Қозоғистон нега Осиёга қайтмоқчи эмас?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши Қозоғистон футболида эски баҳсни яна жонлантирди: мамлакат УЕФАдан чиқиб, Осиё футбол конфедерациясига қайтиши керакми?
Қозоғистон футбол федерацияси ҳузуридаги профессионал клублар мусобақаларини ўтказиш дирекцияси раҳбари Ержан Мусабеков бу чақириқларга кескин муносабат билдириб, Европада қолишнинг асосий афзалликларини санаб ўтди.
«Ўзбекистоннинг ютуғидан биз ҳам хурсандмиз»
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганидан сўнг, Қозоғистоннинг Осиёга қайтиши кераклиги ҳақидаги фикрлар кўпайди.
Бироқ Мусабеков бу икки масалани бир-бирига таққослаш тўғри эмаслигини таъкидлади.
«Ўзбекистон жаҳон чемпионатида ўйнаганидан ҳозир ҳамма хурсанд, биз ҳам хурсандмиз. Лекин улар 30 йил ичида илк бор Португалия ва Колумбия каби юқори даражадаги терма жамоаларга қарши расмий ўйин ўтказмоқда», — деди у.
Қозоғистон Европада нимани қўлга киритмоқда?
Мусабековнинг айтишича, Қозоғистон УЕФА таркибида бўлгани учун ҳар йили Европанинг кучли терма жамоалари ва клубларига қарши баҳс ўтказиш имкониятига эга.
Бу фақат миллий терма жамоага эмас, балки:
ёшлар термаларига;
аёллар миллий жамоасига;
профессионал клубларга ҳам тааллуқли.
«Биз ҳар йили шундай даражадаги жамоаларга қарши майдонга тушяпмиз. Бундан ташқари, бу ўйинлар учун пул ҳам оламиз», — деди Мусабеков.
Унинг фикрича, юқори рақобат, молиявий имкониятлар ва кучли футбол муҳити Қозоғистоннинг Европада қолиши учун асосий сабаблардан ҳисобланади.
Қозоғистон УЕФАга қачон ўтган?
Қозоғистон 2001 йилда Осиё футбол конфедерацияси таркибидан ихтиёрий равишда чиққан.
2002 йил 25 апрель куни Швециянинг Стокгольм шаҳрида бўлиб ўтган УЕФА конгрессида мамлакат Европа футбол иттифоқига қабул қилинди ва ташкилотнинг 52-аъзосига айланди.
Қарорга бир нечта омил туртки бўлган:
Европада рақобат даражасининг юқорилиги;
телетрансляция ва турнирлардан тушадиган даромад;
замонавий футбол инфратузилмаси;
кучли клублар ва терма жамоаларга қарши мунтазам ўйнаш имконияти.
География ҳам муҳим роль ўйнаган
Қозоғистоннинг УЕФА таркибига қабул қилинишида географик омил ҳам ҳисобга олинган.
Мамлакат ҳудудининг тахминан 14 фоизи Урал дарёсининг ғарбий қисмида, яъни Европа қитъасида жойлашган.
Қозоғистон футбол раҳбарияти УЕФА ва ФИФА вакиллари билан узоқ музокаралар ўтказган. Шундан сўнг европалик делегатлар мамлакатнинг аризасини маъқуллаган.
Жаҳон чемпионати ёки кучли рақобат?
Осиёга қайтиш Қозоғистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини ошириши мумкин, деган қарашлар бор. Бироқ федерация вакили учун масала фақат мундиал йўлланмаси билан чекланмайди.
Европада қолиш — ҳар йили кучли рақиблар, катта мусобақалар, юқори даромад ва жиддий рақобат дегани.
Ўзбекистоннинг тарихий натижаси қўшни мамлакатда баҳсларни кучайтирди, аммо Қозоғистон футбол мутасаддилари ҳозирча Европа йўлидан қайтишни ўйламаяпти.































Изоҳлар 0
…