Ишонч телефонларида 30 дақиқалик кутишга чек қўйилмоқчи

Ўзбекистонда коммунал ва давлат хизматларининг ишонч телефонлари фаолиятини тубдан тартибга солиш таклиф этилмоқда. Рақобат қўмитаси қисқа рақамларга қўнғироқ қилган фуқароларнинг узоқ кутиши, алоқанинг узилиб қолиши ва мурожаатларга жавоб берилмаслиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ташаббусини илгари сурди.
Бу бўйича Рақамли технологиялар вазирлигига алоқа марказлари ишини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар тўплами юборилди.
Фуқаролар 10–30 дақиқа кутишга мажбур
Қайд этилишича, коммунал ва давлат хизматларининг қисқа рақамларига қўнғироқ қилган фуқаролар кўпинча оператор жавобини 10 дақиқадан 30 дақиқагача кутади.
Айрим ҳолатларда эса навбат операторга яқинлашганда қўнғироқ тўсатдан узилиб қолади. Натижада фуқаро яна қайта қўнғироқ қилиб, навбатни бошидан кутишга мажбур бўлади.
Шикоятлар сони кескин ошган
Рақобат қўмитаси ўтказган таҳлилга кўра, ишонч телефонлари билан боғлиқ мурожаатлар сезиларли даражада кўпайган.
Хусусан:
1159 линияси орқали газ таъминоти масалалари бўйича шикоятлар 4,5 баробарга ошган;
чиқиндиларни олиб чиқиш билан боғлиқ мурожаатлар 2,4 баробар кўпайган.
Бу рақамлар аҳолининг алоқа марказлари ишидан норозилиги тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ишонч телефонлари учун аниқ қоидалар йўқ
Муаммоларнинг асосий сабабларидан бири — алоқа марказлари фаолиятини тартибга солувчи ягона меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги.
Яъни, оператор қанча вақт ичида жавоб бериши, узилган қўнғироқлар билан қандай ишлаш кераклиги ва мурожаат сифати қандай баҳоланиши бўйича барча ташкилотлар учун умумий талаблар белгиланмаган.
Раҳбарларга шахсий жавобгарлик юкланиши мумкин
Рақобат қўмитаси бир қатор янги тартибларни жорий этишни таклиф қилмоқда.
Жумладан:
Аҳоли билан ишлайдиган барча ташкилотлар учун қўнғироқларга хизмат кўрсатишнинг ягона сифат стандартларини белгилаш.
Жавобсиз қолдирилган ёки асоссиз узилган қўнғироқлар учун ташкилот раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини жорий этиш.
Алоқа марказлари самарадорлиги бўйича ҳар ойлик рейтингларни очиқ эълон қилиб бориш.
Мақсад — фуқаронинг вақтини тежаш
Ташаббусдан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг телефонда соатлаб навбат кутишига барҳам беришдир.
Шунингдек, ташкилотларга аҳоли муаммоларини телефон орқали тезкор, сифатли ва масъулият билан ҳал этиш мажбуриятини юклаш режалаштирилмоқда.
Агар таклифлар қабул қилинса, ишонч телефонларидаги «Сизнинг қўнғироғингиз биз учун жуда муҳим» деган узун куттиришлар амалда қисқариши мумкин.































Изоҳлар 0
…