Фото: OWEN HUMPHREYS/GETTY IMAGES
Англиянинг машҳур клубларидан бири «Ньюкасл» 1,5 йил давом этган музокаралардан кейин ниҳоят Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бошқарувидаги Public Investment Fund'га сотилди. Расман ҳукуматдан айри бўлган бу фонд аслида Саудияга ҳукуматига қарашлидир.
«Олақарғалар» капитал қиймати 430 миллиард доллар бўлган дунёдаги энг йирик фондлардан бири бошқарувига ўтди. Ҳозирда АПЛ турнир жадвалида охирги поғоналарда санғиб юрган «Ньюкасл» бошига қандай омад қуши қўнганини тасаввур қилдингиз-а? Аммо бу Англиянинг ўз анъанасига эга ўртамиёнаси бир юмалаб катта жамоага айланиб қолганини англатмайди.
Бу қопга солиб қўйилган пуллар эмас
«Ньюкасл» Саудия фонди томонидан сотиб олингач, кўпчилик фонднинг пулларини ҳисоблаб кетди. Масалан, «Манчестер Сити» дунёнинг энг бой клуби бўлса, унинг хўжайини Шайх Мансурнинг бойлиги 20 миллиард доллар. «ПСЖ» хўжайини Носир ал-Хелайфининг пули «атиги» 8 миллиард доллар. «Ньюкасл» бошқарувини қўлига олган фонд эса 430 миллиард долларга баҳоланади. Аммо бу «Ньюкасл»ни «Сити»дан 20 баравар бадавлат клубга айлантириб қўймайди. 430 миллиард долларга баҳоланган фонд фақат «Ньюкасл»га футболчи олиб бериш билан шуғулланмайли, бутун дунёдаги футболчилар ҳам бунча турмаса керак аслида.
Шунингдек, 430 миллиард доллар дегани худди шунча миқдордаги Бенжамин Фраклин тасвири туширилган купюраларга тўла қоплар саудияликлар омборида сақланаётганини англатмайди. Фонднинг бор-буди, бинолари, активлари, қиймати шунчага баҳоланган. Унинг асосий вазифаси Саудияни нефтга боғланиб қолишдан қутқариш экани инобатга олинса, «Ньюкасл»га бу пулнинг жуда кам қисми тегишини англаш мумкин.
Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистондаги «Ньюкасл» мухлисларининг пул миқдорини эшитиб, юраги ёмон бўлиб қолмаслиги учун эди. Аслида эса Алан Ширернинг собиқ клуби ақл бовар қилмас катта пулга эга фонд бошқарувига ўтгани бор гап. Лекин бу муваффақият калити ҳам эмас.
Анъаналар миллиардлар билан тўқнашуви
Англиянинг ўз анъаналарига эга бўлган клуби «Ньюкасл» ўз тарихида 4 марта Англия чемпиони бўлган. Охирги марта 1927 йилда. Клубнинг охирги муваффақиятли даври сифатида Алан Ширер ўйнаган йиллар эсланади. 1995-96 йилги мавсумда Кевин Киган билан, кейинги мавсумда эса Кенни Далглиш билан «олақарғалар» АПЛда иккинчи ўринни эгаллашади. Далглиш мураббийлигидаги тугаган мавсумнинг ярмигача ҳам жамоани Киган бошқарганди. Албатта, у даврларда жамоанинг асосий юлдузи Алан Ширер бўлган. «Гол одам» лақабини олган супер Алан билан «Ньюкасл» кейинроқ Бобби Роббсон мураббийгида ЕЧЛда ҳам ўйнаган.
Шу-шу, «Ньюкасл»да кичик порлашлар бўлиб туради, Бэллами, Кэррол, Ба каби юлдузлар порлаб қолади, аммо умумий планда олганда жамоа олдинга қараб силжиётгани йўқ. Аксинча охирги йилларда пасайиш бўлди, жамоа ҳатто АПЛдан тушиб ҳам кетди. Бу эса 2008 йилдан буён клубнинг эгаси ҳисобланадиган Майк Эшлига нисбатан мухлисларнинг «меҳрини оширди». Мухлислар бир неча йилдан буён унинг кетиши талаб қилишади. Саудияликлар савдони пиширганда, улар аввало Эшлидан қутулганларига байрам қилишди, кейинчалик араб пулларидан маст бўлишни бошлаб юборишди.
Шу тариқа, ўз анъаналарига эга АПЛ ўртамиёнаси катта пулларга кўмилди. Бундан клуб мухлислари хурсанд бўлаётгани табиий. Аммо бошқа томондан энди янги хўжайинлар анъаналарга тупуришини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Улар катта пул тиккач, тезда натижа келишини кутишади. Бу эса инглиз олд скул вакилларидан бўлган «Ньюкасл» мухлисларини бироз ранжитиши бор гап. Янги раҳбарият клуб академиясини кучайтириши, «Манчестер Сити» каби ўз футболчиларини экспорт қиладиган супержамоа қуриши ҳам мумкин, аммо ҳозир эмас. Ҳозир аввалига ном чиқариб олиш керак. Бунинг учун эса аввало тез натижа қила оладиган Конте типидаги мураббий, ҳозирги жамоасида ўйин амалиётига эга бўлмаган, лекин катта маоши туфайли бошқа клубларга ўтиши ҳам қийин бўлган Бэйл каби футболчилар олиб келинади.
«Ньюкасл» ривожланишнинг «Манчестер Сити» йўлини танлашини ҳам кутиш қийин, чунки «шаҳарликлар» ҳам нисбатан эволюцион йўлдан бориб, жамоани босқичма-босқич кучайтириб боришганди. Манчини ҳам натижа қилиб қочадиган бир мавсумлик мураббий эмасди. Ҳозир бирламчи вазифаси АПЛда жон сақлаб қолиш бўлган «Ньюкасл»нинг янги хўжайинлари бошқача ҳолатда. Улар футбол клубларини бошқаришда янги ва тез ном чиқаришни исташади. Бунинг оқибатида эса...
Таркиб парчаланиб кетиши мумкин
«Ньюкасл»ни ҳозирда Стив Брюс бошқармоқда. Жамоа охирги ўйинларда бораётгани, ҳали бирорта ўйинда ютмаганига қарамай, таркибида зўр футболчилар йиғилган. «Борнмут»да порлаган Мэтт Ритчи, Каллум Уилсон, Райан Фрейзер, дастлаб «Ливерпуль»даги ўйинлари орқали танилган безори Жонжо Шелви, Франция чемпионатидан келган техника устаси Алан Сент-Максимен, АПЛнинг гранд жамоаларида ҳам ўйнаб кета оладиган Мигел Алмирон, ўз вақтида «Ливерпуль»нинг «кушандаси» бўлган Дуайт Гэйл, клуб афсонасига айланиб бораётган, онасидан ҳар бир голи учун 5 фунтдан олиб турадиган Жамол Ласселс каби кучли футболчилар шу клубда ўйнайди. Агар инглиз футболида янги бўлган саудияликлар радикал йўлдан борса, бу футболчилар жамоани тарк этиши мумкин. Бу эса парокандалик дегани.
Англия чемпионати шунчалик кучлики, у ерда дунёнинг энг зўр футболчиларидан иборат жамоани шундай олиб бориб қўйсангиз, ёввойи футбол атмосферасига мослашиб, жипслашиб ўйнай бошлагунига қадар бир неча йил ўтиб кетади. Ҳа, юлдузларни қисқа муддатда тўплаб АПЛда тезда натижа кўрсатиш имконсиз. Буни «Челси» ва «Манчестер Сити» мисолида кўрдик. Кечагина либосига Ҳолливуд деб ёзиб олган АПЛ дебютанти Европанинг амалдаги энг зўр клуби «Челси»ни не кўйга солганини кўрдингиз. Яъни «Ньюкасл»ни яқин йилларда совриндорлар қаторида кутиш тўғри бўлмайди.
Бундан ташқари, юлдузлар ҳам «Ньюкасл» мени қачон олиб кетаркин деб кутиб тургани йўқ, ҳамма кучли футболчиларнинг ўз клуби бор. Бошланишига саудияликлар топ-клубларда сиғмай қолаётган Бэйл ёки Коутиньо типидаги футболчиларни олиб келишга ҳаракат қилса керак, чунки улар ёш, лекин номи чиқмаган кучли футболчилардан жамоа тузмоқчи эмаслиги кўриниб турибди. Уларга шоу керак. Худди «ПСЖ»нинг ўйинларида бўлгани каби машҳурлар «Ньюкасл»нинг ўйинларига ҳам тушишини хоҳлашади. Аммо «ПСЖ» ҳам ҳар қандай футболчи келадиган клубга айланиш учун кўп пул сарфлашдан ташқари кўп меҳнат қилди ҳам.
Мураббий ким бўлади?
«Ньюкасл»да тез орада мураббий ўзгаришини кутиш мумкин. Конте типидаги бирор тез ўзгариш қила оладиган мураббий олиб келиниши эҳтимоли юқори. Контенинг ўзи «МЮ»дан таклиф бўлишини кутмоқда. Лекин тез орада Манчестердан аниқ таклиф бўлмаса, у бошқа вариантлар ҳақида ҳам ўйлаб кўриши мумкин.
«Ньюкасл»нинг 430 миллиард долларлик хўжайинлари жамоанинг оёғини осмондан қилиб юбориши ҳеч гап эмас. Улар хоҳлаётган вариант учун эса аввало кучли мураббий керак. Ҳозир ҳар хил мураббийлар, ҳатто Моуриньо ҳақида миш-мишлар чиқмоқда, аммо бу вариант бироз тўғри келмайди. Жозенинг ўзи ҳам ҳозир фақат «Рома» ҳақида ўйлаётганини айтди. Балки бошланишига лигада жон сақлашни биладиган (ўтган мавсум буни илк марта эплолмаган) Сэм Эллардайсдан бошлашар?
Катта пулсиз катта жамоа бўлмайди
«Ньюкасл» мухлислари саудияликлар клубни сотиб олганидан хурсанд бўлганича бор. Ахир замонавий футболда катта пулларсиз катта жамоа қилиб бўлмаслиги табиий. Ҳар қандай топ-клуб катта пуллар эвазига ўзини ушлаб қола олади. Аммо улар катта жамоалиги учун пулни ўзи топади, «Ньюкасл»га эса бу пул «лотереяга чиқди». Уни ақл билан сарфлашса, жамоа чиндан АПЛ грандига айланиши мумкин. Бир неча йилдан кейин, албатта. Бу борада Алан Ширер ҳам гапирди. «Ниҳоят бизнинг ҳам кўкрагимизга шамол тегадиган бўлди», деди клуб афсонаси. «Ньюкасл» охирги марта 1927 йил Англия чемпиони бўлганини инобатга олсак, бу тарихий ғалабанинг 100 йиллигига «олақарғалар» яна Англия чемпиони бўлишлари сенсация бўлмаса керак.
«Ньюкасл» тўғри ривожланиш йўлидан борса, АПЛда ҳам яна бир рақобатбардош жамоа пайдо бўлади. Аммо футболга эмас, номга, пиарга эътибор берилса, бу янги «Эвертон» даражасидаги пули кўп, аммо катта жамоага айланишига доим нимадир етмай қоладиган фабрикага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли, ишни тўғри бошқарувдан бошлаш керак. Буни «ПСЖ» мисолида кўриш мумкин. Бир вақтлар пули кўплиги ва ҳаммани сотиб олаётгани сабаб танқид қилинган «ПСЖ» бугун ўз номига эга ва Месси, Рамос каби футболчиларни текинга қўлга киритмоқда. Сабаб – тўғри маркетинг. Араб шайхлари ишни Леонардони олиб келишдан бошлашганди.
Ғарб хушламайдиган саудлар
«Ньюкасл»га катта пуллар билан бирга катта муаммолар ҳам келиши мумкин. Масалан, Саудияни ғарбда нефтнинг пулини еб ётган бир тўда одамнинг қўлидаги давлат ва Жамол Қошиқчи каби ўзини танқид қиладиган журналистларни ўлдириб юбориши мумкин бўлган сиёсат ҳукмрон ўлка деб билишади. Ҳозирдан «Ньюкасл» саудияликлар тасарруфига ўтганига қарши намойишлар бошланиб кетди. АПЛнинг 19 клуби бу мавзумни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказди. Албатта, Европа футболи вакиллари «Ньюкасл» Саудия ҳукумати таъсирига ўтиб қолишини ёмон сигнал деб билишади.
Чунки саудияликлар катта эҳтимол билан «Ньюкасл» орқали Европа футболига кириб келишни исташмоқда. Европада пулдан ёки ҳар қандай бренддан сиёсий қурол сифатида фойдаланишни хушлашмайди. Саудлар бундай қилмаслигига эса кафолат йўқ. Масалан, эртага улар АПЛ трансляциясини сотиб олиши, хоҳласа, бирорта тур ўйинларини ҳеч кимга узатмай қўйишлари мумкин деб ўйлашади у ерда. Ва бундай бўлиш эҳтимоли йўқ эмас.
Хуллас, «Ньюкасл» лойиҳаси «Манчестер Сити» ва «ПСЖ»дан кейин янги муҳокама объектига айланади. Қандай оҳангдаги муҳокамалар бўлишини эса келажак кўрсатади. Ҳозир аниғи шуки, «Ньюкасл» эплаб бўлмайдиган катта пулга эга саудияликлар қўлига ўтди. Бу пуллардан қанчаси клубга тегади, кейинги сиёсат қандай бўлади – бу ҳақда клубдагиларнинг ўзи ҳам билмайди. Ўша гап: бу ёки янги «ПСЖ» ёки янги «Эвертон» бўлади.
Ўткир Жалолхонов
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Файзуллаев ва Европа: унга берилган икки хил баҳо...
КХДР аскарларлари урушга кирди. Разведка нима демоқда?
Туркия клуби собиқ президенти ҳакамга ҳужум қилгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди