16:30 / 24.02.2021
1 078

Максим Шацких: "Рух" клубидагиларга қўнғироқ қилиб, бу йигитни қўлдан чиқармасликларини сўрадим"

Максим Шацких: "Рух" клубидагиларга қўнғироқ қилиб, бу йигитни қўлдан чиқармасликларини сўрадим"
Яқинда иқтидорли ҳужумчимиз Бобур Абухолиқов Украинанинг “Рух” клуби билан шартнома имзолади ва бу борада ОАВда кенг ёритилди. Шу тариқа, футболчи фаолиятида илк бор легионерга айланди.

Бунгача у фақат “Насаф”дан бошқа жамоада ўйнамаганди. Энди эса фаолиятида ўсиш учун четга кетиш вақти етиб келганини ўзи ҳам яхши тушуниб турганди. Бунинг устига “Насаф”даги вазият қандайлигини барча яхши билади. Юзага келган молиявий муаммолар ҳамда футболчиларга етарлича эътибор берилмаётгани барибир таъсир кўрсатиши турган гап. Бобур эса фаолиятида янги саҳифа очди.

Унинг Украина клубига кўчиб ўтиши юзасидан сайтимиз ҳам фаол тарзда ёритди. Маълум бўлишича, “Рух” клуби раҳбарларига Максим Шацких қўнғироқ қилиб Абдухолиқовни қўллаб-қувватлаши борасида гапирган ва буни “Рух” клуби спорт директори Владимир Лапицкий айтиб ўтган. Бу албатта ёқимли эшитилди. Чунки ўз вақтида “Рух” клубида ҳам тўп сурган Шацкихни Украинада жуда яхши билишади ва ҳурмат қилишади. Демак, у собиқ клубининг ўзбекистонлик ҳужумчини харид қилишига бефарқ қараб турмаган. Шу сабабли sports.uz мухбири Шацких билан алоқа ўрнатди. Бунинг сабаби айнан Абдухолиқов ва “Рух” клуби билан боғлиқ эди.

- Максим Александрович, ўзбек футболини қанчалик кузатиб боряпсиз?
- Ўзбек футболи ҳақида фақат дўстларим билан суҳбатлашган пайтда хабардор бўлиб боряпман холос. Чунки чемпионат ўйинларини бизда намойиш этишмайди.

- Бу ҳақда бежизга сўрамагандим. Чунки яқинда ҳамюртимиз Бобур Абдухолиқов сиз тўп сурган Украинанинг “Рух” клубига кўчиб ўтди. Айтишларича, сиз ўша клуб раҳбарларига футболчимиз борасида қўнғироқ қилган экансиз...
- Ҳа, “Рух” клубидагиларга телефон қилдим ва бу йигитни қўлдан чиқармасликларини сўрадим. Аммо шахсан унинг ўзи билан таниш эмасман.

- Эшитишимизча, “Рух” клубининг келажагини ёрқин баҳолашяпти. Бу гапларда жон борми?
- Жамоанинг ўзига келсак, бу анчадан бери юқори даражага чиқиш истаги борлигини намойиш этиб келмоқда.

- Тушунарли. Ундай бўлса, илгари “Рух” жамоасида тўп сурган собиқ футболчи сифатида Бобур Абдухолиқовга қандай маслаҳат берасиз?
- Бу саволниниг жавоби оддий: қўлингдан келган ишни иложи борича яхши бажар, шунда мақсадингга эришасан.

- Дарвоқе, “Спартак”дан “Уфа”га қайтган Остон Ўрунов масаласида фикрингиз қандай?
- Ўруновни қандай тўп суришини ҳали бирор марта ҳам кўрганим йўқ. Шу боис бирор нима дея олмайман. Унга фақат омад тилайман.

Шацких ўз одатига кўра, саволларимизга қисқа ва лўнда жавоб бериш билан чекланди. Лекин кўриниб турибдики, у “Рух” клубининг Абдухолиқов бўйича трансферини чиндан ҳам қўллаб-қувватлаган. Аслида Шацкихга яна бошқа саволларимиз ҳам бор эди. Аммо ўзининг вақтидан келиб чиқиб ўзи истаганларига жавоб йўллади деб ҳисобладик. Лекин шунисига ҳам шукр.

Шунингдек, Остон Ўрунов ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ҳали ўйинини кўрмаганлигини таъкидлади, ўтган сафар ҳам шунга ўхшаш жавоб билан чекланганди. Балки чиндан ҳам шундайдир, яна билмадик. Ҳарқалай у шундай жавоб йўллашни маъқул кўрди. Лекин Шацкихнинг собиқ клубида Абдухолиқовни кузатиб боришига ишонса бўлади. Ахир клуб раҳбарларига ҳам бежиз қўнғироқ қилмаган-ку, демак у Бобурга бефарқ эмас.

“Насаф” тарбияланувчиси янги клубига кўчиб ўтганидан кейин жамоаси “Шахтёр”га қарши ўйин ўтказди. Ўша беллашувда ҳамюртимизнинг дебютини кутгандик, аммо бу амалга ошмади. Лекин яқин орада уни “Рух” таркибида расмий учрашувда кўрамиз, деб умид қиламиз.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, куни кеча Абдухолиқов билан гаплашдик. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетаётганини, янги клубида ўзини қулай ҳис қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, унга илк таассуротларини билиш мақсадида суҳбатлашиш таклифимизни ҳам ўртага ташлагандик, бунга жавобан ҳужумчимиз янги жамоаси сафида бир-иккита ўйин ўтказиб олиб, ўзига янги кўникмаларни ҳосил қилгач, кейин бемалол гаплашишини айтди. Муҳими, Бобурнинг янги клубида ўз сўзини айта олишига қурби етади.

Шуҳратбек Жўраев
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Максим Шацких: "Рух" клубидагиларга қўнғироқ қилиб, бу йигитни қўлдан чиқармасликларини сўрадим"