Сўнгги йилларда сунъий интеллект дунё бўйлаб энг илғор ва муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистонда ҳам бу соҳадаги ютуқлар ва тажрибалар тобора кўпайиб, янги мутахассислар майдонга чиқмоқда. Шу муносабат билан “Юксалиш” ҳаракати ва Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) мамлакатда СИ соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган етакчи шахслардан иборат “ТОП-30 сунъий интеллект лидерлари” рўйхатини тузди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, асосий мақсад – соҳада фаолият юритаётган мутахассисларни эътироф этиш, уларнинг илмий ва амалий ютуқларини кенг жамоатчиликка танитиш ва ёш авлод учун илҳом манбаи яратишдир.
Рўйхат алфавит тартибида шакллантирилиб, унга тадбиркорлар, олимлар, стартапчилар ва давлат ташкилотлари вакиллари киритилди. Улар орасида “Numeo.AI” асосчиси Акмал Пайзиев, “Mohirdev” платформаси раҳбари Анвар Назаруллаев, “UzbekVoiceAI” стартапи асосчиси Бахтиёр Хасанов, шунингдек, ТИҚХММИ профессори ва техника фанлари доктори Дилноз Муҳаммадиева каби таниқли шахслар бор. Шу билан бирга, Meta компаниясида СИ тадқиқотлари бўйича вице-президент сифатида фаолият юритаётган Руслан Салоҳиддинов ҳам мазкур рўйхатдан жой олди.
Айни пайтда рўйхатга кирган номзодлар икки босқичли танлов асосида сараланган. Биринчи босқичда “Юксалиш” ва AICA жамоаси очиқ манбалар — оммавий ахборот воситалари, илмий журналлар, интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотлар ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги тавсиялари орқали 50 дан зиёд номзодларни саралади.
Иккинчи босқичда эса AICAнинг 1380 нафар резиденти иштирокида баҳолаш жараёни ўтказилди. Улар 8 та асосий мезон бўйича ҳар бир номзодни баҳолашди: амалга оширилган лойиҳалар таъсири, халқаро ҳамкорлик, инвестиция жалб қилиш қобилияти, миллий стратегиялардаги иштироки, янги ёндашув ва таклифлар, илмий-оммавий чиқишлар, таълим ва маърифатга қўшган ҳиссаси ҳамда миллий ва халқаро эътирофи.
“Юксалиш” тарқатган маълумотга кўра, рўйхатда нафақат амалиётчи мутахассислар, балки СИ назарияси ва илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган шахслар ҳам бор. Масалан, Бунёдбек Иброҳимов сунъий интеллект ва компьютер фанлари бўйича халқаро даражада илмий ишларни олиб бораётган бўлса, профессор Дилноз Муҳаммадиева тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда СИ қўлланишига бағишланган 20 дан ортиқ илмий иш муаллифи сифатида алоҳида эътироф этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур рўйхат нафақат соҳа тараққиёти учун янги туртки, балки Ўзбекистонда СИ соҳасида фаолият кўрсатаётган ёшлар учун ҳам руҳлантирувчи манба бўлиб хизмат қилади. Унинг яратилиши, шунингдек, мамлакатнинг глобал рақамли жараёнлардаги иштирокини янада кучайтиради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!