15:53 / 11.02.2021
2 778

Италия матбуоти: Шомуродов "Женоа"даги асосий фигура

Италия матбуоти: Шомуродов "Женоа"даги асосий фигура
Тўғриси, ўзбекистонлик футбол мухлислари Элдор Шомуродов “Женоа” таркибига қўшилганидан кейингина бу жамоага жиддий равишда мухлислик қила бошлади. Ҳатто 2006-2007 йилларда генуяликлар сафида Илёс Зейтуллаев ўйнаган даврда ҳам “Женоа”га етарли даражада эътибор қаратмаганмиз.

Шомуродов жамоаси ҳозирги кунга келиб, аутсайдерлар сафидан чиқди ва мусобақа жадвалида тобора юқори кўтарилиб бормоқда. Давиде Баллардини келганидан кейин жамоа ўйинида кескин ўзгариш бўлди. Ҳозир генуяликлар А Сериянинг ҳар қандай етакчи жамоаси билан ҳам тенгма-тенг курашаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Таркиб ҳам аввалги мураббий Роландо Марандан кейин айтарли даражада ўзгартирилмади. Барчаси ўша футболчилар. Демак, ҳамма гап янги бош мураббий Давиде Баллардининг тажрибаси, маҳорати ва футболчиларни ўйната олиш қобилиятига боғлиқ экан. Маран шу футболчилардан унумли фойдалана олмаганига ҳайрон қолиб ўтирган бўлса керак.

“Женоа”нинг асосий кучи ҳужум чизиғида экани ўз исботини топмоқда. Олдинги позиция учун рақобат ўта қаттиқ. Баллардини қўллаётган тактика бир пайтнинг ўзида иккит нафар ҳужумчидан фойдаланиш имконини бермоқда. Лекин шу бир жуфт ўрин учун Горан Пандев, Элдор Шомуродов, Маттиа Дестро, Жанлука Скамакка, Марко Пьяца ўзаро курашмоқда.

“Наполи”га қарши ўтган турда Шомуродов кичик жароҳат туфайли ўйнамади. Элдорнинг ўрнини эгаллаган қария Пандев икки аниқ зарба билан бошланғич таркибга ҳақли эканини кўрсатиб қўйди.

13 февраль куни “Торино”га қарши бўладиган ўйин олдидан Давиде Баллардини бошланғич таркибда кимни майдонга туширишини аниқлаб олишга қийналадиган кўринади. Пандев ёши ўтиб қолганига қарамай, ўзига берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмоқда ва муҳим голларни уряпти. Тўққизта гол урган жамоа тўпурари Маттиа Дестро сўзсиз асосий ҳужумчи ролида бўлади. Лекин Дестро аксарият голларини Шомуродов яратган вазиятлардан киритганини унутмаслик керак. Кўпчилик Маттиа ўзбек футболчиси ёрдамисиз рақиб дарвозасига йўл топишга қийналишини айтмоқда.

Шомуродовнинг ягона камчилиги ҳужумчи бўла туриб, гол ура олмаётганида. Устунлиги эса ҳар қандай ҳужумчи билан кучли жуфтлик ҳосил қила олиши ва ҳар бир учрашувда голли вазиятлар яратаётганида. Скамакка ва Пьяцага барқарорлик етишмаяпти.

Италиянинг www.primocanale.it сайти журналисти Жованни Порселла “Торино”га қарши ўйин олдидан Пандев ва Шомуродовнинг имкониятлари солиштирилган мақоласини эълон қилди. Унда вазият қуйидагича қаламга олинади:

Гаттузо жамоасига қарши ўтказилган аввалги тур ўйинида А Сериядаги голлари сонини 100 тага етказиб олган фахрий Пандев бўлажак учрашувда Маттиа Дестро билан бирга ҳужумда ўйнашга асосий даъвогар эканига шубҳа йўқ. Скамакканинг ўйинида пасайиш давом этмоқда. Шомуродов эса “Женоа” ўйинида асосий фигура ҳисобланади.

Ўзбек футболчиси ажойиб гавда тузилишига эга, тезкор, курашувчан, рақибни алдаб ўта олади ва қочиб кетиши мумкин. Энг муҳими, Элдор худбинлик қилмайди, тўпни қизғанмайди. У тезкор ҳужум ва қарши ҳужум тактикасини қўллайдиган жамоа учун жуда мос келадиган футболчи. Шомуродов итальянчада тобора кўп нарсаларни тушунаётгани унга қўл келмоқда. У рақиб дарвозасига кўпроқ хавф солиши ва гол уриши керак. Хуллас, Баллардини “Торино”га қарши ўйинда қийин танловни амалга ошириши керак
”.

Дарҳақиқат, рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Шомуродов ҳам жароҳатидан қутилган ва айни пайтда асосий гуруҳда бўлажак баҳсга тайёргарлик кўрмоқда. Элдор рақобатдан қўрқмайдиган йигит ва у буни бир неча бор исботлаб қўйган. Эндиги вазифа эса, голлар сонини ошириш. Шомуродов қанча кўп гол урса, уни танқид қилаётганларга муносиб жавоб бўлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Италия матбуоти: Шомуродов "Женоа"даги асосий фигура