Эронни плей-оффдан сантиметрлар ажратди: 90+6-дақиқадаги VAR драмаси

ЖЧ-2026нинг навбатдаги куни футбол мухлислари учун ҳақиқий Голливуд фильмларига хос драма билан ёдда қоладиган бўлди. «G» гуруҳининг сўнгги туридан ўрин олган Миср ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги учрашув шундай кечдики, майдонда ҳам, трибуналарда ҳам ҳаяжондан юраклар тўхтаб қолишига бир баҳя қолди.
ЖЧ-2026. G гуруҳи. 3-тур
Миср — Эрон 1:1
Голлар: Сабер 5 (1:0), Ризоян 14 (1:1).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Меҳди Торимий 11' (Эрон).
Огоҳлантиришлар: Сабер (20), Ёсир Иброҳим (42), Лашин (90) — Канаанизодагон (19), Неъматий (43), Иззатуллоҳий (79), Халилзода (90).
Жамоалар таркиби:
Миср: Шубайр, Робиа, Абдул Муним (Ёсир Иброҳим, 14), Аҳмад Фотиҳ, Хани, Лашин, Сабер (Атея, 46), Салоҳ (Сайид, 57), Трезеге, Ашур (Мармуш, 46), Зико (Абдулкарим, 76).
Эрон: Бейранванд, Халилзода, Канаанизодагон, Неъматий (Ҳардоний, 46), Муҳаммадий, Ризоян, Иззатуллоҳий, Қурбоний, Муҳибий (Жаҳонбахш, 90+1), Қуддус (Муғанли, 67), Торимий.
Тезкор голлар ва Торимийнинг хатоси
Учрашув ҳакамнинг ҳуштаги чалиниши билан даҳшатли тезликда бошланди. Бошланишиданоқ ҳужумга ўтган мисрликлар 5-дақиқадаёқ Сабернинг голи эвазига ҳисобни очишди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, Эрон терма жамоаси сардори Меҳди Торимийда пенальти орқали мувозанатни тиклаш учун олтинга тенг имконият пайдо бўлди. Аммо 11-дақиқада у белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро эта олмади.
Шунга қарамай, форслар руҳан тушиб қолишмади ва барибир ўз мақсадларига эришишди: 14-дақиқада Ризоян мувозанатни тиклади — 1:1. Бундай натижа Муҳаммад Салоҳ ва унинг жамоадошларини тўлиқ қониқтиргани боис, африкаликлар иккинчи бўлимда асосий эътиборни ҳисобни сақлаб қолишга қаратишди.
90+6-дақиқадаги сароб: Кўзойнак таққан Халилзода ва микроскопик офсайд
Иккинчи бўлим давомида эронликлар тинимсиз югуришдан анча толиқиб қолишгани сезилди. Шунга қарамай, улар учрашув сўнггида ҳақиқий штурм уюштириш учун ўзларида куч топа олишди.
Ва ниҳоят, ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+6-дақиқада Шожа Халилзода Миср дарвозасини ишғол қилди! Осиёликлар базасидаги хурсандчилик ва бақир-чақирларни сўз билан таърифлаб бўлмасди. Ҳатто гол муаллифи Халилзода олдиндан тайёрлаб қўйган қора кўзойнагини тақиб, ўзига хос тарзда голни нишонлашга ҳам улгурди. Аммо бу хурсандчилик сониялар ичида саробга айланди: ишга VAR аралашди ва такрорий лавҳалардан сўнг ушбу ҳужумда микроскопик (бир неча сантиметрлик) офсайд борлиги аниқланиб, гол бекор қилинди!

Драма шу билан ҳам тугамади. Қолган сўнгги сонияларда ҳам Эрон яна бир голга жуда яқин келди, бироқ Миср дарвозабони яқин масофадан йўлланган кучли зарбани мўъжизавий тарзда қайтариб қолди.
Эрон учун барчаси тугамаган: Плей-офф математикаси
Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Эрон гуруҳ босқичидаги учта ўйиннинг барчасида дуранг ўйнади. Аммо улар учун турнир ҳали тугагани йўқ. Жамоада тўплар нисбати яхши бўлгани боис, улар энг яхши учинчи ўринни эгаллаган терма жамоалар рейтингида ҳозирда 6-ўринни банд этиб туришибди.
Кейинги босқич формуласи: Форслар расман плей-офф (1/16 финал) йўлланмасини нақд қилишлари учун ҳали баҳслари давом этаётган J, K ва L гуруҳларининг камида иккитасида Эрон учун фойдали ва керакли ҳисоблар қайд этилиши шарт бўлади. Эронлик мухлислар учун ҳақиқий кутиш ва ҳаяжонли соатлар бошланди.































Изоҳлар 0
…