Перовскит технологиясида ютуқ: самарадорлиги 26,25 фоизга тенг қуёш элементи

Сеул миллий университети, Корея университети ва Толедо университети олимлари янги турдаги уч ўлчамли (3D) перовскит қуёш элементини яратишди. Лаборатория синовларида ушбу элемент 26,25 фоиз самарадорликни кўрсатди ва 24 000 соатдан ортиқ хизмат қилиш муддатига эга эканлиги аниқланди. Натуре Энергй журналида чоп этилган ушбу тадқиқот кремний панелларга нисбатан арзонроқ ва самаралироқ муқобил бўлган перовскит фотоэнергетикасини ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Перовскит элементларининг асосий муаммоси уларнинг ташқи муҳит таъсирида, хусусан ёруғлик, иссиқлик ва намлик остида тез емирилишидир. Олимлар бу муаммони ҳал қилиш учун 3D ва 2Д перовскит материалларини бирлаштиришди. 3D-перовскит ёруғликни ютиш ва электр энергиясига айлантириш учун хизмат қилса, 2Д-перовскит қатлами ҳимоя вазифасини бажариб, структуранинг барқарорлигини оширади.
Тадқиқотчилар заряд йиғувчи қатламларни фаол қатламнинг икки томонига жойлаштириш орқали энергия йўқотилишини камайтиришга муваффақ бўлишди. Тажрибалар шуни кўрсатдики, 2Д ва 3D қатламларининг ўзаро таъсири материал хоссаларини яхшилайди, қиздирилганда эса 3D-структура янада тартибли ва барқарор кристалли шаклга ўтади.
Ушбу натижа перовскит технологиялари учун катта ютуқ саналади, чунки авваллари бундай элементлар жуда тез деградацияга учрар эди. Янги усул саноат миқёсида ишлаб чиқариш учун мос келади. Ҳозирда жамоа ушбу технологияни янада юқори самарадорликка эришиш учун тандем қуёш элементларида қўллаш устида изланишлар олиб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!