Коинотда юлдузлар нима сабабдан 2,5 баробар секинроқ туғилмоқда?

Коинотда юлдузлар нима сабабдан 2,5 баробар секинроқ туғилмоқда?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Хитой Фанлар академияси олимлари бошчилигидаги халқаро астрономлар гуруҳи коинотда юлдуз ҳосил бўлиш суръати сўнгги 4,5 миллиард йил давомида қарийб 2,5 баробар камайганини аниқлади.
  • Нейтрал водород захираси атиги 1,4 мартагагина пасайганига қарамай, юлдузлар ҳосил бўлиш жараёни секинлашган, бу эса барион сиклидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Хитой Фанлар академияси олимлари бошчилигидаги халқаро астрономлар гуруҳи сўнгги 4,5 миллиард йил давомида нейтрал водород захираларини кенг миқёсда ўлчаб, фанга кутилмаган натижаларни тақдим этди. Ixbt.com маълумотига кўра, мазкур давр мобайнида коинотда юлдуз ҳосил бўлиш суръати қарийб 2,5 баробар камайган, бироқ молекуляр водород ва кейинчалик юлдузларни шакллантирувчи асосий «ёнилғи» — нейтрал атом водородининг зичлиги атиги 1,4 мартагагина пасайган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Мазкур улкан тадқиқотни амалга оширишда иккита қудратли илмий воситадан фойдаланилди. Уларнинг биринчиси Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида жойлашган, диаметри 500 метр бўлган дунёдаги энг йирик FAST радиотелескопи бўлиб, у 21 сантиметр тўлқин узунлигидаги нурланишни қайд этган. Иккинчиси эса Американинг Аризона штатидаги Николас Меёлл телескопида ишлайдиган ДEСИ спектроскопик лойиҳасидир. Ушбу асбоблар биргаликда қарийб 2,5 миллион галактика бўйича маълумотларни тўплаб, осмоннинг учдан бир қисмини қамраб олди.

Ёқилғи етарли, аммо «ишлаб чиқариш» тўхтамоқда

Илмий жамоатчиликдаги мантиқий тахминга кўра, юлдузлар совуқ молекуляр водород булутларидан пайдо бўлади, у ўз навбатида нейтрал водороддан ҳосил қилинади. Демак, захира тугаши билан жараён ҳам якунланиши керак эди. Бироқ FAST ва ДEСИ телескоплари тўплаган маълумотлар бу қонуниятни инкор этди. Нейтрал водород захиралари амалда етарлича сақланиб қолганига қарамай, юлдузлар фабрикасининг ишлаши секинлашган.

Тадқиқот раҳбарларидан бири Хун Гонинг таъкидлашича, олимлар кузатган жараён коинотнинг сўнгги босқичидаги пасайиш фазасини қамраб олади. Тахминан 10 миллиард йил муқаддам — юлдузлар пайдо бўлишининг чўққиси бўлган «космик туш» давридан буён кўрсаткичлар тушиб бормоқда. Шунга қарамай, мавжуд нейтрал водород ва кескин камайиб бораётган юлдуз ишлаб чиқариш ўртасидаги мутаносиблик илмий изоҳ талаб қилади.

Барион сиклининг аҳамияти

Олимларнинг фикрича, бу ҳолатнинг туб илдизлари барион сиклига бориб тақалади. Барион сикли оддий моддаларнинг галактикалар ва галактикалараро муҳит ўртасидаги айланиш жараёни ҳисобланади. Моддалар коинот тўридан галактикага тортилиб, унинг бир қисми юлдузларга айланади, бошқа қисми эса ўта янги юлдузлар чақнаши ҳамда юлдуз шамоллари орқали қайта чиқариб юборилади.

Муаллифларнинг тахминига кўра, коинот қариши билан йирик миқёсдаги тўрдан келадиган газ оқими заифлашади. Нейтрал водороднинг умумий захираси барқарор қолгани билан, унинг молекуляр газга айланиш самарадорлиги пасаяди. Натижада захиралар ҳали тугамаган бўлса-да, аллақачон юлдузларга сарфланган газ ўрни тўлдирилмайди ва жараён аста-секин турғунлашади.

Ҳозирча олинган натижалар ўтган даврнинг тўлиқ тарихини эмас, балки сўнгги коинотнинг муайян бир лаҳзасини акс эттиради. FAST телескопи тахминан 7,2 миллиард йил ортга назар ташлай олиши мумкин, бироқ бундан ҳам олдинги даврларни ўрганиш учун турли диапазонлардаги чуқур таҳлиллар талаб этилади. Мазкур тадқиқот келгусидаги улкан коинот тарихи кашфиётлари учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар