Қодиров: Японлардек ўйламасак, бу мактабни 100 йилда ҳам битиролмаймиз

Қодиров: Японлардек ўйламасак, бу мактабни 100 йилда ҳам битиролмаймиз

«Миллий тикланиш» ДП раиси Алишер Қодиров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги муваффақиятсиз иштирокига муносабат билдирди. Сиёсатчи Конго ДРга қарши ўйиндан (1:3) сўнг ўз Телеграм-каналида кескин ва мулоҳазали пост қолдирди:

«0 - мураббий иши, дарвозабон, жамоа руҳи, жамғарилган очко, миллиардлаб харажатга сотиб олинган қиймат ва келажакка умид…

Биз 1-синфида ҳижжалаб ҳарф тераётган мактабни 8-синфида ўқиётган японлардек ўйламасак, бу мактабни 100 йилда ҳам битиролмаймиз…»

Алишер Қодиров ўз постига япониялик мутахассис Сато Сан билан бўлган суҳбат видеосини илова қилган. Қуйида ушбу қизиқарли интервьюнинг матнли шаклини тақдим этамиз.

Сато Сан: «Мағлубият жуда яхши нарса»

— Сато Сан, футболни сиз ҳам кўрдингиз, баттар бўл дегандек гапиряпсиз. Бунинг сабабини тушунтириб беринг.

— Мағлубият жуда яхши нарса. 1998 йили Япония илк марта Жаҳон чемпионатига чиққанди, бутун мамлакат қувонди. Лекин натижа оғир бўлди: гуруҳ босқичининг учала ўйинида ҳам мағлуб бўлдик. Кўпчиликнинг кўнгли чўкди, айримлар «биздан футболчи чиқмайди» деди, бошқалар айбдор қидирди. Европаликлар «сизларга футбол ўйнашни ким қўйибди» деб киноя ҳам қилишди.

Лекин япон футбол мутасаддилари тўғри йўл тутди. Улар ҳакамни, омадни ёки рақибни айбламади. Ўзларига битта савол берди: биз нимани нотўғри қилдик? Ана шу савол бутун футбол тарихимизни ўзгартирди.

«Мураббий ўз миллатингдан чиқмагунча...»

— Кейин яна бир муҳим гап: мураббий ўз миллатингдан чиқмагунча, яхши натижа қила олмайсан. Чет эллик мураббий ҳаракат қилиши мумкин, аммо миллат, ватан деган тушунчалар бўлмаганидан кейин жонини бериб курашмайди-да.

Японларда бир мақол бор: «Етти марта йиқилсанг ҳам, саккизинчи марта тур». Улар ҳам турди: болалар футболига эътибор берди, мураббийларни тайёрлади, мактабларни ривожлантирди ва энг муҳими — шошилмади. 80 йиллик стратегия ишлаб чиқиб, ўша бўйича ҳаракат қилишди. Чунки улар дарахт бугун экилиб, эртага мева бермаслигини яхши биларди.

Энг катта мағлубият нима?

— Йиллар ўтиб, Япония дунёнинг энг кучли жамоаларига қарши бемалол ўйнай оладиган даражага етди. Шунда мен бир нарсани тушундим: Жаҳон чемпионатидаги энг катта мағлубият 0:5 ёки 0:7 эмас экан. Энг катта мағлубият — ютқазганингдан кейин ўрганишни тўхтатишингдир.

Сенинг мамлакатингни (Ўзбекистонни) ҳам ютқазгани яхши бўлди, деганимнинг сабаби шу. Бугунги мағлубиятингиз эртанги ғалабангизнинг пойдевори бўлиши мумкин. Ютганингизда камтар бўлинг, ютқизганингизда — сабрли. Инсон ҳаёти ҳам битта ўйиндан иборат эмас, ҳаёт бу — узоқ чемпионат.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар