Маркиниос мағлубиятдан кейин Бразилия халқидан узр сўради...

Бразилия миллий жамоаси сардори Маркиниос 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокдан кейин жамоа натижаси учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
«Пентакампеонлар» 1/8 финалда Норвегияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирни кутилганидан анча эрта тарк этди.
«Масъулиятни биз олишимиз керак»
Маркиниоснинг айтишича, мағлубият учун энг аввало жамоанинг сардори ва тажрибали футболчилари жавоб бериши лозим.
«Биз бу мағлубият учун масъулиятни ўз бўйнимизга олишимиз керак. Мен сардор сифатида ва бошқа тажрибали футболчилар ҳам жавобгарликни зиммамизга олишимиз лозим», — деди у.
Ҳимоячининг таъкидлашича, бу ёндашув ёш футболчиларга босимсиз ва хотиржам ҳолда янги босқични бошлаш имконини беради.
Ҳал қилувчи вазиятларда хатолар қилинди
Маркиниос Бразилия турнир давомида муайян ижобий натижаларга эришганини, аммо энг муҳим паллада имкониятлардан фойдалана олмаганини тан олди.
«Биз кўп нарсага эришдик, аммо ҳал қилувчи паллаларда самарали ҳаракат қила олмадик ва хатоларга йўл қўйдик», — деди сардор.
Унинг фикрича, энди жамоа мағлубият сабабларини чуқур таҳлил қилиши ва тегишли хулосалар чиқариши керак.
«Бразилия халқидан узр сўраш вақти келди»
Маркиниос миллий жамоанинг эрта чиқиб кетгани учун мухлислардан узр сўради ва уларни қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.
«Энди хулоса чиқариш ва Бразилия халқидан узр сўраш вақти келди. Мухлислардан бизни қўллаб-қувватлашларини сўрайман», — деди у Globo Esporte нашрига берган интервьюсида.
Кейинги тўрт йил учун ваъда
Бразилия сардори жамоа навбатдаги жаҳон чемпионатигача янада кучли бўлиш учун ишлашини таъкидлади.
«Келаси тўрт йил давомида жамоа янада катта ютуқларга эришиш учун ишлайди ва навбатдаги жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади», — деди Маркиниос.
Бразилия миллий жамоаси 1990 йилги жаҳон чемпионатидан буён илк бор чоракфиналга чиқа олмади. Энди жамоа олдида мухлислар ишончини қайтариш ва янги авлод билан қайта қурилишни бошлаш вазифаси турибди.































Изоҳлар 0
…