«Туманли альбион»нинг машҳур «TheFight-Site.com» сайти ҳамюртимиз Исроил Мадримов билан суҳбат уюштирди.
Қуйида инглиз нашри эълон қилган интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
2018 йилда дебютини амалга оширган Исроил Мадримов бокс тарихига ўз номини ёза бошлади
Ўзбек жангчисининг бокс оламида шов-шув кўтариши анча аввалдан бошланган. Ҳаваскор боксдаги улкан натижалар ва 300 дан зиёд жанг тажрибаси бутун дунё мухлисларини ҳайратда қолдириб улгурди. 2018 йилда Абилхан Аманкул (жаҳон чемпионати финалчиси) ва Эумир Марсьяль устидан ғалаба қозонган ҳолда Осиё ўйинларида олтин медалга эга чиқишидан аввал ҳам Мадримов бир қатор халқаро мусобақаларда совриндор бўлганди. Ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Глеб Бакши ва Олимпия чемпиони Арлен Лопесни мағлуб этгани унинг қай даражада улкан салоҳият эгаси эканини яна бир бор исботлади.
Буларнинг бари ўтмиш, Мадримов эса келажак!
Профессионал боксда шу пайтгача атиги 5 та жанг ўтказганини инобатга олмаса, Исроил Мадримовга нима сабабдан дунё бокси келажаги ва «Pound-for-pound» рейтинги бўлғуси юлдузи, деб қаралаётгани тушунарли. 2021 йилдаёқ унда профессионал боксда титул соҳиби бўлиш имконияти бор ва бизнинг таҳлилларимизга кўра, Мадримовда бунинг учун етарли салоҳият мавжуд. Биз, «Fight-Site» вакиллари Мадримовнинг менежери Алико Фролов таржимонлиги кўмагида боксчи билан интервью ташкил этишга муваффақ бўлдик. Сизни узоқ куттирмасдан ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Боксга кириб келиши ҳақида:
Очиғи, болалигимда футболга кўпроқ қизиқардим. Футболчи бўлиш энг катта орзум бўлган. Аммо йўлларим бокс билан туташди. 2005 йил, 10 ёшимда биринчи марта бокс залига борганимда у ер менга жуда ёқди. 2010 йилда терма жамоадан чақирув олдим ва менинг дастлабки мусобақам ўсмирлар ўртасида Қозоғистонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати бўлган. Мен ушбу чемпионатда кумуш медаль олгандим. Тўлқин Қиличев қўлида шуғулланган даврим мен учун катта тажриба мактаби бўлган. Устозим ҳаётимнинг катта қисмини эгаллаган ва менга ўргатган барча нарсалари учун улардан миннатдорман.
Ўзбекистоннинг ҳаваскор боксдаги ажойиб натижалари ҳақида:
Ўзбекистоннинг муваффақиятлари бир эмас, бир нечта жиҳатларни қамраб олади. Аввало, рақобат жуда кучли. Агар етарлича кучли бўлмасанг, терма жамоада сенга жой йўқ. Терма жамоадаги ўрнингни бой берсанг, уни қайтариб олиш жуда қийин. Ҳар бир вазн тоифасида етарлича кучли рақобатчилар жамланишган. Масалан, мен учун энг катта рақиб бу – Маҳмуд Ғоипов бўлган. Шундай экан, терма жамоада қолишни истасанг, доим ўзингнинг энг кучли ҳолатингда бўлишинг керак. Аммо биз машғулотдан ташқарида жуда қалин дўстлармиз. Бу рақобат бизни олдинга бошлайди. Терма жамоа таркибида бўлиш кишига қўшимча куч бағишлайди.
Жамоада доим етакчилар бўлиб келган. Аввал Элшод Расулов (3 карра жаҳон чемпионати совриндори), кейинроқ Ҳасанбой Дўсматов (енгил вазнда «Рио-2016» чемпиони) ва ҳозирда Баҳодир Жалолов (2019 йилги жаҳон чемпионати ғолиби) сардорлик вазифасини бажариб келмоқда. Етакчи боксчига қараб интилиш ўз-ўзидан спортчининг ривожланишида катта туртки бўлади.
Бу жиҳатдан мураббийликни ҳам эътироф этиш зарур. Марат Қурбонов, Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рўзиохунов бутун дунё миқёсида энг яхши мураббийлардан ҳисобланишади. Улар бизни мусобақаларга тайёрлашар экан, доимо яхши тайёргарлик ажойиб натижалар гарови эканлигини уқтириб келишади. Тинимсиз машғулотлар қанчалар қийин бўлмасин биз кучли жамоада эканлигимиздан бахтиёр эдик. Марат Қурбонов бош мураббий сифатида ўз фалсафасини бизги тўғри етказа олган. Шундан келиб чиққан ҳолда ўзбек бокси муваффақиятларини юқоридаги барча омилларнинг маҳсули десак тўғри бўлади. Бу комплекс тизим самараси.
Ҳаваскор боксдаги энг қийин рақиб(лар)и ва келгусида унинг вазнида кимнинг имкониятлари юқорилиги хусусида:
Мен Абилхан Аманкул ва Эумир Марсьялни эътироф этган бўлардим. Улар жуда кучли жангчилар. Бироқ 2018 йилда мен ҳар иккаласини мағлуб этишга муваффақ бўлдим. Марсьяль жуда тезкор, Аманкулни эса ажойиб техника соҳиби деб биламан (Аманкул 2017 йилда, Эумир эса 2019 йилда жаҳон чемпионати финалчиси бўлган).
Кейинги авлод учун Абдумалик Халаковнинг имкониятларини юқори баҳолайман. У талантли ва келажаги ёрқин бўлган жангчилардан бири. Унинг юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олишига ишонаман.
Муваффақиятлари салмоғига қарамай ўзини оддий тутиши ҳақида:
Бу жуда ҳам оддий нарса. Мени бошқалардан ажралиб турадиган ҳеч нарсам йўқ. Мен кучли меҳнат ортидан орзулари ушалган йигитман, холос. Атрофимда ажойиб жамоам борлигидан бахтлиман. Биз ҳар куни янада яхшироқ бўлиш учун ҳаракат қилмоқдамиз.
Мен вояга етган жойда (Хивадаги кичик қишлоқ) яшаш оғир бўлган. Америкадан буткул фарқ қилади. Мен оиламда энг каттаси эдим. Бизда иситиш тизими мавжуд эмасди. Шунинг учун, ўтин териб келиш доим менинг зиммамда бўлган. Бир гал жуда кичкина пайтимда, қишнинг ўртасида уйимизни иситишнинг имкони бўлмаганини эслайман. Совуқдан қалтираганимча ётоғимда ётардим. Бизда на электр ва на иссиқлик бор эди. Мен Аллоҳдан келажакда барчасини ўзгартиришимга ёрдам беришини сўрардим. Мен оилам учун яхшироқ шароит яратиб беришни истардим.
Умрим мобайнида отам менга меҳрибон ва камтар бўлишим кераклигини уқтириб келади. У, Аллоҳнинг бизга атаган бахти бор, дерди. Бу сўзлар менинг юрагимдан жой олган. Мана шу сўзлар менга кимлигимни эслатиб туради.
Диним мен учун жуда муҳим. Мен ғалаба қозонишим ёки мағлубиятга учрашимни Аллоҳданлигига ишонаман. Мен жуда қаттиқ меҳнат қилганман ва ўзимга ишонаман. Лекин Роббимни қалбимда сақлашим доим менга қўшимча ишонч бериб келади. Диним мен учун биринчи ўринда туради, қолганлари ундан кейин. Мен ҳали ўзим хоҳлаган даражага етганимча йўқ. Ҳали олдимда узун йўл турибди.
Таъкидлаш жоизки, суҳбатимиздан икки кун ўтиб Мадримовнинг Ўзбекистонда коронавирус сабаб ташкил этилган қўнғироқлар марказида кўнгилли равишда ишлай бошлагани ҳақида маълумот олдик. Бу хабар ва суҳбатда ўзини тутишидан Мадримовнинг юқоридаги гаплари нечоғлик ростлигини билиб олиш мумкин.
Келгуси олимпиадада иштирок этиш ёки этмаслиги тўғрисида:
Ўзбекистон учун жангга кириш доим шараф бўлиб келган ва агар уларга керак бўлсам, доим ёрдамга тайёрман. Аммо бу мусобақа мен учун эмас. Мени олдинда жуда муҳим жанглар кутиб турибди. Менинг услубим кўпроқ профессионал боксга мос тушади. Мелиқўзиев эса бошқа масала (олимпиада учун курашаётган ўзбекистонлик боксчи). Мен ҳаваскор боксдан кўп нарса ўргандим. Бунинг учун миннатдорман. Бироқ менинг мақсадларим бошқачароқ.
Профессионал боксга ўтиш ва Калифорниядаги ҳаёт ҳақида:
Ярим-профессионал боксда ўтказган 7 та жанг орқали менда анча тажриба шаклланиб қолганди. Шунинг учун, професссионал боксга ўтиш у қадар қийинчилик туғдиргани йўқ. Бироқ Жоэл Диаз қўл остида 20 раундлик машғулот жанглари ўтказиш бошида бироз қийинчилик туғдирди. Диаз биринчи марта келганимдаёқ мени ўз оиласи аъзосидек кутиб олди. Биз жуда кўп машғулотлар ўтказамиз. Жанглар оралиғида спорт формамни бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қиламан.
Мен ўзимни рингда анча енгил ҳис қилмоқдаман. Менга бу ерда шуғулланиш ёқади.
Америка Ўзбекистон бўлолмайди. Аммо ҳамон жамоам билан бирга эканим мени хурсанд қилади. Бектемир Мелиқўзиев, Баҳодир Жалолов, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев ва Элнур Абдураимов каби терма жамоадаги дўстларимнинг барчаси ҳозир профессионал боксда фаолият олиб боришади. Биргалигимиз мени қувонтиради. Барчамиз жаҳон чемпионларига айланишни истаймиз. Ўзбекистондагилар ҳам бизни доим қўллаб туришади.
Ёшлигида кимнинг жангларини томоша қилган ва ҳозирда кимнинг услуби ёқиши тўғрисида:
Ёшлигимда Коста Цзю, Рой Жонс ва Эммануэль Аугустуснинг жангларини томоша қилишни ёқтирардим. Лекин мен учун энг севимли боксчи бу Головкин ҳисобланади. Биз у билан яхши, дўстона алоқаларга эгамиз. У менга Америкага келиб, бокс юлдузига айланиш мумкинлигини исботлаган инсон сифатида ҳам севимли. Унга кўпроқ ўхшашга ҳаракат қиламан. Канело билан иккала жангда ҳам Геннадий устунлик қилган.
Мен Головкин босими, Ломаченконинг оёқ ҳаракатлари ва Аугустуснинг ритмини ўзимда жамлашни хоҳлайман. Бу жиҳатларни ўзимда жамлаш учун машғулотлар олиб бораман. Уларнинг барчаси ажойиб жангчилар.
Ўз услубининг ютуқ ва камчиликлари:
Мен масофада жанг қилишда анча яхши ҳаракат қиламан. Оёқ ҳаракатларида ҳам анча енгиллик ҳис қиламан. Балансни сақлаш жиҳатидан ҳам ўзимни анча кучли ҳис қиламан. Чунки менинг базам қўл жанги ва дзюдо устига қурилган.
Мураббийлар ва ҳаваскор бокс тажрибам ҳам менинг кучли томоним, деб ўйлайман. Диазнинг рақибларимга қарши жангларга мени профессионал тарзда тайёрлашига ишонаман. Мендан эса шунчаки ижро этиш талаб қилинади. Ундан ташқари, менда ҳаваскор боксдаги 300 дан ортиқ жанглар тажрибаси бор. Мен турли жанг услубларига қарши рингда курашганман. Демакки, мени сюрпризлар енга олмайди. Рингда жуда хотиржамман.
Фақат бир жиҳат мени ўйлантиради: фаолиятимда 12 раундлик жанглар бўлмаган. Машғулотларда 15 раундлик жанглар орқали бунга тайёрланиб бормоқдаман. Ишонаманки, бу каби жангларда ҳам керакли натижага эриша оламан. Диаз мени ҳар қандай жангга тайёрлай олувчи универсал мураббий.
Нега 70 кг гача бўлган вазн тоифасини танлагани ҳақида:
66 кг вазнга тушиш мен учун муаммо эмас. Одатда, мен 72-74 кг оралиғида юраман. Эррол Спенс каби кўпчилик боксчилар ярим ўрта вазнда жанг қилишади. Лекин мен у дивизионда ҳаракат қилишни истамайман. Чунки менинг мақсадим титуллар учун курашиш ва ярим ўрта вазн тоифасида буни амалга ошириш қийин бўлади.
70 кг гача вазн тоифаси мен учун кўпроқ мос келади. Бу ерда камарларнинг эгалари тез ўзгаради. Мен ушбу вазнда ўзимни профессионал боксчи сифатида синаб олишим мумкин бўлади. Мен ўз карьерамни мана шу дивизионда бошлаб олишни мақсад қилганман. Мен катта жангларда рингга кўтарилишни истайман. Ярим-ўрта вазн юлдузлари Спенс ва Гарсияга қарши жангларда чемпион сифатида қатнашишни хоҳлайман.
Кейинги жангда ким билан беллашишни исташи хусусида:
Келгуси жангда Жейсон Росарио билан тўқнашсам яхши бўларди. Чунки у ўзида иккита камарни сақлаб турибди(WBA ва IBF). У ажойиб боксчи. Жуллиан Виллиамсга қарши жангда чиройли ғалабага эришди. Мен фаолиятимда ҳар қандай чақириққа нисбатан очиқман. Дебютимдаёқ чемпионлик жангида иштирок этиб, рекорд қўйиш ниятим бор эди. Биз Хауме Мангиа (WBO камари соҳиби) билан жанг ўтказишга уриндик. Ушбу жанг Бивол ва Паскал жанги бўлиб ўтган кечада иккинчи даражали жанг бўлиши керак эди. Аммо у буни истамади. Мен жанглар ташкилотчилиги борасида жамоага мутлақ ишонаман.
Ўз навбатида, Алико Фролов кейинги 8 ой ичида Росарио билан жанг ташкил қилишга урунишларини таъкидлаб ўтди.
70 кг гача бўлган вазн тоифасида ким энг зўрлиги ва ким энг хавфли рақиб бўла олиши мумкинлиги ҳақида:
Менинг фикримча, энг кучлиси Эрисланди Лара. У ноёб техника соҳиби ва мен учун энг қийин рақиб бўлиши мумкин. Мен уни жангчи сифатида ҳурмат қиламан. Шу билан бирга унга қарши жанг қилишни бошқалардан кўра кўпроқ хоҳлайман. Мен ўзимнинг имкониятларимни энг зўрларга қарши баҳсларда исботлашни хоҳлайман. У ҳам доим жанглар учун тайёр, шунинг учун бу жанг яқин орада бўлиб ўтади деб ўйлайман.
Ушбу дивизионда яна кўплаб кучли боксчилар бор. Росарио, Виллиамс, Карло, Харрисон ва бошқаларни мисол қилишим мумкин. Булар орасида Карло энг хавфлиси. Унинг жуссаси катта ва зарбаси кучли. Физик жиҳатдан менга анча қийинчилик туғдира олади. Шунга қарамай, мен юқоридаги барча жангчиларга қарши баҳслар ҳақида ҳотиржам ўйлайман.
Кейинги беш йилдаги режалар:
Аввало, мен биринчи чемпионлик камаримни ютмоқчиман. Ана ундан сўнг мутлақ чемпионлик ҳақида бош қотира бошлайман. Агар Эррол Спенс ва Дани Гарсия каби чемпионлар мен билан 70 кг гача вазн тоифасида жанг қилишни истасалар, муаммо йўқ. Мен вазн ташлаб, ушбу жангларда қатнашаман.
Ўз вазн тоифамдаги ишларимни битириб олгач, ўрта вазнга ўтишни истайман. Бироқ бу яқин орада содир бўладиган иш эмас. Бу мендан улкан жисмоний тайёргарликни талаб қилади. Мен ўрта вазнда ҳам чемпионлик учун курашишни истайман.
Ўзининг мумтоз жангини кимга қарши ўтказишни исташи хусусида:
Канело. 75 кг гача бўлган вазн тоифасида у билан жанг қилиш ажойиб бўларди. Балки мен ушбу дивизионга кўтарилган пайтимда Алварес у ерда бўлмас. Мен 66, 70 ва 75 кг вазн тоифаларида жанг қила оламан. Катта жангларнинг содир бўлиш эҳтимоли юқори. Келгусида нима бўлади? Кўрамиз. Балки Спенс…
Канело билан қай усулда жанг қилмоқчилиги ҳақида:
Канело техникага жуда бой боксчи. У кўплаб буюкларга қарши жанг олиб борган – Мэйвезер, Головкин, Ковалев. Уни жангчи сифатида ҳурмат қиламан. Аммо уни енгса бўлади. Мейвезер, Лара ва Троут буни қандай бажаришни кўрсатиб беришган. Зарба ва ҳаракат. Менинг оёқ ҳаракатларим унга яхшигина муаммолар туғдириши мумкин. Мураббийим ҳар қайси рақибга қарши мени қандай тайёрлашни билади.
Нима уни жангчи сифатида руҳлантириши ҳақида:
Боксни бошлаганимда асосий мақсадим оиламни яхши таъминлаш ва уларга етарлича ғамхўрлик қилишдан иборат бўлган. Юртимнинг фахрига айланиш ҳам мен учун муҳим. Аммо мени пул қизиқтирмайди. Мени тарих яратиш иштиёқи олға бошлайди. Мен жанг қилишни ва ўзимдан бокс учун қандайдир мерос қолдиришни истайман. Головкин ёшларни қандай руҳлантирса, қачондир мен ҳам боксга қадам қўя бошлаган болакайлар учун мотивацияга айланишни хоҳлайман. Мен уларга тинимсиз меҳнат сизни барча мақсадларингизга етаклашига ишонтирмоқчиман. Менинг мақсадим йиллар ўтиб мени буюк чемпион сифатида эслашлари ва фаолиятим давомида энг зўрларига қарши жанг қилиш, чақириқлардан қочмаслик.
Дунёдаги энг кучли боксчи ва мураббийлар:
Қийин савол. Мен Теренс Кроуфордни эътироф этган бўлардим. У мукаммал жанг услубига эга. Мэйвезер ҳақида ҳам шундай фикрларни билдиришим мумкин. Гарчи ҳозирда боксдан кетган бўлса ҳам. У ҳимоявий жанг устаси эди. Унга 100 фоизлик зарба йўллаш имконсиз ҳисобланган. Албатта, Усик, Ломаченко, Канело, Головкин… Улардан ташқари ўзбек боксининг катта ва кучли авлоди етишиб чиқмоқда. Улар тез орада халқаро майдонни забт эта бошлашади.
Ўз мураббийим Жоэл Диазни энг яхшиси, дея оламан. Мен унинг қўл остида шуғулланаётганимдан бахтлиман ва унга тўлиқ ишонаман. Қурбонов, Қиличев ва Рўзиохунов каби ўзбек мураббийларини ҳам эътибордан қочириш ярамайди. Улар Ўзбекистоннинг бугунги муваффақиятларида катта хизмат кўрсатишган.
Келажакда Британияда жанг қилиш нияти борлиги ҳақида:
Албатта. Британияликлар бокс оламидаги энг яхши мухлислардан. Катта тарихга эга давлат. Мухлисларга шоу кўрсатиб бериш ниятим бор. Британияда Лиам Смит ва Келл Брук билан жанг қилиш ажойиб бўларди. Иккиси ҳам кучли рақиблар.
Мадримов ҳақида:
Менинг Мадримов ҳақидаги дастлабки фикрим: у индивидуал томонлама ўсишга эришибди. Ўзига ва истеъдодига бўлган ишончини пайқаш қийин эмас. Ундан ташқари, рақиблари ва уларнинг алоҳида жиҳатлари ҳақида яхшигина маълумотга эга. Бу каби умидли фикрларни бошқа кўпчилик «порламаган юлдузлар»дан ҳам эшитганмиз. Бироқ Исроил Мадримов билан барчаси бошқачадек туюлмоқда. У ўз тарихини яратиш ва одамларга ўз ҳақиқатини исботлаш ниятида. Мен Мадримовнинг кейинги жангларини интизорлик билан кутаман ва уни тез орада Лондонда кўришга умид қиламан.
Инглиз тилидан
Абдулвосид Валихонов таржимаси
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Абдулвосид Валихонов таржимаси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди