22:21 / 22.01.2018
5 449

Супер лига жамоаларининг янги мавсумга тайёргарлик жараёни қандай давом этмоқда?

Супер лига жамоаларининг янги мавсумга тайёргарлик жараёни қандай давом этмоқда?
«Локомотив»
Тайёргарлик жараёнини БААнинг Дубай шаҳрида давом эттираётган «темирйўлчилар» Россиянинг «Рубин» клубига қарши назорат баҳсида 0:0 ҳисобини қайд этишди.

«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Кахи Махарадзе, Бобур Йўлдошев, Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Садриддин Абдуллаев, Салим Мустафоев, Ислом Тўхтахўжаев, Санжар Шоаҳмедов, Олег Зотеев, Чо Сок Жаэ.

Захирадан майдонга тушганлар: Маъмур Икромов, Игорь Йелич, Шуҳрат Муҳаммадиев, Сардор Мирзаев, Азиз Омонов, Шерзод Каримов, Фарҳод Бекмуродов, Дмитрий Барков.

Эслатма, «темирйўлчилар» йиғин доирасида бунга қадар Шотландиянинг «Абердин» жамоасини 2:0 ҳисобида доғда қолдиришганди. «Локомотив» Дубай йиғинидан ўрин олган сўнгги назорат ўйинини кеча Абу-Дабидаги New York University Abu-Dhabi стадионида «Краснодар»га қарши ўтказди.

«Насаф»
Қаршиликлар ўтган ҳафта давомида Туркия йиғини доирасида бир қатор назорат ўйинлари ўтказишди. Қозоғистон биринчи лигаси вакили «Қизилжар»га қарши кечган беллашувда «Насаф» 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Бу ўйинда жамоанинг голига Шароф Муҳиддинов муаллифлик қилди. «Насаф» бундан олдин Албания Супер-лигаси иштирокчиси «Люфтетари» билан баҳсда муроса кўчасини танлаганди - 1:1. Гол муаллифи - Ислом Кенжабоев.

«Насаф»: Санжар Қувватов, Шароф Муҳиддинов, Мақсуд Каримов, Умарбек Эшмуродов, Игорь Голбан, Дилшод Саитов, Акмал Мозговой, Ислом Рашидхонов, Ислом Кенжабоев, Драган Черан, Жасур Ҳасанов.

Захирадан майдонга тушганлар: Санжар Рашидов, Шерзод Насруллаев, Нажмиддин Нормуродов, Жаҳонгир Алиев, Ғолиб Ғайбуллаев, Мирғиёс Сулаймонов.

Таркибда янгилик ҳам бор - сербиялик Славко Лукич машғулотларга қўшилди ва куни кеча шартнома остига имзо чекди. Демак, Славко 30 январь куни «Марказий» стадионида «Ал-Файсали»га қарши кечадиган учрашувда «Насаф» таркибида майдонга тушиши мумкин.

Айни пайт уни ОЧЛ «плей-офф» учрашуви «заявка»сига қўшиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Славко Лукич вақтида Сербиянинг U-16 ва U-19 тоифасидаги терма жамоалари сафида 21та ўйин ўтказган. У Сербиянинг юқори дивизиони - Фортуна-лига иштирокчиси «Спартак»дан таклиф этилди.

Шунингдек, 2008 йилдан буён «Насаф» шарафини ҳимоя қилиб келаётган тажрибали ҳимоячи Мақсуд Каримов ҳам Туркиядаги йиғинда сафга қайтди. Чунончи, у билан шартнома муддати узайтирилди.

«Аждарлар» ҳафта охирида яна бир назорат учрашувида майдонга тушишди. Бу сафар Ироқ Премьер-лигаси иштирокчиси, мамлакатнинг 4 карра чемпиони «Арбил» рақиб бўлди.

Ҳисоб 2:1 - «Насаф» фойдасига. Эътиборлиси, бу ўйинда тожикистонлик Жаҳонгир Алиев «дубл»га эришди. «Насаф» юртимизга қайтиш олдидан яна битта назорат учрашуви ташкиллаштиради.

«Пахтакор»
Жамоанинг Туркиядаги йиғини якунланди. Ростин Гриффитс ва Егор Кримец мураббий Ласло Ямбор назоратида индивидуал тарзда ишлаган бўлсалар, қолган футболчилар умумий гуруҳда шуғулланишди. 20 январь куни «Вардар» (Македония)га қарши кечган йиғин доирасидаги охирги назорат учрашувида Шота Арвеладзе шогирдлари 2:0 ҳисобида зафар қучишди.

Ўйин давомида «Пахтакор»нинг устунлиги сезилиб турди. Голлар эса иккинчи бўлимда урилди. Танаффусга қадар рақиб посбони Жасур Ҳакимов, Шерзод Аъзамов ва Азим Аҳмедовнинг хавфли зарбаларини бартараф этганини қўшимча қилиш жоиз.

Иккинчи 45 дақиқаликда захирадан майдонга тушган футболчилар ўзларини кўрсатишди. Аввалига Достон Иброҳимов аниқ зарба билан ҳисобни очган бўлса, орадан кўп ўтмай, Гиди Канюк устунликни мустаҳкамлади.

«Пахтакор»: Александр Лобанов (Элдор Суюнов, 46), Владимир Козак (Фаррух Сайфиев, 46), Марко Симич, Шерзод Аъзамов (Камолиддин Тожиев, 84), Акмал Шораҳмедов, Дилшод Раҳматуллаев (Гиди Канюк, 77), Азим Аҳмедов (Акбар Исматуллаев, 65), Жалолиддин Машарипов, Жамшид Искандеров, Баҳром Абдураҳимов (Достон Иброҳимов, 65), Жасур Ҳакимов (Иброҳим Ғанихонов, 77).

Хуллас, «шерлар» Белекда ташкиллаштирилган 4та назорат учрашувида ҳам ғалаба қозонишди: «Тургутлуспор» (3:0), «Амедспор» (2:0), «Партизани» (3:1) ва «Вардар» (2:0). «Пахтакор» энди 22 январдан тайёргарликни Тошкентда давом этиради.

«Навбаҳор»
Ҳимоячи Ғиёс Комилов жамоа билан хайрлашди. Маълумотларга кўра, у янги мавсумни «Қўқон-1912»да ўтказади. Олдинроқ ҳимоячига «Насаф» ва «Машъал»дан қизиқиш борлиги айтилганди. Умуман, «Навбаҳор»нинг селекция ишлари давом этмоқда. Хусусан, таркибга яна 2 нафар футболчи қўшилди.

Улардан бири - «Пахтакор»даги ўйинлари орқали танилган Жавоҳир Соҳибов. Асамаз Бураев эса Россиядан таклиф этилди. 1990 йили туғилган бу футболчи (бўйи 180 см.) ўтган мавсум «Жетису» сафида тўп суриб, жамоанинг Қозоғистон Премьер-лигасига йўл олишига ҳисса қўшган.

Фаолиятини 2008 йили «Автодор» (Владикавказ)да бошлаган Бураев кейинчалик «Спартак» (Нальчик), «Алания» (Владикавказ), «Машук-КВМ» (Пятигорск), «Луч-Энергия» (Владивосток), «Ганзасар-Капан» (Капан), «Бананц» (Ереван), «Арвамир» (Армавир), «Алашкерт» (Мартуни) каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган.

Россиялик ярим ҳимоячи машғулотларда мураббийлар ишончини қозонган тақдирда «Навбаҳор» аъзосига айланиши мумкин. Дарвоқе, наманганликлар Тошкент йиғинидан ўрин олган навбатдаги назорат учрашувида «Машъал»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди.

«Навбаҳор»: Абдумавлон Абдужалилов, Авазбек Маматхўжаев, Янис Линда, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Азизбек Турғунбоев, Аюбхон Нўъмонов, Дилшод Шарофутдинов, Аъзам Алиев, Азамат Алланиёзов, Зоҳир Пиримов.

Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматхонов, Илҳом Бойдедаев, Акмал Турғунбоев, Аббос Ғуломов.

Тошкентда ташкил этилган ўқув-машғулотлар йиғинининг дастлабки босқичи охирги куни эса «Бунёдкор»га қарши назорат ўйини ташкиллаштирилди. Бу сафар «лочинлар» 1:2 кўринишида енгилишди. «Навбаҳор»нинг ягона голи Азамат Алланиёзов номига ёзилди.

«Навбаҳор»: Абдумавлон Абдужалилов, Жаҳонгир Меҳмонов, Дарко Станоевич, Авазбек Маматхўжаев, Мирзоҳид Ғофуров, Остон Ўрунов, Аъзам Алиев, Дилшод Шарофутдинов, Зоҳир Пиримов, Азизбек Турғунбоев, Азамат Алланиёзов.

Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматхонов, Илҳом Бойдедаев, Равшан Хурсанов, Аббос Ғуломов, Шоҳзамон Хайруллаев.

Дилшод Жабборов, Аюбхон Нўъмонов ва Янис Линда бу учрашувда кичик жароҳат туфайли майдонга тушишмади. Шу билан футболчиларга қисқа таътил берилди. «Навбаҳор» аъзолари бугун яна Тошкентда тўпланиб, тайёргарлик жараёнининг навбатдаги босқичини бошлашади.

«Бухоро»
Қисқа таътилдан сўнг жамоа вакиллари яна Тошкентда йиғилишди. Машғулотлар бош мураббий Улуғбек Бақоев ҳамда Бахтиёр Ашурматов бошчилигида «Бунёдкор» майдонида олиб борилмоқда.

Айни пайт «Бухоро» машғулотларида беларуслик Сергей Русецкий қатнашяпти. Тўғри, унинг жамоада қолиш-қолмаслиги келишув натижаларига боғлиқ.

«Машъал»
«Газчилар» таркибига яна бир футболчи қўшилди. Аниқроғи, Искандар Холмирзаев «Машъал» билан 2 йиллик шартнома тузди. У ўтган мавсум «Динамо» шарафини ҳимоя қилганди.

«Машъал» шунингдек, украиналик Дмитрий Башлай билан ҳам келишувга эришди. Назорат учрашувларига келсак, Александр Хомяков шогирдлари Қибрайда «Навбаҳор»га қарши майдонга тушиб, Сардор Абдураимовнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонишди.

«Машъал»: Жавоҳир Илёсов, Искандар Шайқулов, Шоҳжаҳон Қиличев, Сардор Абдураимов, Жамолиддин Убайдуллаев, Аббос Шодмонов, Сирожиддин Раҳматуллаев, Олег Баранник, Дмитрий Башлай, Марадона Сафаров, Зафар Тўраев.

АГМК
Анталиядаги ўқув-машғулотларда олмалиқликлар таркибида бир қатор янги футболчилар иштирок этишмоқда. Ҳозирча Жавлон Гусейнов («Сўғдиёна»), Сайдулло Раҳматов («Насаф»), Иброҳим Нўъмонов, Музаффар Музаффаров («Нефтчи»), Отабек Зокиров («Қизилқум»), Абдумалик Абдуллаев («Динамо»)нинг мавсумни АГМКда бошлашлари аниқ.

Шунингдек, сербиялик Владимир Бубанья («Земун», Сербия) ва Йован Жокич («Атирау», Қозоғистон) билан ҳам шартнома тузилди. Аввалги мавсум клубда ўйнаган аксарият футболчилар шартномаси муддати ҳам узайтирилди.

Қирғизистон терма жамоаси аъзоси Антон Землянухинга эса жавоб берилди. Йиғинга таклиф этилган босниялик ҳужумчи Исмар Тандир ҳам мураббийларга маъқул келмади.

АГМКнинг Сиде шаҳри спорт мажмуасида «СВ Олбернхау» (Германия)га қарши кечган ўртоқлик учрашуви голларга бой бўлди. 4-дақиқадаёқ рақиб вакили узоқ масофадан зарба йўллаб, Акбар Тўраев дарвозасини ишғол қилди.

Кейинчалик Исмар Тандир мувозанатни тиклади, Антон Землянухин олмалиқликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 32-дақиқада эса Санжар Рихсибоев 3-гол муаллифига айланди. Орадан кўп ўтмай, Антон «дубл»ни расмийлаштирди. Якуний натижа - 4:1.

АГМК: Акбар Тўраев, Дилшод Жўраев, Исмар Тандир, Ғуломҳайдар Ғуломов, Антон Землянухин, Сайдулло Раҳматов, Шаҳзодбек Алиқулов, Шаҳбоз Умаров, Жавлон Гусейнов, Санжар Рихсибоев, Хуршид Мухторов.

Захирадан майдонга тушганлар: Низомиддин Зиёвуддинов, Отабек Зокиров, Камронбек Абдулҳамидов, Абдумалик Абдуллаев, Владимир Бубанья, Муҳаммад Исаев.

Кейинги назорат ўйинида Қозоғистоннинг «Шахтёр» жамоаси рақиб бўлди. Учрашув Актобе вилоятида рўй берган нохуш воқеа сабаб, ҳаётдан кўз юмган ҳамюртларимиз хотирасига сукут сақлаш билан бошланди. Бу баҳсда АГМК таркибида 18 нафар футболчи майдонга тушди.

Бутун вақт давомида тўп назоратини ушлаб турган жамоа икки марта пенальти ишлади. Ҳар икки вазиятда ҳужумчи Зафар Полвонов жабрланувчи бўлди. Биринчи бўлимда пенальтини Музаффар Музаффаров аниқ амалга оширган бўлса, иккинчисини Йован Жокич тепди.

Дарвоқе, Шоҳназар Норбеков дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқиб кетаётган рақибни тўхтатиб қолгани учун 17-дақиқадаёқ майдондан четлатилди. АГМКнинг навбатдаги ўртоқлик учрашуви Руминия чемпионати вакили - «Конкордиа»га қарши кечди. Жамоа Анталияда 28 январгача шуғулланишини эслатиш жоиз.

Айтганча, машғулотларга қўшилган яна бир легионер - Қирғизистон термаси дарвозабони Павел Матяшнинг АГМКда қолиши эҳтимоли катта. 2017 йили Мальдивда чемпионликка эришган кипер рақобатни ошириш мақсадида таклиф этилган.

Аввалги мавсум яхши таассурот қолдирган Хуршид Хўжаев эса тиззасига боғлиқ муаммолар сабаб, ўтган сешанба куни Москвада жарроҳлик столига ётди. Муҳими, операция яхши ўтди ва шифокорлар Хуршиднинг 2 ойдан сўнг индивидуал тарзда машғулот бошлаши мумкинлигини айтишди.

«Қўқон-1912»
Тошкент шаҳрида шуғулланаётган жамоа навбатдаги назорат учрашувида «Локомотив-БФК»ни 1:0 ҳисобида енгди. «Қўқон-1912» бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов бу ўйинда асосан кўрикка таклиф этилган ёш футболчиларга имконият берди. Ягона гол иккинчи бўлимда Собир Ҳамидов томонидан урилди.

«Қўқон-1912»: Азиз Ашуров (Ислом Абдуллаев), Акмал Холмуродов, Муҳаммадазиз Нурматов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Иқбол Маликжонов, Иброҳим Раҳимов, Собир Ҳамидов, Қувондиқ Рўзиев, Ойбек Мирзоҳидов, Муслим Қурбонов, Диан Талхатов.

«Металлург»
Бекободликлар куннинг биринчи ярмида «Бунёдкор» футбол академияси майдонида, тушликдан кейин эса «Пахтакор» БЎСМ мактабига қарашли стадионда шуғулланишмоқда. Мураббийлар штаби ихтиёрида 30 нафардан кўпроқ футболчи бор. Янгилардан бири - «Нефтчи» ҳимоячиси Дилёрбек Эрматов.

Машғулотларда «Металлург» ёшлар жамоаси ўйинчиларидан ташқари, «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўринбосарлари ҳам қатнашишмоқда. Ҳафта охирида футболчилар икки таркибга бўлинган ҳолда, назорат учрашуви ўтказишди. Унда Зоҳид Абдуллаев етакчилигидаги асосий таркиб сардор томонидан урилган 2та гол эвазига ғалаба қозонди.

Ярим ҳимоячи Жаҳонгир Абдумўминов янги мавсумни бошқа клубда бошлайди. 1993 йилда туғилган футболчининг шартномаси якунига етган ва айни пайт озод агент мақомига эга. Охирги маълумотларга кўра, Павел Смоляченко куни кеча «Металлург» йиғинига қўшилди.

Фаолияти давомида «Нефтчи», «Локомотив», «Динамо», «Бухоро» ҳамда «Андижон» клублари шарафини ҳимоя қилган бу футболчи аввалги мавсум Малайзия премьер-лигасида ўйнаганди.

«Қизилқум»
Навоийликлар ўқув-машғулотлар йиғинини ўз қароргоҳларида олиб боришмоқда. Ҳамиджон Актамов асосан авваллари «Қизилқум»да ўйнаган футболчиларни таклиф этмоқда. Хусусан, ҳужумчи Неманья Йованович («Навбаҳор»), Воҳид Шодиев («Бунёдкор»), Элдор Бойматов («Шўртан»), Алишер Саноев («Бухоро»), Наврўз Алимов ва Георгий Квесиешвили айни пайт жамоа ихтиёридалар.

2015 йили «Нефтчи» дарвозасини қўриқлаган россиялик Евгений Черемесин, ҳуқуқий жиҳатдан «Локомотив»га тегишли ҳужумчи Дониёр Усмонов ҳам «Қизилқум» йиғинида қатнашмоқдалар.

Куни кеча туркманистонлик Артур Геворкян йиғинга қўшилди. Яна бир легионер ҳужумчи - грузиялик Гужа Григалашвили эса кўрикдан ўтмоқда. Жамоа ой охирига қадар Навоийда ҳозирлик кўради ва февралда машғулотлар пойтахтда давом эттирилади.

«Динамо»
Янги мавсумга қаратилган тайёргарлик ишларини Самарқанднинг ўзида олиб бораётган жамоа дастлабки назорат учрашувида ўз ҳамшаҳри - «Шердор» билан куч синашди. Чархин қўрғонидаги футбол мактабига тегишли майдонда ташкиллаштирилган баҳсда «Динамо» устунлиги сезилиб турди ва бу ҳисобда ҳам акс этди - 3:0.

Шу куни «Динамо» мураббийлари бир қатор янги футболчиларга имкон беришди. Жамоа голларига эса Амиржон Сафаров, Комил Шарофутдинов ва Жасур Қурбонов муаллифлик қилишди.

«Динамо»: Рустам Тоштурдиев, Бунёд Исроилов, Ҳакимхон Аъламхонов, Миркомил Локаев, Темур Файзуллаев, Акмал Бозоров, Илҳом Юнусов, Жасур Азимов, Комил Шарофутдинов, Жасур Қурбонов, Амиржон Сафаров.

Захирадан майдонга тушганлар: Шамсиддин Саъдуллаев, Жасур Ашуров, Шаҳзод Саидов, Асад Толипов, Меҳрож Худойбердиев, Орзумурод Аҳмедов, Дамир Темуров, Асомиддин Маматов, Рамиш Бобомирзаев.

Машғулотларда футболчилар жисмоний ҳолатини тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Тажрибали футболчи Илҳом Юнусов ҳам «Динамо» йиғинида иштирок этмоқда. Самарқандлик ярим ҳимоячи ўтган мавсум «Қизилқум»да ўйнаганди.

«Цементчи»
Қувасой клуби Андижон шаҳри Бўстон даҳасидаги Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби майдонида Элдор Сакаев бошқарувида шуғулланаётган «Андижон» билан куч синашди. Мураббийлар учрашув давомида кўрикда қатнашаётган барча футболчиларни амалда синаб кўрдилар.

Ўйин тақдирини ягона гол ҳал қилди. Бу ҳолатда тўп ҳимоячи Иқбол Бобохонов ва дарвозабон Фаррух Турдалиев ўртасида юзага келган тушунмовчилик натижасида «рикошет» ҳолатида «Цементчи» дарвозасидан жой олди. Қувасойликлар таркибига бир қатор янги футболчилар қўшилишганини таъкидлаш лозим.

Хусусан, назорат учрашувида Темур Усмонов («NBU-Осиё»), Абдурасул Комилов («Обод») ва Фурқат Ҳасанбоев («Андижон») «Цементчи» сафида тўп суришди.

«Цементчи»: Фаррух Турдалиев, Даврон Маматов, Шукурали Пўлатов, Иқбол Бобохонов, Ойбек Нурбоев, Аббос Махсталиев, Элёр Мамасолиев, Суннат Эрматов, Даврон Исоқов, Отабек Аҳмаджонов, Абдулазиз Юсупов.

Захирадан майдонга тушганлар: Темур Усмонов, Абдурасул Комилов, Қаҳрамон Муҳаммаджонов, Фурқат Ҳасанбоев, Жамшид Қобулов, Сардор Қаҳҳоров.

Цементчи» мураббийлари дарвозабон масаласида номзодларни кўриб чиқишмоқда. Боиси, қувасойликлар йиғинига қўшилган Сардор Қобулжонов оёғида оғриқ сезиб, клуб лагерини тарк этди. Натижада мураббийлар ихтиёрида биргина Фаррух Турдалиев қолди. Айтишларича, «Цементчи» россиялик кипер Евгений Черемесинга қизиқмоқда.

Томонлар ўзаро келишувга эришишса, «Нефтчи»нинг собиқ посбони янги мавсумни Қувасой жамоасида бошлайди. Ўтган йили клуб шарафини ҳимоя қилишган Илҳом Жуманов, Оқил Маҳмудов, Раҳматилло Мелибоев ва Анвар Раҳимовга эса расман жавоб берилди.

«Сўғдиёна»
Жиззах клуби ўз қароргоҳида ташкиллаштирилган тайёргарлик жараёнининг биринчи боcқичини якунлади. Режага кўра, иккинчи йиғин Тошкентда олиб борилади. «Оқ-тепа»га қарши кечган ўртоқлик учрашувидан сўнг қисқа таътилга чиққан жамоа шу мақсадда пойтахтда йиғилди ва муҳташам «Гранд Атлас» меҳмонхонасига жойлашди.

Тошкент йиғини режасига бир нечта ўртоқлик учрашуви киритилган. Ҳозирча 3та ўйин санаси маълум - 25 январь («Пахтакор» билан), 28 январь («Навбаҳор» билан) ва 5 февраль («Қизилқум» билан). Жиззахдаги йиғинда қатнашган айрим футболчилар билан хайрлашилди ва энди Тошкентда жамоа сафига бир қатор янги ўйинчилар қўшилишлари кутилмоқда.

«Шўртан»

Ғузор клуби ўз қароргоҳида маҳаллий ёш футболчилар билан дастлабки машғулотларни ўтказди. Жараёнга жамоа техник директори, собиқ мураббий Баҳодир Шоймардонов бошчилик қилмоқда. Унга ёшлар жамоаси устози Акмал Сайтқулов ва дарвозабонлар мураббийи Эркин Мирзаев ёрдам беришмоқда.

Шоймардоновнинг таъкидлашича, асосий таркибнинг бир қатор футболчилари - Ҳасанбой Эргашев, Олим Каримов, Ғулом Раҳмонов, Алибек Туробов ва Отабек Нарзуллаев яқин орада машғулотларга қўшилишади. Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида «Шўртан» сафини тўлдирган Руслан Мелзитдиновнинг келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Клубларнинг расмий сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди


Манба: www.iff.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Супер лига жамоаларининг янги мавсумга тайёргарлик жараёни қандай давом этмоқда?