Машҳур спорт нашри Португалия — Ўзбекистон ўйинига прогноз берди...

Машҳур Sportskeeda спорт нашри ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи туридан ўрин олган Португалия ва Ўзбекистон миллий жамоалари ўртасидаги учрашув ҳақида ўз таҳлили ва прогнозини эълон қилди.
Манбага кўра, бўлажак баҳсда Португалия терма жамоаси тўп назорати бўйича устунликка эга бўлиши кутилмоқда. Роберто Мартинес шогирдлари ҳужумкор ярим ҳимоячилар ҳамда тезкор қанот футболчилари орқали Ўзбекистон мудофаасини босқичма-босқич ёриб ўтишга ҳаракат қилади.
Португалияликлар тўпни узоқ вақт назорат қилиш, қисқа ва тезкор узатмалар орқали рақибни хатога мажбурлаш ҳамда дарвоза олдида бир нечта хавфли вазият яратишни мақсад қилган.
Бироқ нашр бундай имкониятларни голга айлантириш учун Португалия футболчиларидан юқори самарадорлик талаб этилишини таъкидлади. Чунки Ўзбекистон терма жамоаси рақиб ҳужумларига қарши тартибли ва матонатли ҳимоя намойиш этиши кутилмоқда.
Sportskeeda «Оқ бўрилар»нинг асосий қуроли интизом, жамоавий ҳаракат ва зич мудофаа бўлишини қайд этган. Бош мураббий Фабио Каннаваро футболчиларга янада тартибли ўйин услубини сингдириш ва ҳимоя чизиғидаги бўшлиқларни камайтириш устида ишламоқда.
Ўзбекистонлик футболчилар рақибга эркин ҳудуд қолдирмаслик, жарима майдони яқинида максимал даражада эҳтиёткор ҳаракат қилиш ва қарши ҳужумларда ўз имкониятларини излашга уринади.
Шу билан бирга, нашр Португалиянинг ҳужум салоҳияти Ўзбекистоннинг зич ҳимоясини ёриб ўтиш учун етарли даражада кучли, деб ҳисобламоқда.
«Биз Мартинес шогирдларининг ғалабасини кутаяпмиз. Прогнозимиз — Португалия фойдасига 2:0», — деб ёзди манба.
Португалия ва Ўзбекистон ўртасидаги учрашув 23 июнь куни АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Қоғозда Португалия учрашув фаворити ҳисобланса-да, Ўзбекистон терма жамоаси майдонда тартибли ҳаракат қилиб, турнирнинг юлдузли жамоасига муносиб қаршилик кўрсатиш ниятида.































Изоҳлар 0
…