Осиё Кубоги кундалиги, 12-кун. Биз ўйинга тайёрмиз! Сиз-чи?

  • 13 январь 2019, 14:53
  • 517
  • Спорт
  • Осиё Кубоги кундалиги, 12-кун. Биз ўйинга тайёрмиз! Сиз-чи?
    Бугун Осиё Кубогидан ўрин олган иккинчи ўйин. Жуда ҳам муҳим ўйин. Ён қўшниларимиз туркманларга қарши. Кеча ўйинолди расмий тадбирлари бўлиб ўтди. Туркманистонлик ҳамкасблар билан кўришдик. Бугунги ўйин ҳақида фикр алмашдик. Ўйлашимча, яхши ўйин бўлади. Мухлисларга ёқадиган, томошабоп. Матбуот анжуманида Эктор Купер ҳам буни таъкидлаб ўтди.

    Анжумандан кейин терма жамоамиз ҳимоячиси Анзур Исмоилов ОФКнинг ҳамкори бўлган “Lagardere Sports” агентлиги вакилларига интервью берди. Анзур бемалол инглиз тилида гаплаша олса ҳам, ОФК ҳамкорлари интервьюни рус ёки ўзбек тилида беришни илтимос қилди. Чунки бу видеоинтервью ОФКнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифасига қўйилади, ўзбекистонлик мухлислар ҳам бу интервьюни тушуна олишсин, деб айтиб ўтди.

    Интервьюни таржимасини эса титрларда инглиз тилида ёзиб турамиз, деб қўшиб қўйди Пол. Айтганча, уни таништирмабман. Пол Уильямс, “Lagardere Sports” агентлиги журналисти. Айтиш керакки, бизнинг футболчиларимиздан интервью олишни истаётган хорижий журналистлар кўпаймоқда. БААнинг «Ал-Иттиҳод» газетаси Фозил Мусаевдан интервью олишгани ҳақида айтиб ўтгандим. Бу сафар ушбу газетанинг бошқа вакили – Мунир Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлган Достонбек Ҳамдамов билан интервью уюштиришни сўради. Достонбек ҳар доимгидек камтарлик билан БААнинг энг кўп тиражли газеталаридан бири бўлган “Ал-Иттиҳод” мухбирининг саволларига жавоб бериб ўтди.

    ОАВ билан доимо алоқада бўлиш, уларнинг сўровига рад жавобини бермасдан, имкон қадар ўз фикрларини билдириб бориш бу ҳам футболчи касбининг бир қисми. Қувонарлиси, терма жамоамиз аъзолари ОАВ билан алоқадан қочишмаяпти. Профессионал ўйинчи каби сўралган пайтда (агар машғулот ва кун тартибига ҳалақит қилмаса) вақтда интервьюга рози бўлишмоқда. Бу қувонарли албатта.

    Бугунги ўйинга ҳамма нарса тайёр. Майдон идеал ҳолатда. Об-ҳаво ажойиб. Журналистлар “қаламларини чархлаб” туришибди. Футболчилар аллақачон бутсаларини тозалаб қўйишган бу учрашувга. Хуллас, биз тайёрмиз, Сиз-чи? Миллий терма жамоамизни қитъанинг энг нуфузли мусобақасида қўллаб-қувватлашга тайёрмисиз? Ундай бўлса бугун Дубайдаги мухлисларни "Рашид" стадионида, Ўзбекистондагиларни эса экран қаршисида кутамиз!
    Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати
    Дубай, БАА

    Манба: www.ufa.uz

    » » Осиё Кубоги кундалиги, 12-кун. Биз ўйинга тайёрмиз! Сиз-чи?