Ҳеч нарса қилмаслик мияга фойда келтирадими? Олимлар жавоб берди

Ҳеч нарса қилмай дам олиш вақтни беҳуда сарфлашдек туюлиши мумкин. Аммо олимлар бу пайтда ҳам мия фаол ишлашда давом этишини таъкидламоқда.
fMRI (функционал магнит-резонанс томографияси) орқали ўтказилган тадқиқотларга кўра, инсон ҳеч қандай аниқ вазифани бажармаётганида ҳам мия фаоллигини тўхтатмайди. Аксинча, у олдин олинган маълумотларни қайта ишлайди, хотираларни тартибга солади ва турли тажрибалар ўртасида янги боғланишлар ҳосил қилади. Бу жараён нейробиологияда Default Mode Network (DMN) — яъни "стандарт фаоллик тармоғи" деб аталади.
Мутахассисларнинг айтишича, инсоннинг энг яхши ғоялари кўпинча душ қабул қилаётганда, сайр пайтида ёки шунчаки бир нуқтага қараб ўтирганида пайдо бўлади. Бу айнан DMN фаоллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Олимлар таъкидлашича, қисқа муддатли дам олиш ва диққатни вақтинча бўшатиш янги ўрганилган маълумотларни хотирада мустаҳкамроқ сақлашга, ижодий фикрлашни ривожлантиришга ҳамда муаммоларга янгича ечим топишга ёрдам беради.
Бироқ бу умуман ҳаракатсизлик ёки узоқ вақт бекорчилик қилиш фойдали дегани эмас. Мутахассислар мия соғлом ишлаши учун меҳнат ва дам олиш ўртасидаги мувозанатни сақлаш, сифатли уйқу ва мунтазам жисмоний фаоллик ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.






























Изоҳлар 0
…