Манчестер Юнайтед Орельен Чуамени учун 100 миллион евродан воз кечишга тайёр

Англиянинг Манчестер Юнайтед клуби трансфер бозоридаги муваффақиятсизликлардан сўнг ўз эътиборини Мадриднинг Реал Мадрид жамоаси ярим ҳимоячиси Орельен Чуамени трансферига қаратди. ИНEОС раҳбарияти таркибни тубдан янгилаш мақсадида ушбу юлдуз футболчи учун 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлашга тайёрлигини билдирмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб аввалроқ Матеус Фернандес трансфери бўйича музокаралар олиб борган, бироқ бонуслар масаласидаги иккиланиш сабабли футболчини Тоттенхем жамоасига бой берган эди. Шунингдек, Сандро Тонали ва Эллиот Андерсон каби нишонларнинг ҳам қўлдан чиқарилиши "қизил иблислар"ни янада қатъий чоралар кўришга мажбур қилмоқда. Эндиликда жамоа ўзининг асосий муаммоси бўлган таянч зонасини дунё даражасидаги ижрочи билан тўлдирмоқчи.
Касемиро ўрнига муносиб номзод
Таниқли инсайдер Fabrizio Romano маълумотига кўра, Манчестер Юнайтед ички муҳитида Орельен Чуамени жамоа учун идеал профил сифатида кўрилмоқда. Клуб мутасаддилари уни ёши ўтиб бораётган Касемиро учун энг муносиб ўринбосар деб ҳисоблашади. Футболчининг юқори менталитети ва майдонни кўра олиш қобилияти вақтинчалик мураббий Майкл Каррик тизимида муҳим рол ўйнаши кутилмоқда.The Athletic нашри хабар беришича, агар Реал Мадрид раҳбарияти франциялик футболчини сотишга тайёрлигини билдирса, инглизлар дарҳол расмий таклиф билан чиқишади. Испания гранди янги трансферларни амалга ошириш учун аввал таркибдаги баъзи қимматбаҳо активларни сотиши кераклиги айтилмоқда, бу эса Манчестер Юнайтед учун қулай имконият яратиши мумкин.
Бироқ, бу трансфер йўлида бир қатор жиддий тўсиқлар мавжуд. Fabrizio Romano ўзининг YouTube каналида таъкидлашича, асосий муаммо футболчининг маоши билан боғлиқ. Ҳозирда Орельен Чуамени Мадридда жуда катта маош олади ва Манчестер Юнайтед вакиллари футболчининг атрофидагилар билан боғланиб, Англияга кўчиб ўтиш учун молиявий талабларни бироз қайта кўриб чиқиш кераклигини тушунтиришган.
Шунга қарамай, ИНEОС лойиҳаси доирасида жамоа марказини кучайтириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Агар Орельен Чуамени билан келишув амалга ошмаса, клуб Алекс Скотт номзодини ҳам кўриб чиқиши мумкин. Аммо айнан франциялик футболчи жамоанинг келажакдаги ўйин услубини белгилаб берувчи асосий фигура сифатида кўрилмоқда.






























Изоҳлар 0
…