Ақлли узук юрак етишмовчилигини енгишга ёрдам берадими?

Жерсида юрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учун янги клиник синов дастури бошланди. Мутахассислар ушбу тадқиқот орқали замонавий рақамли технологиялар ёрдамида даволаш самарадорлигини янада аниқ баҳолаш ва келажакда беморларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилашни мақсад қилган.
Клиник синовга Heart Failure with Preserved Ejection Fraction (HFpEF), яъни юракнинг чиқариш қобилияти сақланган ҳолда кечадиган юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган беморлар жалб этилган. Тадқиқот давомида олимлар вена орқали юбориладиган темир препарати юрак етишмовчилиги белгиларига, шунингдек, беморларнинг жисмоний фаоллиги ва машқ бажариш қобилиятига қандай таъсир қилишини ўрганади.

Синов иштирокчилари 14 ҳафта давомида махсус ақлли узук ҳамда сон қисмига тақиладиган электрон сенсорли пластирдан фойдаланади. Ушбу қурилмалар беморнинг кундалик ҳаракатлари, қадамлар сони, жисмоний фаоллиги, ўтирган ҳолатдан туриш вақти каби кўрсаткичларни мунтазам қайд этади. Ақлли узук эса юрак уриш тезлиги каби физиологик маълумотларни йиғиб боради.
Жерси шифохонаси кардиология бўлими шифокори доктор Аарон Генрининг таъкидлашича, анъанавий усулларда темир инъекцияси самараси одатда олти дақиқалик юриш синови орқали баҳоланади. Бироқ бу усул фақат муайян вақтдаги ҳолатни кўрсатади.
Унинг сўзларига кўра, янги технология эса беморнинг ҳолатини 14 ҳафта давомида узлуксиз кузатиш имконини беради. Қурилмалар тўплаган маълумотлар беморнинг смартфони орқали серверга юкланади ва шифокорлар уларни таҳлил қилиб, даволаш қанчалик самара берганини баҳолайди.

Доктор Генрининг айтишича, тадқиқотда турли ёшдаги беморлар иштирок этиши мумкин. Амалда эса қатнашчиларнинг аксарияти 70, 80 ва ҳатто 90 ёшдан ошган инсонлардир. Унинг фикрича, кекса беморларни ҳам замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш бугунги тиббиёт учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Лойиҳани молиялаштириш учун Digital Jersey ташкилоти ўзининг Impact Jersey Fund жамғармаси орқали 200 минг фунт стерлинг маблағ ажратган.
Ташкилот раҳбари Тони Мореттанинг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш соҳасидан муҳимроқ йўналиш йўқ. Унинг фикрича, Жерси янги рақамли тиббий технологияларни синаб кўриш учун қулай майдон ҳисобланади ва агар орол бу соҳада етакчилардан бирига айланса, бундан энг аввало беморлар манфаат кўради.

Мутахассислар ушбу клиник синов муваффақиятли якунланса, юрак етишмовчилигини кузатиш ва даволашда рақамли технологиялардан фойдаланиш янада кенгайиши мумкинлигини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…