Ҳусанов кўз ёшларини тия олмади, Бернарду унга тасалли берди

ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалияга қарши майдонга тушди. Учрашув европаликларнинг 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди.
Финал ҳуштаги янграгач, майдонда таъсирли ҳолат кузатилди. Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Манчестер Сити» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов оғир мағлубиятдан сўнг ҳиссиётларини жиловлай олмади.
Ёш ҳимоячи кўз ёшларини тия олмай, майдонда қолди. Бу ҳолат миллий жамоа футболчилари учун учрашув натижаси қанчалик оғир қабул қилинганини кўрсатди.
Эътиборлиси, Ҳусановнинг ёнига биринчилардан бўлиб Португалия терма жамоаси футболчиси Бернарду Силва етиб келди.
Эндиликда унинг собиқ жамоадоши ҳисобланган Бернарду ўзбекистонлик футболчига тасалли беришга ва уни руҳлантиришга ҳаракат қилди. Икки футболчи ўртасидаги ушбу самимий лаҳза футболда рақобатдан ташқари ҳурмат ва инсонийлик ҳам муҳим эканини яна бир бор намоён этди.
Абдуқодир Ҳусанов учрашув давомида кучли ҳужум чизиғига эга Португалияга қарши курашди. Йирик ҳисобдаги мағлубият эса футболчига қаттиқ таъсир қилди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг плей-офф босқичига чиқиш имкониятлари ҳали бутунлай йўқолгани йўқ.
Иккинчи турдан кейин Португалия тўрт очко жамғариб, «K» гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон эса ҳозирча очко тўплай олмади.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Португалия 28 июнь куни Колумбия билан рўбарў келади. Ўзбекистон миллий жамоаси эса учинчи ўрин учун Конго Демократик Республикасига қарши майдонга тушади.
«Оқ бўрилар» учун сўнгги турдаги баҳс мундиалдаги илк ғалаба ва кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолиш йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.































Изоҳлар 0
…