Хитойнинг Яоган-50 (02) сунъий йўлдоши орбитада парчаланиб кетди

Космосда яна бир йирик техноген ҳодиса қайд этилди. Жорий йилнинг март ойида коинотга учирилган Хитойнинг Яоган-50 (02) сунъий йўлдоши номаълум сабабларга кўра камида 43 та бўлакка бўлиниб кетди. Ушбу ҳолат сайёрамиз атрофидаги орбитада мавжуд бўлган космик чиқиндилар муаммосини яна бир бор кескин кун тартибига олиб чиқди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
ixbt.com маълумотига кўра, мазкур космик аппаратнинг парчаланиши АҚШ Космик кучларининг 18-космик мудофаа эскадриляцияси томонидан расман каталоглаштирилди. Ҳозирги вақтда ҳалокатнинг аниқ сабаблари номаълим бўлиб қолмоқда. Мутахассислар двигател ёки аккумулятор батареясининг ишдан чиққани ёхуд бошқа космик объект билан тўқнашув содир бўлганини эҳтимолий сабаб сифатида кўриб чиқишмоқда.
Ноодатий орбита ва унинг хавфлари
Қулаган аппарат 15-март куни Тайюан космодромидан Лонг Марч 6A ракетаси ёрдамида ноёб ҳисобланган кучли ретроград орбитага чиқарилган эди. Бундай орбитада сунъий йўлдош Ернинг айланиш йўналишига қарши ҳаракатланади. Гарчи бу усул кўпроқ энергия талаб қилиб, ракета фойдали юкини камайтирса-да, аппаратга Ер юзасига нисбатан тезроқ ҳаракатланиш ҳамда ўрта кенгликларни, жумладан Хитой ҳудудини тез-тез кузатиш имконини берарди.Ҳозирда ҳосил бўлган юзлаб бўлаклар 600 дан 1100 километргача бўлган баландликдаги орбита бўйлаб сочилиб кетган. Ушбу баландликда атмосфера қаршилиги деярли сезилмайди. Шу сабабли, ҳосил бўлган космик чиқиндилар коинотда ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолиб, бошқа амалдаги сунъий йўлдошлар учун жиддий хавф туғдириши кутилмоқда.
Космик чиқиндиларнинг глобал муаммоси
Хитой томони ҳозирча ҳодиса юзасидан оммавий баёнот бермаган бўлсада, мамлакатнинг Спасемаппер космик объектлар каталогида ушбу аппарат билан боғлиқ тўртта фрагмент аллақачон қайд этилган. Бу Хитой кузатув воситалари ҳам мазкур аварияни фиксациялаганини англатади. Гарчи КАСК корпорацияси Яоган туркумидаги қурилмаларни қишлоқ хўжалиги ва табиий офатларни бартараф этиш учун мўлжалланган деб атаса-да, ғарбий таҳлилчилар уларнинг айримлари ҳарбий разведка мақсадларида ҳам ишлатилишини тахмин қилишади.Мутахассисларнинг таъкидлашича, коинотдаги чиқиндилар муаммоси аллақачон алоҳида авариялар кўламидан чиқиб кетган. Бугунги кунда орбитада ўлчами 10 сантиметрдан ошадиган 54 000 га яқин объект кузатиб борилади. Уларнинг атиги 9300 таси ишлайдиган аппаратлардир. 1 дан 10 сантиметргача бўлган кичик фрагментлар сони 1,2 миллионни, 1 миллиметрдан 1 сантиметргача бўлган заррачалар эса 140 миллионни ташкил қилади.






























Изоҳлар 0
…