдан, ўз ўйинимизни кўрсатишга, тўпни кўпроқ назорат қилиб, вазиятлар яратишга интиламиз», — деди Шомуродов.

Сардор футболчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати яхши эканини ҳам маълум қилди. Унинг таъкидлашича, жаҳон чемпионатидаги учрашув олдидан ҳаяжон бўлиши табиий, аммо ҳакамнинг дастлабки ҳуштаги янграгач, бутун эътибор ўйинга қаратилади.

«Ҳаммаси яхши. Ҳаяжон бўлиши табиий ҳол. Бироқ майдонга чиққан биринчи дақиқамиздаёқ бу ҳислар эсдан чиқади», — деди ҳужумчи.

Шомуродов жамоадоши Аббосбек Файзуллаев билан майдондаги ўзаро тушуниш ҳақида ҳам тўхталди. Икки футболчи клуб миқёсида ҳам бирга ўйнаётгани ва машғулотларда кўп вақтни бирга ўтказаётгани уларнинг ўзаро алоқасига ижобий таъсир қилмоқда.

«Биз Аббос билан клубда ҳам бирга ўйнаймиз. Машғулотларда ҳам доимо биргамиз. Шу сабабли бир-биримизни яхши тушунамиз, деб айта оламан», — деди сардор.

Шомуродовнинг фикрича, Португалияга қарши баҳсда алоҳида футболчиларнинг маҳоратидан кўра, жамоавий ҳаракат, интизом ва ўзаро ёрдам муҳимроқ бўлади.

«Энг муҳими, бир бутун жамоа бўлиб ҳаракат қилиш ва яхши натижага эришишга интилишдир», — дея таъкидлади у.

Португалияга қарши учрашув Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун яна бир катта синов бўлади. Рақиб юлдузларга бой ва турнир фаворитларидан бири ҳисобланса-да, «Оқ бўрилар» майдонга қўрқувсиз, ишонч билан ва ижобий натижа учун тушиш ниятида.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар