20:20 / 18.11.2021
2 292

Жасур Яхшибоев: Абрамов нега мени ёқтирмаганини билмайман

Жасур Яхшибоев: Абрамов нега мени ёқтирмаганини билмайман
"SPORT TV" канали Молдовиянинг "Шериф" клуби ҳужумчиси - Жасур Яхшибоев билан интервью ташкиллаштирди. Суҳбатда, "Реал" дарвозасига урилган голи, ЕЧЛ атмосфераси, келажакдаги режалар ва бошқа кўплаб мавзулардаги саволларга футболчи жавоб берди.

- Мадрид клуби дарвозасига киритган голингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
- "Сантьяго Бернабеу"ни ёшлигимда телеэкран орқали томоша қилганман. Ҳар қандай ёш футболчининг орзуси шу аренада гол киритиш. Орзуйимга етдим.

Гол қувончини сўз билан тасвирлаб бериш мушкул. Айниқса, майдонда юлдузлар билан тўп тепаётганим кучли ҳаяжонга сабаб бўлди. Яқинда телевизорда ўйинларини томоша қилганларим билан яшил майдонда ҳаракат қилиш бошқача. Урашувдан олдин гол киритишни ният қилгандим.

- Сречко Катанец сизни йиғинга таклиф этди, бироқ жароҳат сабабли Грузия билан беллашувни ўтказиб юбордингиз?!
- "Интер" билан ўйин пайтида оёғим лат еди. Шунга қарамай, МТЖдан таклиф олдим. Тўғриси, жароҳатни енгил, деб ўйлагандим. Тошкентга келгач, машғулотларда оғриқ кучайиб кетди. Шу боис, мураббийлар билан келишган ҳолда Тошкентда қолдим. Боз устига, клубимда ЕЧЛ доирасидаги муҳим ўйинларда майдонга тушишим лозим. Грузияга қарши баҳс ўртоқлик мақомида эканлиги учун улар таваккал қилишни истамади.

- Сречко Катанец билан суҳбатлашдингизми?
- Кўп сўзлашишга имкон бўлмади. У биринчи навбатда интизомни талаб қилмоқда. Бу табиий. Тартиб-интизомсиз натижа бўлмайди. Ҳар бир футболчи ўз ватани шаънини ҳимоя қилиш учун майдонда жанг қилишга тайёр бўлади. Катанецдан олдинги мураббийлар билан келиша олмадик. Аввал ҳам МТЖда тўп тепишни истаганман. Икки бор чақирув олганимга қарамай, икки сафар ҳам жароҳат бунга имкон бермади. Грузия билан учрашувда ҳам майдонга тушмоқчи эдим, аммо имкони бўлмади.

- Вадим Абрамов билан қандай муаммо бор эди?
- Очиғини айтсам, Абрамов билан ҳеч қандай жанжал бўлмаган. Балки унинг тактикасига ёки ўйин услубига мос келмагандирман. Бирорта ўйинда иштирок этганим йўқ. Ваҳоланки, жамоага ёрдам беришга тайёр эдим.

- Сўнгги йилларда клубларни тез-тез алмаштиряпсиз. Айтингчи, танловни нима эвазига амалга оширасиз?
- Биринчи навбатда ўйин амалиётига эга бўлишга ҳаракат қиламан. Агар пулни танлаганимда, араб клубларидан бирига бориб қўшилган бўлардим. Менда ҳозир ҳам улардан таклифлар бор. Асосий ниятим, Европанинг топ клубларида ҳаракат қилиш.

- Агентлар масаласига қандай қарайсиз?
- Ҳозирги замонда кўплаб агентлар футболчиларнинг келажагини эмас, ундан қандай қилиб пул ишлаш мумкинлиги ҳақида ўйлайди. Мен ўз агентларимга 100 фоиз ишонаман. Улар араб клубларидан тушган молиявий бақувват таклифларни менга айтишди, бироқ Европада қолишим яхшироқ эканлигини айтишди. Ўзим кетмоқчи ҳам бўлдим, бироқ улар билан суҳбатдан сўнг фикримдан қайтдим.

- Шота Арвеладзе билан нима содир бўлди?
- У келгач, ўйинларимни томоша қилди. Ҳатто, ОЧЛ саралаш баҳсининг биринчисида майдонга ҳам туширди. У мени заҳирага олди. Жахл устида, узатган қўлини олганим йўқ. Ўша воқеадан сўнг, ўртамизда низо пайдо бўлди. Аввалига бир ой машғулотлардан четлатди. Кейин, деярли ўзимни кўрсатишимга имкон бермади.

- "Шериф" қандай жамоа?
- Нима десам экан, уларни ҳозир қанадай тўп тепаётганини ҳамма кўриб турибди. Жамоа яхши шаклланган. "Интер" ёки "Реал" билан солиштира олмасак ҳам, "Шериф"ни кучли жамоа, деб айта оламан.

Европа Чемпионлар лигасида мақсадимиз гуруҳдан чиқиш. "Реал" ва "Шахтёр" биздан кучлироқ бўлишига қарамай, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. "Шериф" ўз тарихида илк бор ЕЧЛда иштирок этмоқда. Биз аллақачон тарих яратдик. Бу билан чекланмоқчи эмасмиз. Имкон бор экан, албатта, курашиб кўриш шарт. Ҳозир Европа лигасида иштирок этиш учун қулай имкониятга эгамиз. Ҳеч бўлмаганда, шу йўлланмани сақлаб қолиш учун ҳам курашишимиз шарт.

- Жароҳатингизни даволатиш учун Молдовага қайтасизми ёки режаларингиз ўзгачами?
- Бу ерда операция қилиш кераклиги ҳақида айтишди. Клубимдагилар тезроқ келишимни айтяпти. Клуб шифокорлари билан маслаҳатлашиб, якуний қарорни чиқарамиз.
Ҳозирча, қачон майдонга қайтишим ҳақида аниқ маълумот йўқ. "Реал"га қарши жавоб учрашувида майдонга тушмоқчиман. Буни жудаям истаяпман.

- "Шериф" билан шартномани узайтирмоқчимисиз?
- Ҳозир ижара асосида "Шериф" шарафини ҳимоя қиляпман. Агентларим Европанинг бир нечта клубларидан таклифлар борлиги ҳақида маълумот берган. Қишда келажагим борасида қарор қабул қилишим мумкин.

Италияга ўтишим ҳақидаги хабарлар миш-миш. Топ-5 бўлмаса ҳам, Португалия клубларидан таклифлар тушяпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жасур Яхшибоев: Абрамов нега мени ёқтирмаганини билмайман