Д витаминининг сўрилишига тўсқинлик қилувчи 5 омил

Д витамини суяклар мустаҳкамлиги, иммунитет ва мушаклар фаолияти учун муҳим ҳисобланади. Бироқ айрим ҳолатларда организм уни етарли миқдорда қабул қилса ҳам, сўрилиши ёки ўзлаштирилиши бузилиши мумкин. Мутахассислар бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлишини таъкидлайди.
1. Ёғларни ёмон сўрилиши
Д витамини ёғда эрувчи витамин ҳисобланади. Ичакларда ёғларнинг сўрилиши бузиладиган касалликлар (целиакия, Крон касаллиги, панкреатит ёки ўт пуфаги билан боғлиқ муаммолар) Д витамини ўзлаштирилишини ҳам камайтиради.
2. Ортиқча вазн ва семизлик
Семизликда Д витамини ёғ тўқималарида кўпроқ тўпланиб қолади. Натижада унинг қон таркибидаги фаол миқдори камаяди ва организм ундан тўлиқ фойдалана олмайди.

3. Айрим дори воситалари
Баъзи дорилар Д витамини алмашинувига салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, эпилепсияга қарши препаратлар, глюкокортикоидлар, айрим замбуруғларга қарши дорилар ҳамда вазн камайтириш учун қўлланадиган орлистат препарати Д витамини даражасини пасайтириши мумкин.
4. Жигар ва буйрак касалликлари
Д витамини организмда фаол шаклга айланиши учун аввал жигар, кейин эса буйракларда қайта ишланади. Ушбу аъзолар фаолияти бузилганда витаминнинг биологик фаоллашуви ҳам издан чиқади.
5. Уни нотўғри қабул қилиш
Д витамини ёғ билан бирга истеъмол қилинганда яхшироқ сўрилади. Уни оч қоринга ёки мутлақо ёғсиз овқат билан қабул қилиш самарадорлигини пасайтириши мумкин. Шунингдек, шифокор тавсиясисиз дозани ўзбошимчалик билан ошириш ҳам тавсия этилмайди.































Изоҳлар 0
…