23:40 / 27.12.2020
3 416

Осиёга отланган ўзбек футболчилари. Ким қаерга кетмоқда?

Осиёга отланган ўзбек футболчилари. Ким қаерга кетмоқда?
Осиё футболида жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Қитъамизнинг кўплаб мамлакатлари миллий чемпионатларида муваффақиятга эришишни истаган жамоалар Европа, Африка ва Жанубий Америкадан маҳоратли чарм тўп усталарини олиб келмоқда. Қолаверса, молиявий томондан қудратли бўлган Хитой, Япония, Жанубий Корея ва араб мамлакатлари жамоалари юлдуз даражасидаги футболчилар ва мураббийларни таклиф этаётгани ҳам оддий ҳолатга айланиб қолди.

Ер куррасида энг катта майдон ва энг кўп аҳолига эга бўлган қитъамизнинг футболи ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатларида ўзбекистонлик футболчиларнинг хизматига ҳам эҳтиёж туғилмоқда. Хорижга кўп футболчи чиқариш мамлакат футболи ривожига туртки бўлишини инобатга олсак, ҳамюртларимизнинг легионерга айланиши миллий футболимиз равнақи учун ҳам айни муддаодир.

Биз мухлислар эътиборига Осиё мамлакатлари жамоалари билан ҳамкорлик қилаётган ва янги мавсумда легионер мақомини олиш ҳаракатида бўлган футболчиларимиз ҳақидаги маълумотларни ҳавола этамиз.

Одил Аҳмедов
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг Чин юртида яна икки йил қолиши ҳал бўлди. Россия чемпионатидан кейин бир неча жаҳон футболи юлдузлари билан бирга “Шанхай СИПГ” жамоасида порлаган Одил Аҳмедов ёзда “Тяньцзинь Тэда” клубига кўчиб ўтганди.

Хитой Суперлигасидаги жойини сақлаб қолган бу жамоа ўзбекистонлик ярим ҳимоячи билан яна икки йиллик шартнома тузди.

Мирзоҳид Маматхонов
Про-лигада Ғузорнинг “Шўртан” клуби шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Мирзоҳид Маматхонов ноябрда Мальдив ороллари чемпионатида иштирок этадиган янги жамоа “Супер Юнайтед спортс” сафига қўшилган эди.

Бу клуб дарвозабонимизнинг ўйинларини интернет тармоқларидаги трансляциялардан кўриб, кейин ўзига чорлади. Мирзоҳиднинг жамоаси келаси мавсум чемпионлик ва мамлакат кубоги ғолиблиги учун курашади. “Супер Юнайтед спортс”нинг асосий мақсади ОФК кубогига йўлланма олиш.

Жалолиддин Машарипов
Суперлигамизнинг энг кучли футболчиларидан бири сифатида эътироф этилаётган Жалолиддин Машарипов анчадан бери турли мамлакатлар клубларидан таклиф олаётгани маълум эди. Ниҳоят, у ҳам легионерга айланмоқда.

Футболчининг отаси сайтимизга берган интервьюсида ўғли Саудия Арабистонининг "Ал-Наср" клубига ўтаётганини айтди.

Отабек Ҳайдаров
Мавсум якунларига кўра, Суперлигага йўл олган “Турон” жамоасини иқтидорли ҳужумчи Отабек Ҳайдаров ҳам Мальдив оролларига йўл олди.
Бу мамлакатда янги мавсум бошланди. Ушбу чемпионатда Отабек “Да Гранде” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Ҳамюртимиз ўзининг биринчи учрашувида гол урди ва голли пас муаллифи бўлди. Отабек Ҳайдаров учраувнинг энг яхши ўйинчи, деб эътироф этилди.

Азиз Турғунбоев
Суперлигада 25 та ўйинда 8 та гол урган “Навбаҳор” етакчиси Азиз Турғунбоевга четдан жиддий чорловлар бўляпти. Маълум бўлишича, унга яқинда Португалия клубидан қизиқиш бўлган.

Қолаверса, Турғунбоевни ўз сафида кўрмоқчи бўлган Осиё жамоалар сафи ошиб бормоқда. Одатга кўра, трансфер ҳал бўлмагунича, клублар номи ошкор қилинмаяпти.

Артём Филипосян
Тажрибали ҳимоячи Артём Филипосян Индонезиядан қайтиб келиб, “Локомотив” клубининг машғулотларида иштирок этаётган эди.
Sports.uz сайтининг аниқлашича, Филипосян Таиланд чемпионатида тўп суради. Бу албатта биринчиси эмас. Аввал ҳам Артём у ерда фаолият олиб борган ва бу гал яна собиқ клуби - “Прачуап”га қайтадиган бўлди.

Рустам Ашурматов
Жанубий Кореянинг “Гвангжу” клубида ишончли тўп сурган ҳамюртимиз Рустам Ашурматов легионер сифатида кўпчиликнинг эътиборини қозонди. Унинг шартномаси келаси йилнинг февралигача давом этади. Истеъдодли ҳимоячи айни пайтда унга қатор жамоалардан чорловлар борлигини ва февралгача уларни ўрганиб чиқиб, кейин қарор қабул қилишини билдирди.

Маълумотларга қараганда, Рустамга Кореянинг кучли клублари қаторида Осиёнинг бошқа чемпионатлари ва Россиядан ҳам қизиқишлар бўлмоқда.

Ислом Тўхтахўжаев
Хитой чемпионатида тўп сурган Ислом Тўхтахўжаев клуби – “Шеньян Урбан” биринчи дивизионда жон сақлаб қолди. Охирги учрашувда эса, футболчимиз ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди ва жамоасининг бир очкони қўлга киритишида ҳиссасини қўшди. Исломга таклифлар етарли. “Шеньян Урбан” билан шартномасини автоматик тарзда яна бир йилга узайтириш имкони бор. Бунгача, тажрибали ҳимоячи клуб раҳбарияти билан яна бир бор гаплашиб, ўз талабларини айтмоқчи.

Шароф Муҳитдинов
"Насаф" ярим ҳимоячиси Шароф Муҳитдинов легионерга айланишга яқин турибди. Маълум бўлишича, Шароф айни дамда БААда янги жамоаси сафида кўрикдан ўтмоқда. Манбанинг хабар қилишича, бу жамоа катта эҳтимол билан "Шабаб Ал-Аҳли" бўлиши мумкин.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Муҳитдинов "Пахтакор" билан келишувга эришгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, "Шабаб Ал-Аҳли" сафида ҳамюртимиз Азиз Ғаниев ҳам тўп тепади.

Жавлон Гусейнов
Бу футболчимиз фаолиятини Индонезия чемпионатида давом эттириши ҳал бўлган масаласи. У Индонезияда ўтган мавсумдан бери тўп суриб келмоқда. Гусейнов “Борнео” клуби билан икки йиллик янги шартнома имзолаган. Янги мавсум эса келаси йилнинг февраль ойидан старт олишини ҳам айтиб ўтди. Гусейнов “Борнео” клубининг сардори ва етакчиси ҳисобланади. Шу сабабли бу жамоа ҳамюртимизни қўйиб юборишни истамаган ҳолда якунига етаётган шартномани узайтиришга эришишди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиёга отланган ўзбек футболчилари. Ким қаерга кетмоқда?