Кунг-фу устаси робот автомобилни пачоқ қилди (видео)

Кунг-фу ҳаракатларини бажара оладиган робот автомобилни уриб, кузовини пачоқ қилди. Хавотирга ўрин йўқ — бу роботнинг назоратдан чиқиб кетгани эмас, балки унинг имкониятларини намойиш этувчи видеодир. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
Хитойнинг Unitree Robotics компанияси қўриқлаш ва фавқулодда вазиятларда ёрдам бериш учун мўлжалланган H2-X Kung Fu Legend Guardian номли одамсимон роботини тақдим этди.
Компания эълон қилган видеода робот автомобил томига сакраб чиқиши, орқага сальто бажариб ерга тушиши, сўнг машина эшигига мушт ва тепки билан зарба бериб, унинг кузовини шикастлаши акс этган. Робот, шунингдек, баландликдан сакраш, ҳавода айланиш ва бошқа мураккаб акробатик ҳаракатларни ҳам бажарган.
H2-X’нинг имкониятлари фақат жанговор ҳаракатлар билан чекланмайди. Тақдимот видеосида роботнинг қуролланган ҳужумчига қарши туриши, автоҳалокатда автомобилнинг олд қисмини кўтариб, унинг остида қолган одамни қутқаришга ёрдам бериши каби саҳналар ҳам бор. Бироқ бу лавҳалар намойиш видеосининг бир қисми бўлиб, роботнинг бундай вазиятларда мустақил ҳаракат қилиши ҳозирча тасдиқланмаган.
Компания маълумотига кўра, робот бир марта қувватланганда тик турган ҳолатда саккиз соатгача ишлаши мумкин. Бу кўрсаткич узлуксиз кунг-фу ҳаракатларини бажариш вақтини англатмайди.
H2-X’нинг нархи ва сотувга чиқиш санаси ҳозирча эълон қилинмаган.






























Изоҳлар 0
…