Моуринью Ла Лига ҳақидаги танқидларга жавоб берди: «Бу ер Франция ёки Германия эмас!»

Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Жозе Моуринью Испания чемпионати (Ла Лига) савияси тушиб кетгани ва у ерда ғалаба қозониш осонлашгани ҳақидаги фикрларни қатъиян рад этди. Португалиялик мутахассис, ўзи 2010–2013 йилларда бошқарган давр ва ҳозирги ҳолатни таққослаб, Испанияда рақобат ҳамон кучли эканини таъкидлади.
Навбатдаги ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида "махсус" бири ўз фикрларини очиқ баён қилди:
«Ла Лиганинг даражаси тушиб кетган, ғалабаларни қўлга киритиш осон бўлиб қолган, дейиш тўғрими? Йўқ, мутлақо ундай эмас», – деди Моуринью.
Моуринью грандлардан ташқари бошқа клубларнинг ҳам кучини эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, Испанияда жуда кўп кучли клублар бор. Мураббий аниқ мисоллар сифатида «Барселона», «Атлетико», «Вильярреал» ва эртанги рақиб — «Бетис»ни тилга олди.
Шунингдек, Моуринью Ла Лигани бошқа топ-чемпионатлар билан таққослади: «Ла Лига – жуда мураккаб чемпионат. Германия ва Францияда жамоалар мавсум бошланишидан олдинёқ лигада ким ғолиб бўлишини тахмин қила олади. Испанияда эса бундай эмас», – дея таъкидлади португалиялик мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 4 сентябрь куни Мадриднинг «Реал» клуби ўз майдонида айнан «Бетис»га қарши ўта муҳим баҳс олиб боради. Мураббий журналистларга қарата: «Эртага сизлар «Бетис» қай даражада кучли эканини кўрасиз», – деб огоҳлантирди.
Сизнингча, Жозе Моуриньюнинг фикрларида жон борми? Ҳақиқатан ҳам Ла Лига даражаси Германия ва Франция чемпионатларидан баландроқ ва олдиндан айтиб бўлмайдиганми? Яқинлашиб келаётган «Реал» – «Бетис» тўқнашувидан қандай натижа кутяпсиз? Ўз фикрларингизни изоҳларда қолдиринг!































Изоҳлар 0
…