Дўконда маст бўлиб ухлаб қолган енот хайрия юлдузига айланди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШнинг Виржиния штатида спиртли ичимликлар дўконига кириб, 14 та шишани синдирган ва маст ҳолда ухлаб қолган енот интернет юлдузига айланиб, ҳайвонлар бошпанаси учун 290 минг доллардан ортиқ маблағ тўпланишига сабаб бўлди.
- 2025 йил 29 ноябр куни Эшленд шаҳрида содир бўлган ушбу воқеадан сўнг, ҳайвоннинг сурати туширилган кийим-кечак ва сувенирлар савдоси йўлга қўйилди.
АҚШнинг Виржиния штатидаги спиртли ичимликлар дўконига кириб, 14 та шишани синдирган ва ҳожатхона ёнида ухлаб қолган енот интернет юлдузига айланди. Унинг сурати туширилган кийим-кечак ва сувенирлар савдоси орқали бир йилга яқин вақт ичида ҳайвонлар бошпанаси учун 290 минг доллардан ортиқ маблағ тўпланди.
Воқеа 2025 йил 29 ноябрь куни Эшленд шаҳрида содир бўлган. Дўкон ходими эрталаб келганида, синган шишалар ва тўкилган ичимликлар орасида, ҳожатхона ёнида беҳуш ҳолатда ётган енотни кўрган. Ҳайвон дўконга шифтдаги плиталардан бири орқали тушиб, спиртли ичимликлар сақланадиган жавонларни ағдариб юборган. У ром, виски, ароқ ва бошқа ичимликларни татиб кўрган бўлиши мумкин.
Енотни ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизмати ходимлари олиб кетган. Бир неча соат дам олгач, у ўзига келган ва жароҳат олмагани аниқланган. Шундан сўнг ҳайвон дўкондан тахминан 1,5 километр узоқликдаги табиий муҳитга қўйиб юборилган.
Унинг ҳожатхона ёнида ухлаб ётган сурати ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, енотни машҳур қилиб юборди. Шундан кейин Виржиния штатидаги Хановер округи ҳайвонларни ҳимоя қилиш ва бошпана хизмати кийим-кечак ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорликда «Trashed Panda» ёзуви туширилган футболка, худи, бош кийим, кружка ва стикерларни сотувга чиқарди.

Маҳсулотларга бўлган талаб юқори бўлгани сабабли кейинчалик ёзги ва Ҳеллоуин байрамига бағишланган махсус дизайнлар ҳам тайёрланди. The Washington Post нашрининг 2026 йил 12 ноябрдаги хабарига кўра, бир йилга яқин вақт ичида ушбу савдодан 290 минг доллардан ортиқ маблағ тушган. Бу бошпананинг одатдаги йиллик хайрия маблағларидан анча кўп — муассаса бир йилда 20 минг доллардан кам хайрия олар эди.
Тўпланган маблағнинг бир қисми ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизмати ходимлари учун боди-камералар харид қилишга йўналтирилади. Бу қурилмалар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат ҳолатларини текшириш ва далилларни қайд этишда ёрдам беради. Қолган маблағнинг тахминан 140 минг доллари эса жароҳатланган ҳайвонларни даволаш учун фавқулодда ёрдам жамғармасини ташкил этишга сарфланиши мумкин.
Шундай қилиб, бир кечалик «саргузашти» билан машҳур бўлган енот кутилмаганда юзлаб ҳайвонларга ёрдам беришга ҳисса қўшди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…