Анордан ташқари антиоксидантларга бой 10 та маҳсулот

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Организмда оксидловчи стрессга қарши курашувчи антиоксидантлар анордан ташқари қора бузина, артишок, қора маймунжон, қаҳва, қулупнай, қора шоколад, малина, қизил вино, олма ва исмалоқ каби маҳсулотлар таркибида ҳам мавжуд.
- Ушбу маҳсулотлар ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилувчи турли бирикмалар, жумладан, антоцианлар, витаминлар ва флавоноидларга бой.
Анор антиоксидантларга бой мевалардан бири ҳисобланади. Аммо организмни оксидловчи стресс таъсиридан ҳимоя қилишга ёрдам берувчи моддалар бошқа кўплаб маҳсулотларда ҳам мавжуд. Қора малина, қулупнай, қорағатдош мевалар, исмалоқ, қаҳва ва қора шоколад шулар жумласидан. Уларнинг таркибида ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилишда иштирок этадиган турли бирикмалар бор, деб хабар беради MSN сайти.
Анор таркибида пуникалагинлар, флавоноллар, антоцианлар ва С витамини мавжуд. Бу моддалар антиоксидант хусусиятларга эга. Бироқ шундай бирикмаларни бошқа мева-сабзавотлардан ҳам олиш мумкин. Қуйида антиоксидантларга бой бўлган 10 та маҳсулот келтирилган.
1. Қора бузина меваси
Қора бузина тўқ бинафша ранги билан ажралиб туради. Унинг таркибида антоцианлар бор. Бу бирикмалар ҳужайраларни оксидланиш жараёнидаги зарарланишдан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Аммо хом бузина мевасини истеъмол қилиш хавфли бўлиши мумкин. Шу сабабли уни фақат пиширилган ҳолда ейиш керак.
2. Артишок
Артишок С витамини, синарин ва хлороген кислотаси каби антиоксидант бирикмалар манбаи ҳисобланади. Унда бошқа озиқ моддалар ҳам мавжуд. Артишокни таомлар ва салатларга қўшиб истеъмол қилиш мумкин.
3. Қора маймунжон
Қора маймунжон таркибида С ва Е витаминлари, антоцианлар, эллаг кислотаси ҳамда кверцетин бор. Бу бирикмалар антиоксидант хусусиятларга эга. Мевада тола ҳам мавжуд бўлиб, у кундалик овқатланиш учун фойдали танловлардан бири саналади.
4. Қаҳва
Қаҳва кўпчилик учун кундалик антиоксидант манбаларидан бири ҳисобланади. Унинг таркибида полифеноллар, хусусан, фенол кислоталари бор. Қаҳва истеъмоли айрим тадқиқотларда мия саломатлиги ва баъзи сурункали касалликлар хавфининг камайиши билан боғланган. Бироқ қаҳва миқдорини меъёрда сақлаш, айниқса кофеинга сезгир одамлар учун муҳим.
5. Қулупнай
Қулупнай антоцианлар, эллаг кислотаси ва С витаминига бой. Шунингдек, унда тола, марганец ва фолат мавжуд. Уни янги ҳолда, мева салатлари ёки бошқа таомлар таркибида истеъмол қилиш мумкин.
6. Қора шоколад
Қора шоколад таркибида какао флаваноллари, жумладан, катехин, эпикатехин ва процианидинлар учрайди. Ушбу бирикмалар юрак-қон томир тизими саломатлигига эҳтимолий ижобий таъсири нуқтаи назаридан ўрганилган. Аммо шоколад танлашда какао миқдорига ва таркибидаги шакарга эътибор бериш керак.
7. Малина
Малина антоцианлар ва эллагитаннинларга бой. Бу моддалар оксидловчи стрессга қарши курашишда иштирок этади. Лаборатория ва ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда улар ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилиш хусусиятини кўрсатган. Инсон саломатлигига таъсирини аниқлаш учун эса қўшимча тадқиқотлар зарур.
8. Қизил вино
Қизил винода ресвератрол ва катехинлар каби антиоксидант бирикмалар мавжуд. Улар юрак саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда ўрганилган. Бироқ бу қизил вино ичиш соғлиқ учун фойдали дегани эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти спиртли ичимликларнинг хавфсиз истеъмол миқдори мавжудлигини тасдиқловчи далиллар йўқлигини билдирган. Шу сабабли антиоксидант олиш мақсадида алкоголь истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
9. Олма
Олма таркибида хлороген кислотаси ва кверцетин каби флавоноидлар бор. Антиоксидант бирикмаларнинг катта қисми мева пўстида ҳам учрайди. Шунинг учун олмани яхшилаб ювиб, пўсти билан истеъмол қилиш мумкин.
10. Исмалоқ
Исмалоқ лютеин ва зеаксантин манбаи ҳисобланади. Бу антиоксидантлар кўз саломатлигини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Исмалоқ таркибида нитратлар ҳам бор, улар қон айланиши ва қон босимини меъёрда сақлаш жараёнларига ёрдам бериши мумкин.
Мутахассислар антиоксидантларни фақат битта маҳсулотдан олишга уринмасдан, турли мева-сабзавотлар, ёнғоқлар ва дон маҳсулотларини рационга киритишни тавсия қилади. Чунки ҳар бир маҳсулотдаги фойдали бирикмалар турлича. Антиоксидантларни озиқ-овқат орқали олиш эса уларни қўшимчалар шаклида қабул қилишдан кўра мақбулроқ ҳисобланади.































Изоҳлар 0
…