Анчелотти Неймарнинг Бразилия терма жамоасидаги ўрнини очиқлади...

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти ЖЧ-2026да ҳозирча кам ўйнаётган Неймар ҳақида фикр билдирди. Итальян мутахассиси 34 ёшли юлдузнинг жисмоний ҳолати яхши экани ва у тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилишга тайёрлигини таъкидлади.
Неймар мундиалда бор-йўғи бир марта ўйнади
Неймар жорий жаҳон чемпионатида ҳозиргача фақат битта учрашувда майдонга тушди.
У гуруҳ босқичининг учинчи турида Шотландияга қарши 3:0 ҳисобида якунланган баҳснинг 76-дақиқасида захирадан ўйинга қўшилган эди.
Японияга қарши 1/16 финал учрашувида эса ҳужумчи бутун ўйин давомида захира ўриндиғида қолди. Бразилия ушбу баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«У 90 дақиқа ўйнашга тайёр»
Анчелотти Неймарнинг ҳозирги жисмоний ҳолати тўлиқ ўйин ўтказишга имкон беришини айтди.
«Ҳа, у тўлиқ 90 дақиқа ўйнашга тайёр. Албатта, ҳозирги вазиятдан қониқмаяпти, лекин ўзини жуда яхши тутяпти. Машғулотларда ҳам аъло даражада ишлаяпти», — деди мураббий.
Жамоадошлари Неймарни ҳурмат қилади
Бразилия бош мураббийининг сўзларига кўра, Неймарнинг жамоа ичидаги таъсири ҳали ҳам жуда катта.
«Неймар жамоада катта ҳурматга эга. У очиқкўнгил инсон ва жамоадошлари уни жуда яхши кўришади. Унинг жамоадаги ўрни жуда муҳим», — таъкидлади Анчелотти.
«У буюк маҳорат эгаси»
Анчелотти Неймарнинг футболчилик иқтидори билан бирга инсоний фазилатларини ҳам алоҳида эътироф этди.
«У буюк маҳорат эгаси, шу билан бирга жуда камтар инсон ҳам. Мен ундан жуда мамнунман. Ва, албатта, у доимгидек ўйнашни хоҳлайди», — деди мутахассис Folha de S. Paulo нашрига берган интервьюсида.
Энди мухлисларни қизиқтираётган асосий савол — Анчелотти плей-оффнинг кейинги босқичида Неймарга асосий таркибдан жой берадими?































Изоҳлар 0
…