Реал Мадрид трансфер ойнасида ярим ҳимояни кучайтиришдан воз кечди

«Реал Мадрид» Родри трансфери барбод бўлганидан кейин ёзги трансфер ойнасида янги марказий ярим ҳимоячи сотиб олиш режасидан расман воз кечди. Клуб раҳбарияти мавжуд таркиб, Бернардо Силва ва Арда Гулернинг мавсумолди йиғинларидаги ишончли ўйини ярим ҳимоя чизиғи учун етарли, деб ҳисобламоқда.
Фичажес нашри тарқатган маълумотларга кўра, «Реал Мадрид» ёзги трансфер ойнасида янги марказий ярим ҳимоячи сотиб олиш фикридан расман қайтди. Клуб раҳбарияти Родри трансфери барбод бўлганидан кейин жамоанинг мавжуд таркиби энг юқори даражада рақобатлашиш учун етарли салоҳиятга эга деган қарорга келди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълум бўлишича, Мадрид клубининг трансфер сиёсатидаги бу кескин ўзгариш жамоанинг ички имкониятлари ва янги қўшилган футболчиларнинг ҳолатига асосланган. Клуб раҳбарияти ярим ҳимоя чизиғи аллақачон тўлиқ шакллангани ва барча позициялар ёпилганига ишонч билдирмоқда.
Тактик ўзгаришлар ва мураббий режаси
Манчестер Сити сафидан текинга келиб қўшилган Бернардо Силва ҳамда Арда Гулернинг мавсумолди йиғинларидаги ишончли ўйини раҳбариятнинг трансфер изланишларини тўхтатишига сабаб бўлди. Шу боис, анъанавий таянч ярим ҳимоячисини харид қилиш режасидан воз кечилди.Goal.com хабар қилишича, бош мураббий Жозе Моуринью ёзги трансферлардан янги футболчилар ололмагач, ўзининг севимли 4-2-3-1 тактик схемасини янгича талқинда қўллашга мажбур бўлмоқда. Португалиялик мутахассис 31 ёшли тажрибали Бернардо Силвани таянч зонасига тушириб, уни Орельен Чуамени билан бирга жуфтликда ўйнатишни режалаштирмоқда.
Янги етакчилар ва ҳужум чизиғи
Жамоанинг келгусидаги трансфер ҳаракатлари фақатгина Орельен Чуамени ёки Эдуардо Камавинганинг сотилишигагина боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шунингдек, 125 миллион евро эвазига келган Ян Диоманденинг трансфери фонида Феде Вальверде ўнг қанотга ўтказилиши ёки захирада қолдирилиши кутилмоқда.Ҳужумкор ярим ҳимоя зонасида эса Жозе Моуринью 21 ёшли туркиялик иқтидор эгаси Арда Гулерга асосий ижодкор вазифасини юкламоқчи. Мутахассис ёш футболчидан ўзининг аввалги давридаги Месут Озил бажарган вазифани талаб қилмоқда.
Клуб раҳбарияти Бернардо Силванинг тинимсиз меҳнаткашлиги ва Арда Гулернинг ноёб майдонни кўра олиш қобилияти Винисиус Жуниор, Жуд Беллингем ҳамда Килиан Мбаппе каби юлдузларга қулай имкониятлар яратишига тўлиқ ишонмоқда. Ушбу техник жиҳатдан кучли икки плеймейкер жамоа ўйин темпини бошқаришда асосий таянч бўлади.






























Изоҳлар 0
…