Полша сув тозалаш иншоотларига киберҳужумлар уюштирилди

Полша разведка хизмати мамлакатдаги бешта сув тозалаш иншоотига киберҳужумлар аниқланганини маълум қилди. Хакерлар ушбу объектлардаги саноат ускуналарини назорат остига олишга уринишган, бу эса энг ёмон сценарийда сув таъминоти хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин эди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Полша Ички хавфсизлик агентлиги ҳисоботига кўра, Россия махсус хизматлари ва хакерлари мамлакатнинг ҳарбий объектлари, энергетика тармоқлари ва транспорт тизимлари каби муҳим инфратузилмаларига қарши саботаж ҳаракатларини амалга оширмоқда. Ушбу ҳужумлар нафақат инфратузилмани издан чиқариш, балки инсонлар ҳаётига хавф солишни ҳам кўзлаган.
Худди шундай таҳдидлар АҚШда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, СИСА ва FBI маълумотларига кўра, Эрон билан боғлиқ хакерлик гуруҳлари АҚШдаги сув ва энергетика иншоотларида ишлатиладиган дастурланадиган мантиқий контроллерларга (ПЛК) фаол ҳужумлар уюштирмоқда. 2021-йилда Флорида штатидаги сув тозалаш иншоотида хакерлар кимёвий моддалар даражасини хавфли даражага кўтаришга уринган эди.
Мутахассислар фикрича, Полша ва АҚШга қаратилган бу киберҳужумлар Ғарб давлатларини беқарорлаштиришга қаратилган ягона стратегиянинг бир қисмидир. Кибержосуслик ва саботаж Россия режими учун Ғарбни заифлаштириш мақсадида фойдаланиладиган асосий қуроллардан бирига айланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!