Швейцария музликлари рекорд даражада тез эримоқда

Швейцария музликлари рекорд даражада тез эримоқда

Европада кузатилаётган кучли иссиқлик тўлқини Швейцариядаги музликларнинг одатдагидан анча эрта ва жадал суръатда эришига сабаб бўлмоқда. Олимлар бу ҳолат Алп тоғларидаги музликлар яна бир йил катта ҳажмда қисқариши мумкинлигидан дарак бераётганини таъкидламоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Мутахассислар маълум қилишича, жорий йилнинг 29 июнь куни Швейцария жанубида жойлашган Рона музлиги «Музликларни йўқотиш куни» деб аталувчи босқичга етди. Бу давр қиш мавсумида тўпланган қор қатлами тўлиқ эриб, эндиликда музликнинг кўп йиллик муз қатламлари эрий бошлайдиган жараённи англатади.

Швейцария музликларини кузатиш хизмати раҳбари Маттиас Хусснинг сўзларига кўра, бу сана кузатувлар тарихидаги иккинчи энг эрта ҳолат сифатида қайд этилди. Энг эрта кўрсаткич эса 2022 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда мазкур жараён ҳозиргидан уч кун аввал бошланган эди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, қиш ойларида қор ёғиши кам бўлгани ва ёз бошланиши билан кетма-кет кузатилган кучли иссиқлик тўлқинлари музликларнинг тез суръатларда эришига олиб келган.

«Бу жуда хавотирли ҳолат. Ёзнинг ярмига ҳам етмай туриб музликлар катта ҳажмда йўқолишни бошлади», — деди Маттиас Хусс.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, июнь ойида кузатилган иссиқ кунлар давомида Швейцария музликларидан эриган сув ҳажми икки ҳафта мобайнида ҳар олти сонияда битта Олимпия стандартидаги сузиш ҳавзасини тўлдиришга етарли бўлган.

Шунингдек, Рона музлигидаги кузатув нуқталаридан бирида атиги икки ҳафталик жазирама натижасида қарийб 1,5 метр қалинликдаги муз қатлами эриб кетгани аниқланган.

Бу ўзгаришларни узоқ йиллардан бери ушбу ҳудудга ташриф буюриб келаётган сайёҳлар ҳам яққол сезмоқда. Сўнгги 50 йил давомида Рона музлигига мунтазам келиб турадиган германиялик сайёҳ Гарри Блок музликнинг кўз ўнгида кескин қисқариб бораётгани уни қаттиқ изтиробга солаётганини айтди.

«Мен йиғлаяпман. Бир вақтлар улкан бўлган музлик кўз олдимизда йўқолиб бормоқда. Бу иқлим ўзгаришининг энг яққол далилидир», — деди у.

Олимлар таъкидлашича, агар юқори ҳароратлар сақланиб қолса, Швейцария музликлари жорий йил ҳам катта миқдорда муз массасини йўқотиши мумкин. Бу эса Европа табиати ва сув захиралари учун жиддий хавотир уйғотаётган омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар