Сунъий интеллектнинг оммавий жорий этилиши компанияларда билимлар деградациясига сабаб бўлмоқда

Замонавий бизнес оламида генератив сунъий интеллект (СИ) воситаларини оммавий равишда жорий этиш кутилган самарадорлик ўрнига жиддий тизимли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ҳарвард Бусинесс Ревиев нашри томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатадики, компаниялар инсон меҳнатига боғлиқликни камайтиришга уриниб, билимларнинг пасайиши ва иш жараёнларининг секинлашиши каби кутилмаган тўсиқларга дуч келишмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Экспертлар ушбу ҳолатни таҳлил қилар экан, бизнес лексиконида янги пайдо бўлган «воркслоп» атамасини қўллашмоқда. Бу тушунча СИ томонидан яратилган паст сифатли, текширилмаган ва иш жараёнларини тўхтатиб қўядиган контент оқимини англатади. Компаниялар технологик пойгада ортда қолмаслик учун сунъий интеллектни барча бўғинларга татбиқ этаётгани оқибатида корпоратив маълумотларнинг умумий сифати пасайиб, ходимлар ўз малакаларини йўқота бошламоқда.
Билимлар деградацияси ва ишонч инқирози
Ҳарвард Бусинесс Ревиев маълумотига кўра, муаммонинг негизида занжирли реакция ётади: ходимлар иш материалларини тайёрлашда ChatGPT каби моделлардан фойдаланади, бироқ бу контент кўпинча хатоликлар ёки «галлюцинациялар» билан тўла бўлади. Натижада, ҳамкасблар ўша материалларни текшириш учун қўшимча вақт сарфлашга мажбур бўлишади. Бу эса ички маълумотларга бўлган ишончнинг пасайишига ва йиллар давомида тўпланган корпоратив тажрибанинг қадрсизланишига олиб келади.Ҳозирда кўплаб ташкилотларда фақат СИ томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатиш билан шуғулланадиган алоҳида штат бирликлари пайдо бўлмоқда. Бу эса автоматлаштириш орқали эришилиши кутилган иқтисодий фойдани йўққа чиқаради. Ходимлар нафақат технологияга, балки маълумотлар ўтадиган бутун иш жараёнига шубҳа билан қарай бошлаганлар, бу эса жамоавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Меҳнат бозори ва кадрлар танлови
СИ таъсири меҳнат бозорини ҳам четлаб ўтмаяпти. Номзодлар ва иш берувчилар ўртасидаги мулоқот автоматлаштирилган босқичлар туфайли сунъийлашиб бормоқда, бу эса ҳар икки томоннинг кутувларини бузиб кўрсатади. Натижада, муносиб мутахассисларни танлаб олиш жараёни мураккаблашиб, хатоликлар эҳтимоли ортиб бормоқда.Тадқиқотчилар ушбу инқироздан чиқиш учун қуйидаги тавсияларни илгари сурмоқдалар:
- Генератив сунъий интеллектни барча босқичларда эмас, балки фақат ҳақиқий қиймат қўшадиган аниқ вазифаларда қўллаш;
- Оммавий ва очиқ моделлардан кўра, компаниянинг ички маълумотларига ўргатилган ихтисослашган тизимлардан фойдаланиш;
- СИ томонидан яратилган ҳар бир маълумотни мажбурий текшириш тизимини жорий этиш;
- Ходимларнинг танқидий фикрлаш қобилиятини сақлаб қолиш учун билим алмашишнинг анъанавий усулларини қўллаб-қувватлаш.






























Изоҳлар 0
…