06:00 / 03.10.2018
2 917

"Европани титратиш учун" А Серияга келган бўлажак суперюлдуз ҳақида

"Европани титратиш учун" А Серияга келган бўлажак суперюлдуз ҳақида

"Европани титратиш учун" А Серияга келган бўлажак суперюлдуз ҳақида

А Серияга келган юлдуз ҳақида гап кетганда кўпчилик Критшиану Роналдуни тушунишлари табиий.

Аммо бу қаҳрамонимиз айнан Роналдуга тушадиган суперюлдуз статуси учун курашмоқчи бўлаётган бўлажак юлдуз - Кшиштоф Пентек. Польшалик тўпурар Кшиштоф Пентекни "Женоа" президенти ҳозирданоқ фаолиятидаги энг муҳим харид дея баҳоламоқда.

"Женоа" президенти Энрико Прецьози 2010 йили жамоага Роберт Левандовскини олиб келишга жуда яқин келган. Польшалик агент Цезарий Кухарски билан учрашган президент якунда Робертнинг нархи жуда қимматлик қилишини айтиб, Левандовски трансферидан воз кечган.

Шундан сўнг Дортмунднинг "Боруссия" клуби Польша чемпионатида 58 ўйинда 32та гол урган ҳужумчи учун 4,5 миллион евродан воз кечишга рози бўлишди. Якунда эса ушбу харид ўзини тўлақонли оқлади. "Женоа"нинг шароити ўша пайтда 4,5 миллион евролик трансферни амалга оширишга йўл қўймаган.

Энг қизиғи, "Боруссия"га 4,5 миллион евро эвазига ўтган Левандовски 4 йиллик фаолиятидан сўнг Мюнхенга текинга кетган. Дортмунд Левандовски трансферидан ҳеч қандай даромад кўрмаган. Бироқ Леванинг "Боруссия" учун урган 103 голи икки маротаба Германия чемпионлигини қўлга киритишда ва ЕЧЛ финалига чиқишда муҳим роль ўйнаган.

"Женоа" президенти Энрико Прецьози ва польшалик агент Кухарскининг илк учрашувидан кейин 8 йил ўтди. "Женоа" президенти Энрико Прецьози аввалги хатосини такрорлашни истамади ва бу гал Кухарски топган польшалик тўпурар Пентек учун 4,5 миллион еврони қизғонмади. Натижада Польшада ўз голлари билан танилган, аммо европа футболи учун нотаниш бўлган Пентек Генуяга қўчиб ўтди.


"Краковия" бош мураббийи Михал Пробеж мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берди: "Ўз вақтида мен Роберт Левандовски Европанинг энг кучли жамоасида ўйнайди, деганимда кўпчилик устимдан кулганди. Ҳозир эса ўша гапларимни Пентек борасида ҳам бемалол айта оламан".


Пентек Польша чемпионатида "Краковия" сафида тўп тепган ва ўтган мавсум 23та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи бўлган. Ундан олдинги ўринда эса Ангуло (24) ва Карлитос (23) бўлишди. Аммо Пентекнинг бу голлари Польша терма жамоасидан чақирув олиш учун етарли бўлмади. Натижада ушбу иқтидорли тўпурар ЖЧдан қуруқ қолди.


"Женоа" президенти Энрико Прецьози яқин вақт ичида Пентекнинг трансфер қиймати тезлик билан юқорилашишига ишонади.

"Пентек фаолиятимдаги энг муҳим трансферлардан бирига айланди, дея ишонч билан айта оламан. Бунга қадар Тиаго Мотта ва Диего Милито энг омадли харидим бўлган. Аммо Пентек улардан ҳам омадли бўлиши мумкин", - дейди Прецьози.


"Женоа" 2008 йили Диего Милитони 13 миллион евро эвазига харид қилган ва бир йил ўтиб ҳужумчини "Интер"га 25 миллион еврога пуллаган.


Кшиштоф Пентек Польшада 68 ўйинда рақиблар дарвозасини 33 маротаба ишғол қилди. Жорий мавсумда эса Пентек ҳозирча А Серияда 6 учрашувда 8 бор гол уришни уддалади. Шунингдек Италия Кубогида "Лечче"га қарши баҳсда покер қайд этди. Айни пайтда ҳужумчи янги жамоаси "Женоа" сафида 12та гол уришга улгурди.


Кшиштоф Пентек ёшлигида Пиппоголга ҳавас қилганини тан олди.

"Филиппо Инзаги тўпни изламасди, аксинча, тўп уни қидириб топарди. Ёшлигимда айнан Инзагига ўхшашни истардим", - дейди Пентек.


Генуялик ишқибозлар Пентекнинг ўйини ва ўзини тутишидан ҳайратда. Улар бу каби голлар сериясига ва камтарин болани кўришни ҳаёлларига ҳам келтиришмаган. Айни пайтда нафақат Генуя, балки бутун Италия Пентекнинг сермаҳсул ўйинидан эйфорияда.

А Серия энди старт олди. Пентек эса ҳали янги жамоасига буткул мослашиб олмай турибоқ кўплаб грандлар назарига тушишга улгурди. Айни пайтда польшалик тўпурарга "Ювентус", "Бавария", "Барселона", "Боруссия Дортмунд", "Челси" ва "Манчестер Юнайтед" каби грандлар кўз тикишмоқда.

"Женоа" президенти Энрико Прецьозига "Наполи"дан қўнғироқ бўлган, "Женоа"нинг ўйинларида эса "Барселона" вакиллари бўлишгани айтилмоқда. Ҳамманинг диққат-эътибори Пентекка қаратилган.

"Женоа" президенти қўлдан чиқарилган Левандовскидан сўнг Пентек борасида адашмаганидан жуда хурсанд. Прецьози Кшиштоф учун ишлатилган 4,5 миллион еврони камида 50 баробар қилиб чиқариб олишига ишонмоқда.

А Серияга Роналдунинг келиши ҳақиқий шов-шувга айланиб, мухлисларни стадионга қайтарган бўлса, Пентекнинг "Женоа"га ўтиши европалик машҳур скаутлар қадамини кескин ошириб юборди. Италия матбуоти эса Роналду ва Пентек мавзуси энг актуаль мавзуга айланган.


Тўғри, Жузеппе Мароттанинг "Ювентус"дан кетиши кўпчиликни шок ҳолатига туширгани ва охирги кунларда матбуотнинг диққат маркази Беппе томонга бурилгани ҳақиқат. Бу ҳақида сал кейинроқ.


Айни пайтда эса А Серия учун янги ҳисобланган Пентек ва Роналдунинг ўзаро рақобати нафақат матбуотда, балки тўпурарлар пойгасида ҳам яхшигина қизиши аниқ. Ҳозирча Пентек яққол пешқадам. Тўпурарлик пойгасида Месси йўқлиги учун бироз тин олган ва ҳозирча кўпроқ голли узатмаларни бериш билан банд бўлган Роналду учун Пентекнинг порлаши яхшигина мотивация беради.

Шаҳбоз Беғамов

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)