21:13 / 11.12.2018
3 159

Гвардиола қадрламаган ҳужумчининг нархи уч ойда 800 %га ошиб кетди

Гвардиола қадрламаган ҳужумчининг нархи уч ойда 800 %га ошиб кетди
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумчиси Жейдон Санчонинг трансфер қиймати 87,9 млн еврога етди. CIES Football Observatory таҳлилчилари шундай хулосага келишган.

Сентябрда ҳужумчининг нархи 9,7 млн еврога баҳоланган ва бу кўрсаткич уч ой давомида 806 фоизга ошиб кетган. Ушбу вақт оралиғида жаҳоннинг ҳеч қайси футболчиси бу қадар катта суръатда қимматлаб кетмаган.

Шунингдек, Санчодан ташқари унинг жамоадоши Марко Ройс трансфер қийматининг кескин кўтарилиши бўйича иккинчи ўринда қайд этилган. Сентябрь ойидан буён 29 ёшли немис 4,6 миллиондан 23,5 млн еврогача ошган.

18 яшар Санчо - «Манчестер Сити» тарбияланувчиси саналади. У 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Англия термаси сафида ўзини кўрсатган ва чемпионликка эришган; Европа чемпионатида эса финалгача етиб бориб, мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилган.

«Боруссия» Жейдонни 2017 йил августида тахминан 8 млн фунтга сотиб олган. Шу йилнинг октябрида у Бундеслиганинг энг яхши футболчиси деб топилди ва Англия термасида дебют қилди; қисқа вақт ичида «уч шерлар» таркибида учта голни ўз номига расмийлаштирди.

Жейдон бу мавсум бошидан буён дортмундликларнинг 24 ўйинида қатнашиб, 6+7 маҳсулдорлик натижасини қайд этишга улгурди.

Чапда: трансфер нархига энг кўп қиймат қўшилган футболчилар
Ўнгда: нарх ўсишининг фоиздаги даражаси бўйича энг катта сакрашга эришган футболчилар

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Гвардиола қадрламаган ҳужумчининг нархи уч ойда 800 %га ошиб кетди