Сунъий интеллект бераётган маълумотларни ким назорат қилади?

Таниқли журналист ва Meta компаниясининг собиқ янгиликлар бўлими раҳбари Кемпбелл Браун сунъий интеллект технологиялари ахборот истеъмоли жараёнини тубдан ўзгартираётганини кузатиб, тарих такрорланишидан хавотирда. У ўзининг Форум AI компанияси орқали ChatGPT, Gemini каби йирик тил моделлари геосиёсат, молия ва руҳий саломатлик каби мураккаб мавзуларда қанчалик аниқ маълумот бераётганини баҳолашни мақсад қилган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Браун сунъий интеллект ишлаб чиқувчилари кўпроқ код ёзиш ва математик масалаларга эътибор қаратиб, ахборот сифати ва холислигини иккинчи даражали деб билишидан норози. Унинг таъкидлашича, ҳозирги моделлар кўпинча сиёсий тарафкашликка йўл қўймоқда ёки контекстни нотўғри талқин қилмоқда. Форум AI эса дунёнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда, сунъий интеллект ҳакамларини инсоний мезонлар асосида ўқитиш орқали ушбу муаммоларни бартараф этишга уринмоқда.
Ижтимоий тармоқлар даврида фойдаланувчи қизиқишини (энгагемент) биринчи ўринга қўйиш жамият учун салбий оқибатларга олиб келганини эслатган Браун, сунъий интеллект соҳасида бу хатони такрорламаслик кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрича, корпоратив сектор, хусусан, кредитлаш ва ишга қабул қилиш каби соҳаларда масъулиятни ҳис қилувчи бизнеслар аниқ ва холис маълумотга бўлган талабни шакллантириши мумкин.
Ҳозирги кунда мавжуд бўлган стандарт аудитлар ва текширувларни етарли эмас деб ҳисоблаган Браун, компаниялар шунчаки қоғозбозлик билан чекланмасдан, чуқур таҳлилий баҳолаш тизимларини жорий этиши шартлигини айтади. Унинг мақсади — сунъий интеллектни шунчаки фойдаланувчини жалб қилувчи восита эмас, балки ҳақиқат ва аниқликка асосланган ишончли манбага айлантиришдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!