08:02 / 16.10.2018
3 871

Флойд Мэйуэзер Хабиб Нурмагомедовнинг жанг ўтказиш таклифига рози бўлди

Флойд Мэйуэзер Хабиб Нурмагомедовнинг жанг ўтказиш таклифига рози бўлди
Америкалик боксчи Флойд Мэйуэзер россиялик яккакураш жангчиси Хабиб Нурмагомедовнинг жанг ўтказиш чақириғига розилик жавобини берди.

Аввалроқ Нурмагомедов Мэйуэзерга жанг ўтказиш таклифи билан чиққанди.

“CBS, Showtime ва MGM Grand – пулларни тайёрланг. Леонард Эллерби (Mayweather Promotions раҳбари) саҳифасига қаранг, Хабиб Нурмагомедов мени жангга чорлади”, деб ёзган Мэйуэзер инстаграмда.

Нурмагомедовнинг отаси ва мураббийи Адбулманоп Нурмагомедов жанг Россияда ўтказилиши кераклигини айтган.

“Бизда жуда катта мотивация бор. Жанг қачон ўтиши мумкин? Дастлаб дисквалификация муддати якунланишини кутиш керак”, деб айтган Адбулманоп Нурмагомедов.

“Бу рақибни тор-мор этамиз. Хабиб яқин курашда клинч ҳолатига ўтади, бу соф боксга ўхшаш бўлмайди. Умид қиламанки, Хабибда имкон Макгрегорникидан юқорироқ. Бизнинг бурчакда Василий Ломаченко, Майк Тайсон ва Россиянинг энг яхши мураббийларидан бири бўлишига умид қиламан”, деб қўшимча қилган Адбулманоп Нурмагомедов.

Нурмагомедов 6 октябрда UFC 229 мусобақаси доирасида Конор Макгрегорни мағлуб этиб, енгил вазнда UFC чемпиони унвонини ўзида сақлаб қолган. Мэйуэзер эса 2017 йил августида бокс қоидалари бўйича ўтган жангда Макгрегор устидан ғалаба қозонганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)