10:50 / 08.10.2020
3 508

Мутахассис Шомуродовнинг энг кучли жиҳатини айтди. Бунақаси Европада ҳам қадрланади!

Мутахассис Шомуродовнинг энг кучли жиҳатини айтди. Бунақаси Европада ҳам қадрланади!
Ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовнинг Россия премьер-лигасидан Италия А Сериясига кўчиб ўтгани ҳамон мухлису мутахассислар, мураббийлар томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Гарчи Элдорнинг “Женоа”га ўтиши қисқа муддатда амалга ошган ва кўпчилик буни кутилмаган трансферлигини таъкидлаётган бўлса-да, аслида ҳамюртимизга кучли чемпионатлардан мунтазам таклифлар бўлгани энди-энди ошкор бўлмоқда.

Шомуродов бўйича маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида ҳамюртимиз Россия премьер-лигасида маҳоратини намойиш эта олганидан кейин Германиянинг “Штутгарт, “Шальке”, Испаниянинг “Сельта”, “Севилья”, Франциянинг “Лион”, “Лилль”, Бельгиянинг “Гент”, Туркиянинг “Галатасарой”, Италиянинг “Верона”, “Фиорентина”, “Женоа” каби жамоалари нишонида турганига гувоҳ бўлдик. Бу жамоалар ҳужумчимиз учун 5 миллиондан 15 миллион еврогача булган суммани таклиф қилган экан. Шунингдек, Россиянинг гранд клублари ва Осиё жамоалари ҳам Элдорга кўз тиккани бор гап. Бироқ, ўзбекистонлик ҳужумчи фақат Европадан бўладиган таклифни қабул қилишини билдирган.

Мана, машаққатли меҳнатлар самараси кўриниб, орзулар ҳақиқатга айланиб, Элдор Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа” билан тўрт йиллик шартномага имзо чекди. Ҳозир кўпчилик мутахассислар ҳужумчимизнинг А Серияда ўйнаб кета олиш имкониятларини чамалаш билан овора. Элдорнинг ўзи 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йили бўладиган Осиё чемпионатининг қўшма саралаш турнирига тайёргарлик кўриш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ташкил қилган йиғинда иштирок этмоқда.

Россиялик футбол таҳлилчиси Евгений Шевелев энг оммавий спорт сайтларидан бири Sports.ru махсус лойиҳаси доирасида Элдор Шомуродовнинг Европа футболидаги имкониятига баҳо берди.

- Тўғриси, Шомуродовнинг трансфери бўйича бироз шубҳага берилдим. Чунки Элдор турлича кучли сифатларни ўзида мужассам қилган. Футболда рақибни ортда қолдириб югура оладиган, қанотлардан бўлган узатмаларга эга чиқадиган, “иккинчи қават”даги яккакурашларда устунлик қиладиган ҳужумчилар кам. Европада ўз ўйин услуби билан рақибини бир неча вазифани бажаришга мажбур қилиб, қийин аҳволга солиб қўя оладиган форвардларни жуда қадрлашади. Элдор ана шунақа ҳужумчилардан.

Айтиш жоизки, у узоқ вақт гол уролмади. Бу Шомуродовнинг “тугаб қолганидан” далолат бермайди. Аксинча, бу Элдорнинг шахсий муаммоаси эмас, балки “Ростов” ўйинидаги камчиликдир. Кейинги пайтда “Ростов” жуда оддий ва рақиблар учун қулай тарзда ўйин кўрсата бошлади. Назарий жиҳатдан ростовликларнинг майдондаги хато ва камчиликларини кўп таҳлил қилганмиз.

Шомуродовнинг ўйини жамоадошларига боғланган. Шунга қарамай, у бўш ҳудуд топиб, яхши очила олади. Россия премьер-лигасида бунақа ҳужумчилар жуда ноёб. Кўп форвардлар тўп юқоридан оширилган пайтда ҳимоячилардан “қочиб кетишни”, вақтида тўғри позиция танлашни, очилишни эплай олмайди
, - дейди Шевелев.

Элдор Шомуродовнинг ўйинини таҳлил қилаётган мутахассислар унинг тезкорлиги, бош билан яхши ўйнай олиш қобилияти, аниқ зарба бериш имконияти, дриблинги, яккакурашларда охиригача курашиши куби хусусиятларини алоҳида тилга олмоқда.

Биз эса, Элдорнинг бу ва бошқа ҳислатлари А Серияда ўзини кўрсатиши учун кучли асос бўлишига ишониб қоламиз!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мутахассис Шомуродовнинг энг кучли жиҳатини айтди. Бунақаси Европада ҳам қадрланади!