Вадим Абрамов: «ВАР хатоси ва чарчоқ сабаб «Локомотив»га ютқаздик»

Вадим Абрамов «Динамо»нинг «Локомотив»га 2:1 ҳисобида мағлуб бўлишига жамоанинг чарчагани, диққат сусайгани ва позицион хатолар сабаб бўлганини айтди. У «Локомотив»да тикланиш учун икки кун кўпроқ вақт бўлганини таъкидлаб, VAR қарорлари баъзан ёрдам бериб, баъзан зарар келтиришини билдирди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 16-туридан ўрин олган «Локомотив» — «Динамо» (2:1) баҳсидан сўнг Самарқанд клуби бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида иштирок этди. Тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда тажрибали мутахассис мағлубият сабаблари, ВАР қарорлари, трансферлар ва жамоадаги молиявий вазиятга тўхталиб ўтди.
«Чигалёзди машқлари пайтидаёқ жамоа ўйинга тайёр эмаслиги билинди»
Вадим Абрамов мағлубият ҳаққоний бўлганини яшириб ўтирмади ва футболчиларда жисмоний чарчоқ юқори бўлганини таъкидлади:
"Ҳаққоний мағлубият бўлди. Афсуски, биринчи бўлимдаёқ кучимиз етишмаётгани сезилди. Буни ҳатто чигалёзди машқлари пайтида ҳам кўриш мумкин эди — жамоа бу ўйинга тўлиқ тайёр эмаслиги билиниб турарди.
Дарвозабоннинг хатоси эвазига ҳисобни очдик. Аммо кейин ўзимизнинг жуда оддий ва позицион хатоларимиз туфайли иккита гол ўтказиб юбордик. Чарчоқ ва диққатнинг сусайиши ўз сўзини айтди. «Локомотив»га ғалаба муборак бўлсин, уларда тикланиш учун бизга нисбатан икки кун кўпроқ вақт бор эди."
ВАР ҳақида: «Баъзан ёрдам беради, баъзан зарарингга ишлайди»
Сўндирилган гол ва баҳсли вазиятлар ҳақида гапирар экан, Абрамов ҳакамлик қарорларига муносабат билдирди:
"Иккинчи бўлимда гол урдик, лекин бекор қилишди. Аввал дарвозабонга нисбатан қоидабузарликни текширишди, кейин у йўқлигини айтиб, тўп қўлга текканини топишди. Аммо 83-дақиқада «Локомотив» ҳимоячиси хавфли ҳужумимизни қўли билан тўхтатди ва ВАР буни кўрмади. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради — ВАР баъзан ёрдам беради, баъзан зарарингга ишлайди."
Қарзлар, трансфер ойнаси ва «Пахтакор» билан келишув
Самарқанд клубидаги сўнгги янгиликлар бўйича мураббий муҳим тафсилотларни очиқлади:
Маошлар ва қарздорлик: "Раҳбариятга раҳмат, футболчилар олдидаги қарзларнинг асосий қисми тўланди. Майда қарзлар қолган ва улар ҳам яқин орада ҳал бўлади. ФИФА санкциялари хавфи йўқ, легионерлар билан ҳамма масалани келишиб олганмиз."
Рустам Турдимуродов трансфери: "«Пахтакор» билан келишувга эришдик. Энди ҳаммаси футболчининг ўз қарорига боғлиқ — Самарқандга келишни истайдими ёки йўқ."
Ҳужумдаги танқислик: "Рўйхатга олиш ойнаси ёпилишига уч кун қолди. Ҳожимирзаев ва Амоновнинг жароҳати, шунингдек, ёшлар термасига чақирувлар сабаб ҳужум чизиғимизда кадрлар танқислиги юзага келиши мумкин, шу боис таркибни кучайтириш устида ишлаяпмиз."
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…